Иккинчи ижозатнома тармоғида Имом Мотуридийнинг исми айтилмаган бўлса-да, биз ушбу тармоққа мансуб бўлган ва Салжуқийлар ҳукмронлик қилган вақт мобайнида яшаган олимларнинг ҳам Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна имоми сифатида эътироф этганликларини аниқладик. Бошқача қилиб айтганда, ҳар иккала тармоқда ҳам ижозат силсиласи салжуқийлар даврига келиб айни бир хил шахсларда бирлашмоқда. Шунинг учун бу ерда иккинчи тармоқни ҳам келтиришни ўринли деб топдик:
- Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (189/804)
- Абу Ҳафс Кабир Аҳмад ибн Ҳафс (217/832)
- Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳафс (264/874)
- Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ҳарисий Калобозий (340/951)
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий (381/991)
- Абу Али Ҳусайн ибн Хизр ибн Муҳаммад Насафий (424/1032)
- Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Шамсул аимма Ҳалвоний Бухорий (448/1050)
- Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Саҳл Аҳмад Шамсул аимма Сарахсий (483/1090)
- Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим Фахрул ислам Абул Йуср Паздавий (493/1099)
- Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий (537/1142)
- Али ибн Абу Бакр Марғиноний (593/1196)
- Муҳаммад ибн Абдусаттор ибн Муҳаммад Шамсул аимма Кардарий (642/1244).
Кўриниб турибдики, ҳанафий фақиҳларининг Самарқанд Ижозатнома тармоғида келтирилган 15, 16, 17 ва 18-ўринлардаги олимлар ва Бухоронинг Ижозатнома тармоғидаги 17, 18, 19 ва 20-сонли олимлар айни шахслардир. Бу ижозатнома силсиласида келтирилган ҳанафий олимлар Салжуқийлар давридан эътиборан Имом Мотуридийни ҳам фақиҳ, ҳам Аҳли сунна вал жамоанинг имоми сифатида қабул қилиб, тақдим этган олимлардир. Дарҳақиқат, бу олимлардан бири Абу Йуср Паздавийниннг “Усулуд дин” номли асарида: “Абу Ҳанифа усул ва фуруъда бизнинг имомимиз ва мазҳаббошимиз”[1], деб келтирса, бошқа бир жойида Аллоҳ таолонинг Таквин (яратиш) сифати ҳақидаги мавзуни тушунтираётиб, қуйидагиларни ёзади:
“Бу масалани шайх Абу Мансур Мотуридий зикр қилган ва Аҳли сунна вал жамоа амалда бўлган бу мазҳабни “Яратиш яралмишдан бошқадир, яратиш ҳодис (кейин пайдо бўлган сифат) эмас, балки азалийдир”, деб тузатиб, тўғрилаб қўйган. У Ашъарийдан кўра устунроқдир. Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларининг мазҳаби айнан ана шудир”[2].
Шунингдек, Нажмиддин Умар Насафий ҳам “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида Имом Мотуридийни “икки фирқа (ҳанафий мутакаллимлари ва фақиҳлари – О.М.) раҳбари, имом, фозил, тақво эгаси, муфтий, мунозарачи, Дорул Жузжонийяда дарс берган буюк устоз, фиқҳ ва назар (мунозара) илмлари бўйича юқори даражадаги олим”[3] деб қайд этган. Демак, Салжуқийлар давридан эътиборан деярли барча ҳанафий фақиҳлари Имом Мотуридийни буюк имом сифатида қабул қилганлар ҳамда ҳанафий- мотуридийлик йўлини маҳкам тутганлар.
- Ҳанафий уламолари Имом Мотуридий асарларини ўргатиш билан бир қаторда, унинг қарашларига мувофиқ қимматли асарларни ёзиш ва ўқитиш орқали мотуридийлик ғояларини тарқатишга ҳаракат қилишди.
Ҳанафий олимлари ўз шогирдларига Имом Мотуридий асарларини ўқитиш билан чекланмай, балки улардан баъзилари Мотуридий қарашларига мувофиқ қимматли асарлар ёзди. Шу тариқа Мотуридийнинг қарашларини бир тизимга солиш ҳаракатида бўлишди[4]. Мисол учун, Абул Муъин Насафийнинг “Табсиратул адилла” асари ўрганилганида, унда Мотуридий исмининг мақталгани ва унинг қарашлари ёритилганини кўришимиз мумкин[5]. Бундан ташқари, Имом Насафийнинг “Табсиратул адилла”си Имом Мотуридийнинг “Китобут тавҳид”идан кўра, тили осон ва тушунарлироқдир[6].
- Ҳанафий уламолари ўз шогирдларига мотуридийлик ва ҳанафийликнинг асосий манбаларини баравар ўргатишган.
Ҳанафий фақиҳларининг буюкларидан бири бўлган Абул Ҳасан Марғиноний бир томондан Имом Насафийнинг “Табсиратул адилла” асарини эътибор билан ўқитган бўлса, бошқа томондан ўз шогирдларига ҳанафий фиқҳига доир энг қимматли манба “Ал-Ҳидоя”ни ўргатган. Улардан кейин келган баъзи ҳанафий уламолар ҳам айни шаклда “Табсиратул адилла” ва “Ал-Ҳидоя”ни биргаликда ўқитишган. Дарҳақиқат, Сулаймония кутубхонасининг Фотиҳ бўлимида 2907 рақами остида ва Боязид бўлимида 3063 рақами остида сақланаётган “Табсиратул адилла” асари қўлёзма нусхаларининг бошида “Табсиратул адилла”ни ўқитганларнинг ижозат санадининг келтирилиши бунга яққол мисол бўла олади. Ижозат санадининг аҳамиятини қуйида кўрсатиб ўтамиз:
“Шайх Имом Сайф Ҳақ Муъин Насафий (508/1114), Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандий (539/1144), Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Носир Абдулазиз Нусухий Самарқандий (тахм. 570/1179), Абул Ҳасан Али ибн Абу Бакр Абдулжалил ибн Халил Риштоний Марғиноний (593/1196), Муҳаммад ибн Абдусаттор Муҳаммад Аммодий Кардарий (643/1245), Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Наср Бухорий (615-693/1218-1293), Алоуддин Абдулазиз Бухорий (730/1329), “Ал-Ҳидоя”ни шарҳлаган Сирожиддин Умар ибн Али (776/1365) ва “Ал-Ҳидоя”ни ўқитувчиси сифатида машҳур бўлган Камолиддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид (827/1423)[7].
Кўриниб турибдики, Насафийнинг “Табсиратул адилла”си ижозат йўли орқали ўқитган олимлардан тўртинчи киши – таниқли ҳанафий фиқҳ китоби “Ал-Ҳидоя”нинг муаллифи Абул Ҳасан Марғинонийдир. Юқорида келтирилган силсилавий ёзувлардан аён бўлишича, Марғинонийдан эътиборан “Табсиратул адилла”ни ўқитган узтозлар айни вақтда “Ал-Ҳидоя”ни ҳам ўқитишган. Шунингдек, Сирожиддин Умар ибн Али “Табсиратул адилла” ва “Ал-Ҳидоя” асарларини ўқитибгина қолмай, балки Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарига шарҳ ҳам ёзган. Яна Камолиддин Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳамид ҳам ушбу икки асарни ўқитишдан ташқари “Ал-Ҳидоя”нинг машҳур ўқитувчиси сифатида тарих зарварақларига муҳрланди[8].
Юқоридаги рўйхатда зикр этилган ҳанафий уламоларидан яна бири – Алоуддин Самарқандий ҳам фақатгина “Табсиратул адилла”ни ўқитиш билан чекланиб қолмаган, балки Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” асарига шарҳ ёзган. У “Шарҳу таъвилотул Қуръон” номи билан машҳур бўлган бу асарининг кириш қисмида, Имом Мотуридий тафсири ҳақида қуйидагиларни келтиради: “Бу китоб – тавҳид асослари соҳасида Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг, усулул фиқҳ ва фуруъул фиқҳ соҳаларида Абу Ҳанифа ва унинг издошлари амал қилган мазҳабнинг Қуръонга уйғунлигини баён этган улкан китобдир[9]. У шунингдек, ҳанафий фиқҳи ва усулига доир ёзган “Мийзонул усул ъан натоижил ъуқул” асарида ҳам Имом Мотуридийни ҳам “Аҳли суннанинг раиси”[10], ҳам “Мовароуннаҳр-Самарқанд ҳанафий фиқҳ мактабининг раиси”[11] деб эътироф этган.
Бундан шу нарса аён бўладики, Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя”сидан олдин Насафийнинг “Табсиратул адилла”си билан бир қаторда яна бир таниқли ҳанафий-мотуридий олими Алоуддин Самарқандийнинг фиқҳга доир “Мийзонул усул”и ўқитилган. Ўша даврларда “Табсиратул адилла” ва бошқа ҳанафий фиқҳ китобларини бирга ўқиган ҳанафий уламолар бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.