Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Малайзия Парламенти Спикери Муҳаммад Ариф бин Муҳаммад Юсуф оила аъзолари билан Самарқандга келди

Малайзия Парламенти Спикери Муҳаммад Ариф бин Муҳаммад Юсуф оила аъзолари билан Самарқандга келди

Малайзия Парламенти Спикери Муҳаммад Ариф бин Муҳаммад Юсуф 29 декабрь куни оила аъзолари билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Шу ерда муҳаддислар султони ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг меҳмонлар халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб, бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, илмий-тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

 

Марказ музей фондидан ўрин олган турли экспанатлар, Имом Бухорий асарларининг нусхалари, мусаввирлик ишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ташриф давомида меҳмонларга Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар тўғрисида сўзлаб берилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзиядаги турдош муассасалар ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари тўғрисида маълумот берилди.

Малайзия Парламенти спикери ўзаро мулоқотда Ўзбекистонга саёҳати давомида кўплаб қурилиш ва бунёдкорлик ишларини гувоҳи бўлгани ҳақида гапирар экан, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

– Мазкур халқаро илмий-тадқиқот марказини кўриб, бениҳоя хурсанд бўлдим. Юртингизда илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, соҳага қаратилаётган бундай эътибор келгусида албатта ўз самарасини беради. Барча қулайликларга эга ушбу Марказнинг бунёд этилгани Президентингизнинг аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганишга, айниқса, Имом Бухорий шахси ва илмий меросига чуқур ҳурмати деб биламан. Марказнинг Малайзия университетлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатгани қувонарлидир. Келажакда бу илмий алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш шарт деб ўйлайман. Негаки, Малайзия миллий кутубхонаси вабошқа турдош муассасаларда ҳам кўплаб нодир асарлар сақланади. Уларни ҳамкорликда ўрганиш эса, икки мамлакат илм аҳли учун манфаатли бўлади.

Мен албатта, ушбу Марказга расмий ташриф билан келаман, -деди Малайзия Парламенти спикери Муҳаммад Ариф бин Муҳаммад Юсуф.

Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанднинг бошқа диққатга сазовор жойларини ҳам томоша қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …