Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ алломанинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра, Имом Мотуридийнинг насаби улуғ саҳоба Абу Айюб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун у зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.
Имом Мотуридийнинг туғилган йиллари ҳақида тарихий манбаларда қатъий маълумот йўқ, лекин тақрибий ёки тахминий саналар берилган. Масалан, унинг Аббосий халифалардан Мутаваккил (232-247 ҳ.) даврида яшаганлари аниқ. Яна Муҳаммад ибн Муқотил Розий (ваф. 248 ҳ.) ва Нусайр ибн Яҳё Балхий (ваф. 268 ҳ.) каби устозларидан сабоқ олганликлари назарда тутилса, Шайхнинг таваллудлари ҳижрий 240 сана атрофига тўғри келишини тахмин қилиш мумкин.
Лекин бошқа манбада, аниқроғи “Ислом” қомусида туғилган йиллари 870 милодий йил деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йилда таваллудларининг 1130 йиллиги нишонланди. Бу ҳисобга кўра, Шайх таваллудлари ҳижрий 257 йилга тўғри келади.
Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлган ушбу зотнинг туғилган санаси бу қадар ноаниқ бўлиши, ҳатто вафот этган саналарида ҳам ихтилофлар борлиги тўғрисида кўплаб сабаблар айтилган. Мазкур сабабларнинг энг асосийси бу зотнинг ўша пайтдаги аббосийлар давлати маркази бўлган Бағдоддан узоқда яшаганлари ҳисобланади.
Вафот этган саналари тўғрисидаги маълумотларнинг энг ишончлиси ҳижрий 333 йил ҳисобланади. Бу милодий сана бўйича 944 йилга тўғри келади. Имом Мотуридий Самарқанддаги “Чокардиза” қабристонига дафн этилган.
Мотуридия уламоларининг энг машҳурларидан бири Абул Муин Насафий (438-508ҳ./1046-1114м.) ўзининг “Табсиратул-адилла” китобида шундай ёзадилар: “Абу Мансур Мотуридий вафот этганларида яқин шогирдларидан бири Абул Қосим Ҳаким унинг қабр тошига қуйидаги битикни ёздирган экан: “Бу қабр нафаслари миқдоридаги илмларни ўзида жам этган, бор кучини шу илмларни тарқатиш ва ўргатиш билан тугатган, бас, шунинг учун диний асарлари мақтовга сазовор бўлган ва ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотнинг қабридир”.
Имом Мотуридий қуйидаги устозлардан таълим олган:
1.Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
2.Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
3.Нусайр ибн Яҳё Балхий;
4.Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.
Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак, шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:
-Имом Абу Ҳанифа;
-Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;
-Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;
-Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;
-Имом Мотуридий.
Имом Мотуридий фиқҳда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.
Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб илмий унвонлар берилган:
-Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи имом);
-Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);
-Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);
-Роису аҳли сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);
-Носирус сунна ва қомиъул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);
-Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (аҳли сунна ақидалари асосчиси).
-Қудвату аҳли сунна (Аҳли сунна пешвоси);
-Рабибу аҳли сунна (Аҳли сунна вал жамоа тарбиясини олган);
-Ал-Имом аз-Зоҳид (Дунёни тарк этган имом);
-Аш-Шайх ал-Имом ва ҳоказо.
Уламолар Имом Мотуридийни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганларини баён қилганлар. Улар: ақоид, усулул фиқҳ ва тафсир.
Имом Мотуридий ақоид йўналиши бўйича кўплаб мақолалар, раддиялар ва “Тавҳид” номли китоб ёзган.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро, бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.
Тафсир йўналиши бўйича “Таъвилоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.
Имом Мотуридий ўзининг “Таъвилоту аҳли сунна” номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб қувватлаган.
Имом Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли сунна” асарининг бошқа бир номи “Таъвилотул Қуръон” деб номланади. Имом Мотуридий бу асарида сунний ақидага таъвилда зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. 1971 йил Қоҳирада Иброҳим Муҳаммад Авадайн ва Саййид Муҳаммад Авадайнлар китобнинг бир қисмини тадқиқ этганлар ва “Фотиҳа” сурасидан “Бақара” сурасининг ярмигача нашр қилганлар. 1983 йил Бағдодда устоз Муҳаммад Мустафизурроҳман бу китобнинг бир қисмини тадқиқ этган ва “Фотиҳа” сурасидан “Бақара” сурасининг охиригача нашр қилган. Имом Мотуридийнинг бу биргина асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган. Шулардан бири Абул Муин Насафийнинг шогирди Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳу таъвилоти аҳли сунна” деб номланиб, Шарқшунослик институти фондида бу асарни иккита нусхаси сақланади. Алоуддин Самарқандий бу асарни устози Абул Муин Насафийнинг “Таъвилоти аҳли сунна” китобидан дарс бериш жараёнида ёзиб борган.
Имом Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли сунна” ёки “Таъвилотул Қуръон” номи билан танилган бу тафсири мотуридия таълимотида маълум ва машҳур бўлиб, мотуридия уламолари наздида бошқа бирор аввалги ва кeйинги тафсирлар унга тeнглаша олмаган.
Мазкур китоб бизга тўлиқ ҳолда eтиб кeлган бўлиб, дунёнинг кўплаб қўлёзма фондларида нодир қўлёзма нусхалари мавжуд. Ушбу асарнинг энг қадимий нусхаси Маккадаги “Мактабат ал-Ҳарам ал-маккий” кутубхонаси қўлёзмалар фондида сақланади. Мазкур асар бўйича бир неча бор тадқиқот ишлари олиб борилган ва нашр этилган.
Ҳожи Халифа “Кашфуз зунун” асарида “Таъвилот ал-Мотуридий фи баён усул ас-сунна ва усул ат-тавҳид” номли китоб ҳақида маълумот бериб ўтган. Ҳожи Халифанинг таъкидлашича, ушбу китоб Имом Мотуридийнинг бошқа китоблари орасида тили ва услуби жиҳатидан энг енгил асар ҳисоблангани сабабли мотуридия уламоларининг асосий манбаи ҳисобланган ва уни мотуридия олими Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандий саккиз жилдда жамлаган.
Лекин мазкур китобнинг бир нусхаси Ҳиндистондаги Xудобахш номли кутубхонада 294 рақам остида сақланади. Ушбу манба билан доктор Айюб Али тадқиқот олиб борган ва ушбу китоб Алоуддин Самарқандий томонидан Мотуридийнинг тафсирига ёзилган шарҳдир, деган хулосага келган.
Имом Мотуридийнинг мазкур тафсири ўз даврида катта шуҳрат қозонган. Бунга мотуридия уламоси Абул Муин Насафий “Табсиратул-адилла” асарида айтган қуйидаги сўзларини мисол келтириш мумкин: “Имом Мотуридийнинг Қуръонга ёзган тафсири барча ноаниқликларни очиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳали қора булутларни хайдовчи ҳамда ниҳоятда балиғ васф ила ёзилган асардир. Аллоҳ шундай китобни ёзган зотга ўз саломини йўлласин”.
2004 йил Байрутда “Таъвилоту аҳли сунна” китобини устоз Фотима Юсуф Хоймий тадқиқ қилиб беш жилдда нашр этган.
“Таъвилоту аҳли сунна” китоби 2005 йил Байрутда иккинчи маротаба устоз доктор Маждий томонидан тадқиқ қилиниб ўн жилдда нашр этилган. Муҳаққиқ китобнинг биринчи жилдида беш бобдан иборат, 348 саҳифа муқаддима ёзган. Муқаддимада бу китобнинг ёзилиши ҳақида батафсил маълумотлар келтирган.
“Таъвилоту аҳли сунна” китоби 2009 йил турк олими доктор Бекир Тўпалўғли томонидан иккинчи маротаба ўн саккиз жилдда нашр этилди.