Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Германиядаги Оснабрук университети Ислом теологияси институти талабалари Марказ фаолияти билан танишди

Германиядаги Оснабрук университети Ислом теологияси институти талабалари Марказ фаолияти билан танишди

Бугун юртимизга ташриф буюраётган ҳар бир хорижий мамлакат фуқароси, у хоҳ сиёсий доира вакили бўлсин ёки илмий-тадқиқотчи барчаси сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари томонидан халқаро анжуман ва конференцияларда илгари сурилаётган ташаббусларнинг амалий ифодасини кўриб, бу ишлар эътирофга молик эканини алоҳида таъкидламоқда.

Хусусан, 16 октябрь куни  Германиянинг Оснабрук университети Ислом теологияси институтининг профессор ўқитувчилари ва бир гуруҳ талабалари ҳам Давлатимиз раҳбарининг Ислом Ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган 43-сессиясида илгари сурилган  ташаббуси асосида Самарқандда бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, айни жиҳатларни яна бир бор эътироф этишди.

Эътиборли жиҳати мазкур меҳмонлар Германия олийгоҳида Моворауннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан мутафаккир ва алломларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тадқиқ қилиш устида иш олиб бормоқда.

Шу боис, меҳмонлар Самарқандга ташрифини дастлаб, буюк ҳадисшунос, муҳаддислар султони   Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.

Шундан сўнг, ул зотнинг номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди.

Меҳмонларни Марказда директор ўринбосари Шукрулло Умаров кутиб олди. Муассаса томонидан илмий-тадқиқот, таржимонлик, халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берди.

Марказ музей фондидан ўрин олган турли экспонотлар, қўлёзма манбаалар нусхалари, деворий суратлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг,  меҳмонлар ва марказ илмий тадқиқотчилари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ҳар икки мамлакат илмий муассасалари ҳақида маълумотлар алмашилди. Истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди. Келгусида ҳамкорликда амалга ошириш мумкин бўлган вазифалар ҳақида сўз юритилди. Меҳмонларга Марказнинг эсдалик совғалари топширилди.

  Ташриф доирасида меҳмонлар шунингдек, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Талабалар билан суҳбат қилиб, яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди.

Юртимизда диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор давлат сиёсати даражасида эканлигини таъкидлаб, исломшунос кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни юқори баҳолашди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Германиянинг Оснабрук университети Ислом теологияси институти ўқитувчи ва талабаларининг ташрифи Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

ИБХИТМ
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …