Ҳадис илми илмларнинг аҳамиятлиси ва фойдалироғи бўлгани сабабли муҳаддислар бу йўлда ўзларининг самимийлигини намоён қилиб, тинмай меҳнат қилиб, ўз ниятларини амалга оширдилар. Натижада ўзларидан кейингилар учун яхши ўрнак бўлиб, ҳимматларининг улуғлигидан Пайғамбаримизнинг ҳадисларини чалкашлик ва ўзгариб кетишдан сақладилар. Бу йўлда ҳар бир муҳаддис ўзига хос услубларни яратиб, китобларини туздилар.
Ҳадис илми султони Имом Бухорий ҳам “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарини ёзишда ўзларига хос бўлган бир нечта услублардан фойдаланиб, бу услублардан баъзилари ровийлар санадига боғлиқ бўлса, баъзилари ҳадисни тушунишга боғлиқдир.
Имом Бухорийнинг санадга боғлиқ бўлган услублари жуда ҳам кўп бўлиб, уларни англаш ва фаҳмлаш фақатгина жиддий эътибор қилиш ва бу асарни диққат билан ўқиш орқали амалга ошади. Қуйида Имом Бухорийнинг шу мавзуга боғлиқ бўлган услубларини келтириб ўтамиз:
Имом Бухорий битта санад[1] билан ҳадисни такрорламайди, балки такрорласа ҳам ҳар бир бобнинг тақозосига кўра бошқа санад билан шу ҳадисни келтиради. Яъни қачонки Имом Бухорий ҳадисни такрор келтиришдан чорасиз бўлиб қолса, санад ёки матндаги қоидалардан бир тур билан келтиради. Бунга мисол санадни бир ўринда қўшиш, бошқа жойда таълиқ қилишлик ва бир жойда санадни тўлиқ қилишлик, бошқа жойда қисқартириб келтириш каби чора-тадбирлар билан бу қийинчиликдан чиқиб кетар эди. Имом Бухорий бир ҳадисни битта санад ва битта матн билан жуда оз келтирган[2].
“ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асарида бундай ҳадислар йигирма нечта бўлиб, жумладан:
- Абдуллоҳ ибн Муғоффалнинг ёғнинг идиши тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Хумс” ва “Забоиҳ” бобида келтирган[3].
- Саҳл ибн Бакорнинг “Туяларни қурбонлик қилиш” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Ҳаж” бобида келтирган[4].
- Анас розияллоҳу анҳунинг Умму Ҳориса онамиз ҳақларида ривоят қилган ҳадиси. Уни “ал-Мағозий” ва “ар-Риқоқ” (яъни “Қуллар”) бобида келтирган[5].
- Анас розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридан чиққан, ваҳоланки, ўзлари билан бирга иккита чироққа ўхшаш нарсаси бор бўлган икки киши тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни “Намоз” ва “Пайғамбарлик аломатлари” бобида келтирган[6].
- Яна Анас розияллоҳу анҳунинг “Истисқо” (яъни Қурғоқчилик бўлганда Аллоҳдан ёмғир сўраб дуо қилиш) бобида ривоят қилган ҳадиси. У “Истисқо” бобида ва Аббос розияллоҳу анҳунинг маноқибларида келтирилган[7].
- Абу Бакранинг: “Иккита мусулмон ўз қиличлари билан йўлиқса” деган ҳадиси. Уни “Иймон” ва “Диётлар” (яъни “Хунлар”) бобида келтирган[8].
- Абу Жуҳайфанинг “ Саҳифа” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни ҳам “Диётлар” (яъни “Хунлар”) бобида келтирган[9].
- Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг “Омонат” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни “Риқоқ” (яъни “Қуллар”) ва “Фитна” бобида келтирган[10].
- Абу Ҳурайранинг Бодия аҳлидан бўлган бир киши тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. “Ҳарс” ва “Музараъа” ва “Тавҳид” бобларида келтирилган[11].
- Умар розияллоҳу анҳунинг Бани Назир қабиласининг аҳволи тўғрисида ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис “Жиҳод” ва “Тафсир” бобида келтирилган[12].
- Абу Ҳурайранинг Айюб алайҳиссаломнинг беҳожат бўлганлиги ҳақидаги ривоят қилган ҳадиси. Уни “Анбиё” (яъни “Пайғамбарлар”) ва “Тавҳид” бобида келтириб ўтган[13].
- Абу Ҳурайранинг “Меросимни тақсимлама” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис “Васоё” (яъни “Васиятлар”) ва “Хумус” (“Ўлжанинг бешдан бири”) бобида келтирилган[14].
- Абдуллоҳ ибн Амрнинг “Муаъҳид” (мусулмон мамлакатларида шартнома асосида жон пули тўлаб яшовчи мусулмонликни қабул қилмаган киши)ни ўлдиришлик тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис “Жизя” ва “Диёт” бобида келтирилган[15].
- Абу Саид розияллоҳу анҳунинг ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадис намозда сутра қўйиш (олдига бармоқ қалинлигидаги таёқдан бир тўсиқ қўйиш) ва “Бадъул холқи” (яъни махлуқотларнинг яратилиши) бобида келтирилган[16].
- Абу Ҳурайранинг Закотни сақлашлик тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Ваколат” ва “Фазоилул Қуръон” (Қуръон фазилатлари) бобида келтирган[17].
- Адий ибн Ҳотимнинг оиласидан шикоят қилган киши ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Закот” ва “Пайғамбарлик аломатлари” бобида келтирган[18].
- Анас розияллоҳу анҳунинг “Уҳуд куни” тўғрисидаги ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Жиҳод” ва “Мағозий” бобида келтирган[19].
- Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг “Ҳижратнинг аввалги кунлари” ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Пайғамбарлик аломатлари”, “Мағозий” ва “Туш таъбири” бобларида келтирган[20].
- Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг “Албатта Жаброил…” деб ривоят қилган ҳадиси. Бу ҳадисни Имом Бухорий “Мағозий” китобининг иккита бобида келтирган[21].
- Жобир розияллоҳу анҳунинг “Али розияллоҳу анҳунинг эҳром боғлашлиги” ҳақида ривоят қилинган ҳадиси. Бу ҳадис “Ҳаж” ва “Мағозий” китобида келтирилган[22].
- Оиша онамизнинг “Мустаҳоза” (яъни, ҳайз ва нифос муддатидан кейин касаллик қони келадиган аёл) ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Ҳайз” ва “Эътикоф” бобида келтирган[23].
- Абу Ҳурайранинг “Таврот тафсири” ҳақида ривоят қилган ҳадиси. Имом Бухорий бу ҳадисни “Эътисом” (Китоб ва Суннатни маҳкам ушлашлик) ва “Тавҳид” бобларида келтирган[24].
Давоми бор…