Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 20 август куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Мўйноқ туманида Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. 2019-2022 йилларга мўлжалланган бу йўналишдаги лойиҳа сув ҳавзаларини самарали бошқариш орқали ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга қаратилган.
Президентимиз ҳудудда чорвачилик ва балиқчиликни ривожлантириш орқали иш ўринлари, аҳоли даромадини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг Мўйноқни иқтисодий ривожлантириш, Орол фожиасидан азият чеккан ҳудуд аҳолиси ҳаётини яхшилаш бўйича илгари сурган ташаббуси доирасида кейинги йилларда бу ерда улкан ишлар бажарилди. Ўтган йил ноябрь ойидаги ташриф чоғида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳукуматнинг Мўйноқ туманини жадал комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда 2019-2021йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган.
Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қисқа вақтда қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, туман марказида 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зали, ёпиқ бассейн қурилди, маданият маркази ва стадион, «Бозатау» овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди.
«Мўйноқ порлоқ текс» МЧЖ жорий йил июль ойида тикувчилик корхонаси ташкил этиб, 350 кишини иш билан таъминлади. Замонавий тикув машиналари ўрнатилган янги корхона йилига 1 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирги кунда чойшаб, кўрпа жилдлари ва махсус иш формалари тикилмоқда. Шу ерда савдо дўкони ташкил этилган. Янги қурилаётган уйлардан корхона ишчилари учун хонадонлар ажратилган.
Шавкат Мирзиёев мазкур корхона фаолияти билан танишди, ишчилар билан суҳбатлашди.
– Мўйноқда рўй бераётган ўзгаришлар, кўзларингиздаги ҳаётдан мамнунлик кишини қувонтиради. Бу узоқ-узоқ ҳудудларга бориб қилаётган ишларимиз натижасидир. Агар кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қиладиган бўлса, Мўйноққа келиб кўрсин, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Бир пайтлар Мўйноқ балиқчилик саноати билан машҳур бўлган. Шавкат Мирзиёев ўтган йили бу ерга келиб, мавжуд сув ҳавзаларида балиқчиликни қайта тиклаш ва ривожлантириш, шу орқали аҳолини барқарор даромад билан таъминлаш бўйича тавсиялар берган эди.
«Мўйноқ аква саноат» корхонаси ана шу ташаббуснинг амалий натижасидир. Лойиҳа қиймати 20 миллиард сўм бўлган бу корхона келаси ой ишга туширилади ва йилига 4 минг тонна балиқни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. 200 тонна дудланган балиқ, 780 тонна қийма, 400 тонна филе, 9 миллион дона консерва ишлаб чиқаради.
Бугунги кунда корхона биноси қурилиши якунланиб, технологик ускуналар ўрнатилмоқда.
Президентимиз «Мўйноқ аква саноат»нинг салоҳияти, бу ерда тайёрланадиган маҳсулот турлари ва уларни экспорт қилиш имкониятлари билан танишди. Балиқ консерваларини кўпайтириш ва савдосини кенгайтириш, иш ўринларини ошириш юзасидан зарур кўрсатмалар берди.
Шу ерда Қорақалпоғистонда балиқчиликни ривожлантириш, Орол денгизининг қуриган тубида яшил бутазорлар барпо этиш ва минтақада экологик ҳолатни яхшилаш борасидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Балиқчилик – табиий сув ҳавзалари кўп бўлган Қорақалпоғистон Республикаси учун сердаромад тармоқ. Соҳани ривожлантириш мақсадида мавжуд ресурсларни инобатга олиб, қўшимча 17 лойиҳа ишлаб чиқилган. Унга кўра, балиқ етиштириш ҳажмини 15 минг тоннага, қайта ишлаш даражасини 36 фоизга етказиш режалаштирилган.
Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида улкан ишлар бажарилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 42 йил давомида ҳаммаси бўлиб 400 минг гектар майдонга саксовул экилган бўлса, 2018-2019йиллардаги қиш-баҳор мавсумида қарийб 500 минг гектарда муҳофаза ўрмонзорлари барпо этилган.
Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун ўрмон хўжаликлари томонидан 2 минг тонна уруғ, жумладан, 1,5 минг тонна саксовул, 300 тонна қандим, 150 тонна қорабуроқ ва 50 тонна чўл озуқа ўсимликлари уруғини жамғариш, 100 миллион донадан ортиқ саксовул кўчати тайёрлаш, 100 километр масофада қумни зичлаш, шунингдек, чўлланишга қарши кураш бўйича хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилмоқда. Бу тадбирлар натижасида яқин йилларда Оролбўйида экологик ҳолатни барқарорлаштириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, бандликни ошириш, чорвачиликни ривожлантириш учун катта замин яратилади.
Туманда қамишдан қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқаришга оид лойиҳа ҳақида маълумот берилди. “Muynak LDSP” корхонаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа йилига 50 минг куб метр қиринди плита, 12 минг куб метр ҳажмда мебель тайёрлаш ва 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев Мўйноқ туманидаги Маданият марказида қорақалпоғистонлик фаоллар билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклаб, қорақалпоқ элига эзгу тилакларини изҳор қилди.
– Қорақалпоғистонда ҳамма соҳада ўзгариш бўлаяпти. Бунинг замирида шу заминда яшаётган буюк халқнинг меҳнати, интилишлари мужассам. Сизлар билан биргаликда катта ҳаракат бошладик. Ҳар бир ҳудуднинг дардини ўрганайлик, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб борайлик, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайлик, деб чуқур ислоҳотларни амалга ошираяпмиз. Одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак, – деди Президент.
Шундай яхши ниятлар билан олиб борилаётган ишлар натижаси Мўйноқ туманидаги ўзгаришларда яққол намоён бўлаётгани таъкидланди. Ҳудуд қисқа вақтда улкан бунёдкорлик, қурилиш майдонига айланди, қиёфаси мутлақ ўзгарди. Бу маҳаллий аҳоли кўнглини тоғдай кўтарди. Одамлар машҳур қўшиққа ҳамоҳанг қилиб “Бир келиб кетинг, Мўйноғимизга” деб баралла гапирмоқда. Негаки, Оролбўйи аҳолиси турмушини яхшилаш ҳақидаги гап-сўзлар ўтган асрнинг 50-йилларидан буён айтиб келинаётган бўлса-да, бирор тайинли ишга қўл урилмаган эди. Кейинги икки йилда бажарилган ишлар туфайли эса бугун, таъбир жоиз бўлса, Мўйноқ билан қайтадан танишишга тўғри келмоқда.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Денгизнинг қуриган тубида муҳофаза ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 28 февралдаги қарорига мувофиқ, Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йилнинг саккиз ойида 8 боғча, 7 мактаб, 4 спорт иншооти, 6 тиббиёт муассасаси ва 8 маданият объекти қурилди ва таъмирланди. Бундан ташқари, 20 та кўп қаватли уй-жой барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси одамларда қабул қилинаётган қарорлар ҳаётий эканига ишонч, эртанги кунга умид уйғотмоқда.
Учрашувда Нукус шаҳри ва барча туманлардан келган вакиллар Мўйноқдаги ўзгаришларга ҳавас қилганини таъкидлаб, ўзлари яшайдиган жойлардаги камчиликлар, ечимини кутаётган муҳим масалаларни тилга олди. Уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
– Катта-катта иморатлар, замонавий техника билан мақтаниш керак эмас. Ақлли, билимли, фидойи фарзандларни тарбияласак, улар Ватанга садоқат билан хизмат қилса, энг катта бойлик, бахт мана шудир, – деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз Тебинбулоқ кони негизида кон-металлургия комплексини қуриш лойиҳаси билан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 январдаги қарорида ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чоралари белгиланган.
Мажмуада йилига 900 минг тонна арматура, 225 минг тонна сим, 375 минг тонна уголок, швеллер, 22 минг тонна ванадий шлаги ва бошқа металл маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 35 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган. Коннинг захираси 1,1 миллиард тоннани ташкил этади. Лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишга Германиянинг “»DMT-Group Consulting» ва Австриянинг «Horst Wiesinger Consulting» корхоналари жалб этилган.
Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа тўлиқ ишга тушганидан кейин йилига 33 миллион тонна руда қазиб олиниб, ундан 1,5 миллион тонна темир моддаси олиш кўзда тутилган.
Президентимизга мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва истиқболи ҳақида батафсил маълумот берилди. Соҳа мутасаддилари ва хорижий мутахассисларнинг фикрича, мазкур лойиҳа ўзини тўлиқ оқлайди. Унинг амалга оширилиши мамлакат иқтисодиёти ривожида, жумладан, қора металл ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш кўламини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шавкат Мирзиёев хорижий компаниялар мутахассислари билан суҳбатлашди. Мажмуа қурилишига илмий жиҳатдан пухта ёндашиш, металлдан маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасида ўзига хос мактаб яратиш кераклигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини мукаммал ишлаб чиқиш, уни амалга оширишга ёшларни кўпроқ жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.
Манба: ЎзА