Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитишда платформа бўлиб хизмат қилади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитишда платформа бўлиб хизмат қилади

Давлатимиз раҳбари жорий йил 15 июнь куни Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида сўзлаган нутқида “Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш таклифини билдириб, бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа” бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Ўтган қисқа вақт давомида хорижий давлатларнинг таклифлари ва Марказнинг халқаро ҳамкорлик йўналишида эришган келишувлари асосида тўртта халқаро даражадаги конференция ва анжуман ташкил этилди.

Марказда айни кунларда навбатдаги – бешинчи “Диний бағрикенглик, зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишда Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини кучайтириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Мазкур анжуман Марказнинг олдига қўйилган вазифаларидан келиб чиқиб ҳамда С5+1 мулоқоти доирасида АҚШ Тинчлик институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда АҚШ, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Туркманистон ва Афғонистондан элликка яқин халқаро эксперт ва илмий доира вакиллари қатнашмоқда.

Анжуманнинг биринчи иш кунида асосан алдов йўли билан терроризм ва зўровон экстремизм йўлига кириб қолганлар, уларнинг турмуш ўртоқлари ва фарзандларини реаблитация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуман доирасида Марказ директори Ш.Зиёдов иштирокчиларга юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида, шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, ўтган давр мобайнида илмий-тадқиқот, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди. 

Конференция иштирокчилари Марказда илмий тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди.

Конференция 3 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …