Ер юзида эртанги куни, фарзандлари келажаги ҳақида қайғурмайдиган бирор халқ бўлмаса керак. Бизнинг болажон халқимиз ҳам ўзи емаганини, ўзи киймаганини боласига дея олиб қўяди ва уларнинг ҳақларига танисиҳатлик тилаб, келажаги порлоқ бўлсин, дея дуолар қилади.
Динимиз таълимотида ҳам фарзанд ҳаётимиз мазмуни ва зийнати эканлиги, унинг тарбияси ва уни соғлом ҳамда баркамол бўлиб вояга етиши борасида жуда кўп йўл-йўриқлар, тавсия ва маслаҳатлар мавжуд.
Фарзанд туғилган хонадон албатта, баракага тўлади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абдуллоҳ ибн Аббос, боласи йўқ уйнинг баракаси ҳам бўлмайди,” – деб, умматларини фарзандли бўлишга ҳамда унга эътиборли бўлишга тарғиб қиладилар.
Қуръони каримнинг “Каҳф” сураси 46-оятида “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир”, – деб марҳамат қилинган.
Зеро, инсонга берилган гўдак, Яратган зот томонидан унга берилган омонатдир. Бу омонатни ўзига берилгани каби мусаффо қалб ила ҳам маънан ҳам жисонан соғлом ҳолда вояга етиши учун ота-она масъулдир. Дарҳақиқат, оятда айтилганидек “боқий қолувчи солиҳ амаллар”дан бири фарзанднинг ички ва ташқи дунёсига зарар берадиган ҳар қандай балою офат ва турли фитналардан ҳимоялаб, уни солиҳ қилиб тарбиялашдир.
Албатта, ақлан етук, жисмонан соғлом фарзанд ибратли оила ва соғлом муҳитда камолга етади. Ана шундай муҳитда улғайган фарзанд одамийлик, меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ўз Ватанига, халқига ва дину диёнатига ихлосли ва садоқатли бўлиш каби инсоний фазилатларни ўз қалбига жо қилади.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ёш гўдакларга қандай муомалада бўлиш керак?” – деб сўради. Шунда у зот: “Уларга юмшоқ муомалада бўлиб, суюб-эркалаб, ахлоқ-одобга чақириш лозим”, – дея жавоб бердилар.
Али розияллоҳу анҳу: “Фарзандларингизга ўзларингиз яшаган илгариги замонга мослаб эмас балки ўз замонига мос илм беринглар,. Чунки улар сизларнинг замонларингизда яшамайдилар, балки ўз замонларини яшайдилар”, – деганлар. Яъни ота-она фарзандининг феъл-атворига қараб яхшиликка, одоб-ахлоққа ва фойдали илмга йўналтиришлари замон талабидир. Бунинг учун аввало оилаларда аҳиллик, тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурмоғи лозим. Зеро, оила – жамият таянчи. Унда осойишта ҳаётнинг асоси бўлган инсоний фазилатлар шаклланади.
Барча ота-оналар жондан азиз фарзанди қалбига жасур, шижоатли, омонатдор, тўғри сўз бўлиш каби одоб-ахлоқ намуналарини ёшлигидан сингдирса ва Ватан, халқ манфаати йўлида янада кўпроқ хайрли ва савобли ишларни қилиш таълимини берса, албатта, бундай руҳиятда тарбияланган фарзанд маънан етук ва жисмонан соғлом бўлади.