Home / МАҚОЛАЛАР / Муфассирларнинг табақалари

Муфассирларнинг табақалари

Аллоҳ таъоло Қуръони каримни сақлаш ва унинг маъноларини баён қилиш, тушунтириб беришни ўз зиммасига олган. Буни каломида: “Албатта, у(Қуръон)ни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда. Бас, уни ўқисак, қироатига зеҳн солиб тур. Сўнгра у(Қуръон)ни баён қилиб бериш ҳам Бизнинг зиммамизда” (“Қиёмат” сураси, 17-19 оят) дейиш билан маълум қилган. Қуръоннинг маъноларини тўлиқ ва муфассал тушунган зот эса, шубҳасиз, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши Каломуллоҳни саҳобаларга ўқиб берар, тушуниш қийин бўлган оятлар маъноларини шарҳлар эдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: “Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик(“Наҳл” сураси, 44-оят).

Қуръони каримнинг илк муфассири, албатта, Расулуллоҳдирлар. Саҳобалар бирор бир оятни тушунишга қийналиб қолсалар У зотга мурожаат қилар эдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Вақтики, “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар”, (“Анъом” сураси, 82-ояти) ояти нозил бўлганда бу кишиларга оғир келди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси биримиз ҳам ўзига зулм қилмайди”, дедилар. Шунда (Расулуллоҳ): “Бу сизлар назарда тутган нарса эмас. Солиҳ банданинг: “Чунки ширк улкан зулмдир[1]”, деганини эшитмаганмисиз. Бу (зулм) ширкдир”, деб жавоб қилдилар”. Шу ва бошқа ҳадисларда Пайғамбаримиз томонидан кўплаб оятлар маънолари тушунтириб берилгани акс этган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги даврдан бошлаб муфассирлар табақасини қуйидаги кўринишда қисмлаб чиқиш мумкин:

  1. Саҳобалардан бўлган муфассирлар: уларнинг орасида энг машҳурлари тўрт рошид халифа, ибн Масъуд, ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра, Жобир, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумлардир. Рошид халифалар орасидан Али розияллоҳу анҳудан кўпроқ ривоят қилинган. Бунинг сабаби аввалги уч халифанинг олдинроқ вафот этганидир. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан жуда кам ҳадис ривоят қилингани ҳам ушбу сабабга боғлиқ.
  2. Тобиъийнлардан бўлган муфассирлар: уларнинг ичида тафсир илмининг энг билимдонлари Макка аҳлидан бўлганларидир. Чунки улар ибн Аббоснинг шогирдларидан эдилар. Буларга мисол қилиб Мужоҳид, Ато ибн Абу Раббоҳ, Икрима, Саид ибн Жубайр, Товус ва бошқа тобиъийнлар номини келтириш мумкин. Куфада ибн Масъуднинг шогирдларидан Алқама, Асвад ибн Язид, Иброҳим Нахаъийлар шуҳрат қозонган эди. Мадинада Зайд ибн Асламнинг шогирдлари, хусусан, Абдураҳмон ибн Зайд машҳур бўлган.

Яна ушбу табақада Ҳасан Басрий, Ато ибн Муслим Хуросоний, Муҳаммад ибн Каъб Қорзий, Абул Олия Рофеъ ибн Миҳрон Рабоҳий, Заҳҳок ибн Музоҳим, Атия ибн Саид Уфий, Қатода ибн Дамоъа Садусий, Робийъ ибн Анас сингари тобиъийнлар номини ҳам келтириш мумкин. Номлари келтирилганлар тобиъийнлар орасидан чиққан муфассирларнинг пешволари бўлишган ва аксарият илмларини саҳобалардан олганлар.

  1. Кейинги табақа саҳоба ва тобиъийнлар сўзларини тўплаб тафсир ёзганлар табақаси. Суфён ибн Уяйна, Вакиъ ибн Жарроҳ, Шўъба ибн Ҳажжож, Язид ибн Ҳорун, Абдурраззоқ, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Абд ибн Ҳумайд сингари муфассирлар ушбу табақа вакилларидир.
  2. Кейинги табақа ўз санадларини саҳоба, тобиъийн ва таба тобиъийнларга боғловчилар табақасидир. Али ибн Абу Толҳа, ибн Жарир Табарий, ибн Абу Ҳотам, ибн Можа, Ҳоким, ибн Мардавий, Абу Шайх ибн Мунзир шулар жумласидандир.
  3. Кейин бир табақа келдики, бу даврда санадлари тушуриб юборилган ривоятлар асосида луғатга, эъроб кўринишларига, қироатларга доир илмларга тўла тафсирлар ёзилди. Баъзи муфассирлар ўз қарашларини ҳам китобларига киритиб юбордилар. Бу табақага Абу Исҳоқ Зажжож, Абу Али Форисий, Абу Бакр Наққош, Абу Жаъфар Наҳҳосни келтириш мумкин.
  4. Кейинги табақада мутааххирлардан бир гуруҳ муфассирлар китоблар таълиф қилишди. Санадлар қисқартирилди, тугалланманмаган сўзлар қўшиб юборилди. Саҳиҳ ва носаҳиҳ ривоятлар аралашиб кетди.
  5. Кейинга табақада фикрига нима келса китобга туширадиганлар даври келди. Тафсир ёзмоқчи бўлганлар фикрига келган нарсага таяниб китоб ёзар эдилар. Сўнгра улардан кейин келганлар ривоятларнинг асли бор деган ўйда уларни нақл қилганлар. Салафи солиҳлардан келган ривоятлар билан таққослаб кўрмаганлар. Имом Суютий айтади: “Аллоҳ таолонинг: “Ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!(“Фотиҳа” сураси, 7-оят) ояти тафсири ҳақида ўнга яқин фикрларни ўқидим. Ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан, барча саҳобалардан, тобиъийнлардан келган ривоятларга кўра оятда яҳудий ва насронийлардан бошқалар назарда тутилмаган. Ҳатто ибн Абу Ҳотам: “Оят борасида муфассирлар ихтилоф қилганини билмайман”, деган”.
  6. Кейинги табақа вакиллари ислом илмларининг бир йўналиши бўйича билимдон бўлганлардан иборат бўлди. Улар китобларини ўзлари моҳир бўлган фаннинг мавзулари билан тўлдириб юбордилар. Уларнинг асарлари Қуръон фақат ушбу илм учун нозил қилингандек тасаввур уйғотар эди. Абу Ҳайён сингари грамматига илми билимдонлари бор эътиборини эъроб қоидаларига қаратган бўлса, фақиҳлар фиқҳни биринчи ўринга чиқаришди. Имом Қуртубийнинг тафсири шундай тафсирлар сирасига киради.
  7. Кейин эса замонавий уйғониш даври келди. Бу даврнинг муфассирлари янгича услубларни кашф қила бошладилар. Кимдир ижтимоий масалаларга эътибор қаратса, кимдир замонавий дунёқараш ҳақида сўз юритар, яна кимдир янги пайдо бўлган мазҳабларга доир мулоҳаза юритар эди. Муҳаммад Абдуҳ, Саййид Муҳаммад Рашид Ризо, Муҳаммад Мустафо Муроғий, Саййид Қутб ушбу табақа вакилларидир.

Ушбу мақола биз билан замондош бўлган машҳур олим Манноъ ибн Халил Қаттон раҳматуллоҳи алайҳнинг (1925-1999) “Мабаҳис фи улумил Қуръан” китоби асосида тайёрланди. Шоҳиди бўлганингиздек, унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан то ҳозиргача бўлган даврлар оралиғидаги муфассирлар табақалари ҳақида умумий маълумот берилган. Ҳар бир табақа ҳақида батафсил маълумот олиш учун “табақот” китобларига мурожаат қилиш лозим бўлади. Имом Суютий “Табақотул муфассирин” асарида, Имом Довудий ва Аднавийҳ шу номдаги асарларида ўзларигача бўлган муфассирлар табақалари ҳақида кўп ва хўб маълумотларни ёзиб қолдирганлар.

Усмонхон Муҳаммадиев.
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

[1] “Луқмон” сураси, 13-оят

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …