Home / АЛЛОМАЛАР / САЙИД РИЗО АЛИЗОДА ВА УНИНГ УЙ МУЗЕЙИ ТАШКИЛ ҚИЛИНИШИ ТАРИХИДАН

САЙИД РИЗО АЛИЗОДА ВА УНИНГ УЙ МУЗЕЙИ ТАШКИЛ ҚИЛИНИШИ ТАРИХИДАН

Мамлакатимиз илмий салоҳиятини оширишда юзлаб фан фидойиларининг ўрни ва роли каттадир. Уларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳозирги кундаги асосий масалалардан бири ҳисобланади. Зеро Биринчи Президентимиз таъбирлари билан айтганда “Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ ўз насл насабини, келажак авлодини асраб авайлаб, унинг қадрини билса ундай миллатнинг, ундай давлатнинг келажаги буюк бўлиши муқаррар[1]. Мана шундай улуғ сиймолардан бири олим, ношир, адиб ва таржимон Саид Ризо Ализодадир.

Сайид Ризо Ализода Самарқанд шаҳрида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. У 1905 йилдан эътиборан кенг кўламли – халқаро аҳамиятга молик журналист сифатида тан олинган[2]. Профессор Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг гувоҳлик беришича, бу комил ва фозил инсон асримизнинг бошларидаёқ босмахонада оддий ҳарф терувчиликдан – муҳаррирликкача, луғатшуносликдан – шоирликкача, жуда кўп илму ҳунарни билган, ёрқин истеъдод соҳиби бўлиб танилган[3]. Сайид Ризо Ализоданинг илмий-оммабоп, публицистик мақолалари, шеърлари, фелъетон ва памфлетлари ўша даврнинг нуфузли маҳаллий ва хорижий нашрларида чоп этиб борилган. “Туркистон хабарлари”, “Бухорои Шариф”, “Турон”, “Самарқанд”, “Телеграф хабарлари”, “Шарқ”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Овози тожик”, “Голос Самарканда”, “Пролетар”, “Зарафшон”, 1919 йилда ўзи томонидан асос солинган “Шуълаи инқилоб”, Эронда чоп этиладиган “Тарбият”, “Озод Эрон”, “Ситораи Эрон”, Туркиядаги “Оқшом”, Озарбайжондаги “Иршод” ва “Иқбол”, Мисрдаги “Чеҳранома”, Қримдаги “Таржимон”, Қозондаги “Бизнинг тауш”, Ҳиндистондаги “Ҳаблул матн” каби нуфузли нашрлар шулар жумлсидандир[4].

Сайид Ризо Ализода “Низомнома”, “Қалам аҳлларига даъват”, “Рисолатул Иттиҳодия”, “Дин вожиблари”, “Моросилот”, “Ислом маданияти” каби рисолалари, 1917-1920 йилларда ўзбек ва тожик мактаблари учун нашр етилган “Алифбе” китоблари, икки қисмдан иборат “Тожик тили грамматикаси икки жилдли “Русча – тожикча мукаммал луғат” (С.Ализода ушбу луғатни тузувчиларидан бири бўлган), “Саодат асри” асари, ўша даврнинг долзарб муаммоларини ёритиб берган мақолалари, ҳикоялари, шеърий асарлари, серқирра таржимонлик фаолияти билан машҳур бўлган. Қолаверса 14 тилни мукаммал билган С.Ализода 1933-37 йиллар давомида Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида араб ва форс тилларидан дарс берган[5].

Сайид Ризо Ализода халқимизнинг асл фарзандлари ҳисобланган Ф.Хўжаев, А.Икромов, А.Фитрат, А.Қодирий, А.Чўлпон, Усмон Носирлар қаторида 30 йиллар катағонининг қурбони бўлган. Кейинчалик эса собиқ совет давридаги турғунлик йилларининг бепарволиклари туфайли олимнинг ҳаёт йўли ва бой ижодий меросини ўрганиш “унутилган”. Унинг бой кутубхонаси эса талон – тарож қилинган, баъзи бир асарлари, хусусан таржима асарлари, нопок кимсалар томонидан ўзлаштирилган. Аммо, мана шундай қийинчиликларга қарамасдан, олимнинг набирасии Фарход Тоғиевич Ализода 50 йил даврмида бобосининг номини ва ижодий меросини тиклаш ишларини олиб борди.

Сайид Ризо Ализода уй-музейининг ташкил қилиниши алломанинг набираси Ф.Ализоданинг кўп йиллик машаққатли изланишлари ва бетиним меҳнати маҳсули бўлди. Уй музейининг ташкил қилиниши ҳақида Ф.Ализода қуйидагича ҳикоя қилади: “Кўп йиллардан буён тилга олинган тадбир ва анжуманлардан ташқари, бобомнинг асарлари, уй анжомлари, шахсий буюмларини тўплаб юриб, бир-икки хона қуриб, ўша ерга қўйсам, деб ният қилар эдим, бунинг устига, қўшнимиз уйига ҳашарчиларни чақириб, ертўлани тозалашганида бир темир қути топиб олишган. Ҳашарчилар қувониб, уй эгасининг аждодлари бор давлатини ертўладаги шу қутига солиб қўйган эканда, деб саросимага тушишган. 60 йил ер остида ётган темир сандиқчани бир амаллаб очсалар, 7-8 та китобдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳашарчилардан бири тожикистонлик экан, у тожик мактабларида араб имлосини ўрганганлиги туфайли китобларни ўқий олган.

Бу китобларнинг муқова қисмида Сайид Ризо Ализода, деб ёзилган экан, ҳашарчилар топилган китобларни уй бекасига кўрсатишган. Қўшнимиз мени чақириб, бу китобларни берди. Бундан ташқари, 1930-йилларда бизнинг маҳаллада яшаган бир кекса одам бир куни учта китоб кўтариб келди. «Ўғлим, мен тушимда Оғони кўрдим, Оғо менга қараб: «Сиз мендан олган китобларни ҳовлига элтиб беринг», – деди. Шунинг учун бобонгиздан олган китобларни келтирдим, мана», – деб уларни қолдириб кетди[6].

Раҳматли бобом турмадан ёзган хатларидан бирида «Муҳаммад Алиникига ва Исмоилнинг ҳовлисига олиб бориб қўйган китобларни уйга келтириб қўйинглар» деб ёзганлар. Улар олиб борган қўлёзма ва таржималар ҳамда бошқа китоблар молхоналарига чуқур қазиб кўмиб қўйилган. Натижада бир неча қопга солинган китоб ва қўлёзмалар тупроқнинг тагида чириб кетган. Шуларнинг ҳаммасини ўйлаб, топилган асар ва ҳужжатларни музей қуриб, музейга қўйсам, деган мақсадда шаҳар раҳбарларига мурожаат қилдим.

Бундан ташқари, Бир куни Шарофат аммамнинг набиралари Комил бир йигит билан ҳовлига келди. Саломлашиб: «Тоға, нега кайфиятингиз пастроқ кўринади», – деб сўради. «Ҳаво иссиқ, кранда сув ҳам қуриган, июл ойи менинг учун бир оз оғир ўтаяпти. Бу йигитни мен билан таништирмадинг», – дедим. «Бу кишининг исмлари Аҳмад, Эрондан келганлар», – жавоб берди Комил. «Бу киши қаерда яшаяптилар?» сўрадим мен. «Сайид Ўлмас Багировнинг қариндоши бўлади, шу кишиникида турибдилар. Мен Эронга борганимда Машҳад шаҳрида Аҳмад Оғоларнинг уйида яшаганман», – деди Комил. «Жуда яхши, мен ҳозир сизларга чой дамлайман», – деб уйга кирдим. Стол устида Носир Такмил Ҳумоюннинг мақоласи босилган журнал турган эди. Чойнакни оловга қўйиб, журнални олиб чиқдим. Эрондан келган Аҳмад Оғога: «Бу журнал сизларда чиққан. Мана бу мақолани ўқиб кўринг-чи», – дедим. … Шу дамда дастурхон ёзиб, чой дамлаб келдим. Бир пиёла чой ичиб, калламга бир фикр келди. «Аҳмаджон, сизни Оллоҳнинг ўзи юборди. Эронга қачон қайтасиз?» – деб сўрадим. «Жума кунига поездга билет олганман, юмушингиз бўлса айтаверинг, бемалол», – деди у такаллуф билан. Унга доктор Такмил Ҳумоюнга хат ёзиб бермоқчи эканлигимни, Машҳадга борганидан кейин Теҳронга, Ҳумоюннинг уйига почта қутисига ташлаб қўйишини илтимос қилдим. Меҳмон бажонидил рози бўлди ва агар хат жиддий бўлса, машинасига миниб, Теҳронга бориб, Такмил Ҳумоюнни топиб, ўз қўлига топшириши мумкинлигини айтди. Хат ҳақиқатан жиддийлигини айтдим. Унга кўп йиллардан буён бобомиз Сайид Ризо Ализоданинг меросини тўплаб келишимни билдирдим. Келаси йил бобомнинг туғилганларига 110 йил тўлишини, шунинг учун Эрон давлатидан музей қуриш учун кўмак сўрамоқчи эканлигимни айтдим. «Жуда яхши фикр», – деб аввал Комилжон менинг фикримни қўллади. Аҳмад Оғо бироз ўйлаб туриб: «Аъло, ниятингизга етинг, ундай бўлса, мен Теҳронга Такмил Ҳумоюнга эмас, президент жаноб Ҳошими Рафсанжонийга етказаман. Бунинг савоби бутун Самарқандда яшайдиган эронийларга бориб етади», – деди. Мен хатни президент жаноб Ҳошими Рафсанжоний номига ёздим[7].

Аҳмад Оғо хатни олиб, ўзи айтганидек, жума куни Эронга жўнаб кетди. Чамаси 15-20 кун ўтгандан кейин, Эрондан вакиллар келди. Улар билан бирга Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Муҳсин Покойин ҳам келган эди. Жаноб Покойин: «Музей қуриш учун қанча маблағ керак?» – деб сўради. Мен елка кисдим. У эса: «Бўлмаса гап шундай, у Оғолар жаноб президентнинг буйруғи билан келишган, сиз музейнинг лойиҳа-сметасини Тошкентдаги элчихонага, менга келтириб беринг. Сметага қараб сизга пул ажратамиз», – деди.

Мен зудлик билан лойиҳа ва сметани тайёрлаб, Тошкентга олиб бордим. Шу билан музей қурилиши бошланди. Қурилиш бир йил давом этди. Ҳар 15-20 кунда элчи жаноблари ёки унинг муовини жаноб Акбари келиб хабар олиб кетишар эди… Ҳовлининг ободончилик ишларини, кўча асфалтини ҳамда катта ёғоч дарвозани шаҳар раҳбарларининг топшириғи билан Темир йўл тумани маъмурияти амалга оширди. Шаҳардаги мебел фабрикаси эса подиум билан девордаги ойнали рамкаларни ясаб беришди. Музей экспонатларини деворларга шаҳар ҳамда вилоят музейларининг ходимлари осдилар[8]. Хуллас, Сайид Ризо Ализода уй-музейи шу тариқа 1998 йилнинг ноябрида очилди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Саид Ризо Ализода уй музейининг очилиши натижасида олимнинг асарлари тўпланди, унинг фаолиятига бағишланган экспонатлар келтирилди, у ҳақдаги маълумотлар тизимлаштирилди. Бу эса ўз навбатида олим фаолиятини ўрганиш ва уни тарғиб этишда катта аҳамиятга эга бўлди.

Жумаев Жонибек Шодиевич
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими
[1] Каримов И.А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт-пировард мақсадимиз-Т. 2000. 43-бет
[2] Fайбуллоҳ ас-Салом. Эзгуликка чоғлан одамзод. Тошкент. 1997. “Шарк” нашр-матбаа концерни. 2- китоб..
[3] История Самарканда. (Авторский коллектив) – ;! Ташкент, 1970, т.II, с.86.
[4] Исмоилов F. Гулоб (Розовый напиток). – Тошкент: Ёш гвардия, 1982. 31-бет.
[5] Хўжаев Эркин. Самарали йиллар ёғдуси. Самарқанд. 2001. 110 6.
[6] Ализода Фарҳод “Суҳбат дафтари” № 9. 2013 йил 28-ноябр.
[7] Ализода Фарҳод “Суҳбат дафтари” № 9. 2013 йил 28-ноябр.
[8] Ализода Фарҳод “Суҳбат дафтари” № 9. 2013 йил 28-ноябр.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …