Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, сизу бизни хавфу хатарлардан, офат-балолардан омонда сақлаб келмоқда.
Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида биз бандаларга шундай марҳамат қилади:
«Роббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати хақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло ушбу оятда Ўзининг суюкли Пайғамбарига берган неъматларини эслатиб, уларни одамларга айтиб, сўзлаб бериш билан бир қаторда бу неъматларнинг Эгасига ҳамду сано, шукрона айтишни ўргатмоқда. Шундай экан, берилаётган неъматларга шукр қилмасак, қадрига етмасак, Аллоҳ асрасин, ношукрлардан бўлиб қоламиз. Бугунги кунда бизга берилган кўплаб неъматларнинг сабабчиси, уларнинг негизи, уларнинг энг улуғларидан бири истиқлол неъматидир.
Нима учун истиқлол неъмати бошқа кўп неъматларга сабаб ўлароқ эътироф қилинмоқда? Бунинг сабаби шуки, юртимизда рўй бераётган барча ижобий ўзгаришлар, жаҳолатдан маърифат сари юзланган эврилишларнинг бошланғич нуқтаси айнан мана шу мустақиллик, ҳуррият неъмати ато этилган кундир.
Мустақиллик Яратганнинг бизга берган энг улуғ неъматидир. Чунки, мустақиллик ҳар бир инсон, ҳар бир миллатнинг ҳеч нарса билан чекланмаган чинакам эркинлигидир. Таъбир жоиз бўлса, бу эркинлик халқ ва миллатнинг ҳурлиги – озодлиги ва порлаб турган келажагидир.
Ўз эркидан маҳрум бўлган халқ эса бамисоли қафас ичидаги қушдир. Шу боис ҳеч бир инсон, ҳеч бир халқ ҳечқачон ўз эркин бировга бериб, қул бўлишни, қафас ичида яшашни хоҳламайди. Балки, ҳур – озод бўлиш учун курашади. Қўлга киритгач эса Яратганга шукроналар айтиб, уни асраб авайлайди.
Бу йил Юртимиз мустақиллигининг 28 йиллик шонли байрами кенг нишонланади. Албатта бу улуғ неъматни қадрлаш, асраб авайлаш ҳар бир фуқаронинг олдидаги олий бурчидир. Мустақиллик сабабли юртимиз тарихи, қадимий маданияти қайта тикланди. Халқимизнинг азалий урф-одатлари, маънавий қадриятлари қайтариб берилди. Динга муносабат мутлақо ижобий томонга ўзгарди. Шундай қилиб, қўлга киритилган Мустақиллик Ўзбекистон халқи тарихида тамоман янги даврни бошлаб берди, миллий дунёқарашда янгича тафаккурни шакллантириб борди. Халқ ҳеч кимдан кам эмасалигин англади ва келажакка ишонч билан қарай бошлади. Бунинг самараси ўлароқ қисқа вақт ичида Ўзбекистон ҳар жабҳада тез ривожланаётган давлатларнинг етакчиларини сафига қўшилди. Бунинг учун биз доимо яратганга шукур қилишимиз лозим.
Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилади:
«وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِن شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِن كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ»
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг”.
Аллоҳ таоло ушбу оятда унинг берган неъматларига шукр қилсак, уни янада зиёда қилишини, агар неъматларини инкор этиб, нонкўрлик қилсак, у ҳолда бунинг учун бизларни қаттиқ азоблаши ва уларни тортиб олишини баён этган.
Демак, мустақиллик неъматини бардавом бўлишини хоҳлаган ҳар бир инсон унинг шукронасида бардавом бўлиши, қадрига етиши ва асраб авайлаши зарур.
Шундай экан, биз бу улуғ неъматнинг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, мустақил она диёримиз халқига, унинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, бу йўлда ўзимизнинг холис хиссамизни қўшишимиз лозим. Шундагина барчаларимиз Аллоҳ ато этган истиқлол неъматига чинакам шукр қилгувчи шокир бандалардан бўламиз, Роббимизнинг розилигини топиб, динига мадад бериб, унга амал қилгувчилардан бўламиз.