Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон ва Туркия университетлари ва илмий марказлари ўртасида 2019-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорликка оид «Йўл харитаси»га мувофиқ, Марказ томонидан Туркиядаги нуфузли турдош муассасалар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жорий йил 21-22 июнь кунлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази билан ҳамкорликда ўтказилган “Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари: муҳофаза қилиш, каталоглаштириш ва мутахассислар малакасини ошириш” мавзусидаги халқаро семинар, 19 июль куни туркиялик таниқли фотограф Орҳан Дургут билан биргаликда ташкил қилинган “Саҳиҳи Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари ва дунё ислом шаҳарлари” халқаро фотокўргазмаси шулар жумласидандир.
Айни кунларда Марказ директорининг маънавий-маърифий ва илмий ишлар бўйича ўринбосари Шукрулло Умаров Туркиядаги Карабук университетида “Ислом тарихи, маданияти ва тараққиёти” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференцияда иштирок этмоқда. Мазкур анжуманга элликдан зиёд мамлакатдан юзга яқин олим ва тадқиқотчи ташриф буюрган.
Конференция доирасида Марказ директори ўринбосари Шукрулло Умаров Карабук университети ректори, профессор Рефик Пўлат билан учрашди. Суҳбат чоғида диний ва дунёвий илмлар ривожида Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан уламоларнинг хизматлари беқиёс экани таъкидланди.
– Убайдуллоҳ Аҳрор Вали сулоласиданман. Нақшбандий тариқатига қизиқишим жуда катта. Шу боис Карабук университети билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатишни таклиф қиламан. Бу алоқалар икки томон учун ҳам самарали бўлишига ишончим комил, – деди Рефик Пўлат.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз – Карабук университети дунёда эътироф этилган энг нуфузли университетлар мингталигидан ўрин олган. Унда 16 йўналишда 55 минг талаба таҳсил олади. Уларнинг 6500 нафарини хорижлик талабалар ташкил этади.
Халқаро анжуман 12 октябрга қадар давом этади.