Home / АЛЛОМАЛАР / МАХДУМИ АЪЗАМ (1463-1542)

МАХДУМИ АЪЗАМ (1463-1542)

Сўфий, фақиҳ, файласуф, сиёсий арбоб, нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзамнинг тўлиқ номи – Саййид Аҳмад Хожагий ибн Саййид Жалолуддин Косоний бўлиб, 1463 йил ҳозирги Наманган вилоятининг Косон шаҳрида таваллуд топган. Айрим манбаларда 1461 йили туғилгани келтирилган. Исмидаги “Махдуми Аъзам” устози Мавлоно Муҳаммад Қози томонидан айтилган тахаллуси бўлиб, “улуғ махдум”, “устозларига садоқатли шогирд” маъноларини беради. Махдуми Аъзам ислом оламида ўтган учта буюк Аъзамлардан бири эканлигига ҳам ишорадир. Улар: Имоми Аъзам, Ғавсул Аъзам ва Махдуми Аъзам[1].

Махдуми Аъзамнинг отаси илмли, маърифатли саидзодалардан бўлиб, эл-юрт орасида катта обрў-эътиборга эга киши эди, шу сабабли, унинг исми ёнига Мавлоно сўзини қўшиб, Мавлоно Жалолид-дин деб мурожаат қилишган. Мавлоно Жалолиддиннинг отаси Саййид Жамолиддин бўлиб, у Саййид Бурҳониддин Хожанинг ўғли эди. Саййид Бурҳониддин Хожа эса Саййид Амир Мажнуннинг ўғли ва Саййид Бурҳониддин Қиличнинг невараси бўлган. Саййид Бурҳониддин Қилич тасаввуф илми соҳасида танилган мўътабар шайхлардан биридир. Хуллас, Махдуми Аъзам хонадонида сақланиб қолган шажаранома ва ишончли тарихий манбаларга кўра, Косонийнинг насаби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шажараларига 22 авлод-ли халқа орқали уланади. Саййидлар авлодига бутун мусулмон оламида ҳурмат-эътибор кучли бўлган, шу боис, Махдуми Аъзам туғилиб ўсган хонадон ҳам эл орасида табаррук хонадонлардан бири сифатида эъзозланган. Таниқли шарқшунос олим А. Мўминовнинг тадқиқотларига кўра, Махдуми Аъзам онаси-нинг аждодлари Аҳмад Яссавийга бориб тақалади. Махдуми Аъзамнинг тоғаси эса тижоратчи бўлган[2].

Махдуми Аъзам илк таълимни Косонда олиб, сўнг Ахсикатда, Хожа Муборак мадрасасида ўқишни давом эттиради. Махдуми Аъзамнинг домласи Мулла Зиё ўз шогирдининг аъло даражадаги қобилиятини эътиборга олиб, унга “илму-з-зоҳир” (оддий, умумий илмлар)дан яхши таълим беради ва шу билан бирга “илму-л-ботин”ни чуқур ўргатади. Чунончи, ёш Махдуми Аъзам устозининг раъйига кўра таниқли сўфий шоирлардан Жалолиддин Румийнинг (1207-1273) “Маснавийи маънавий” деб номланган машҳур девонини қайта-қайта ўқиб, ундаги чуқур фалсафий фикрларни “қалб кўзлари” билан кўриб, англаб олишга ҳаракат қилади.

У Муҳаммад Қози рухсати билан Ахсикатга қайтади ва у ерда мустақил ваъзхонлик қилиб, нақшбан-дия тариқатини тарғиб этишга астойдил киришади.

Муҳаммад Қози вафотидан сўнг, нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Махдуми Аъзамни “пешвойи тариқат” (“тариқат пешвоси”) сифатида эътироф этишади. Тез орада Махдуми Аъзамнинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва унинг атрофидаги қўшни мамлакатларга ёйилади.

Махдуми Аъзам Мирзо Бобурга бағишлаб “Бобу-рия” рисоласини ёзиб Ҳиндистонга жўнатади.

Тахминан 1524-1525 йилларда Махдуми Аъзам Кармана ва Миёнқол ҳокими Жонибек султоннинг таклифига биноан Карманага кўчиб келган.

Шайбоний султонларидан Убайдуллоҳхон (1504-1539), Искандархон (ваф. 1583 й.), Балх ҳокими Кистин Қаро Султон ва бошқалар Махдуми Аъзамни ўзларининг руҳий пири деб биладилар.

 

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ. Шовосил ЗИЁДОВ, Қодирхон МАҲМУДОВ.
“Имом Бухорий халқаро маркази”, 2017 йил.
ИБХИТМ Матбуот хизмати

 

[1] Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Тураев Б.О., Жабборов Н.И. Махдуми Аъзам. – Т.: Маънавият, 2010. – Б. 366-367.

[2] Ўша манба. – Б. 367-368.

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …