Home / МАҚОЛАЛАР / Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши(2-қисм)

Алоуддин Усмандийнинг “Лубобул Калом” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши(2-қисм)

Иймонда истисно қилиш йўқлиги ҳақидаги бўлим

Биз зикр қилиб ўтган гаплар билан хаворижларнинг, ашъарийлардан баъзиларнинг ва асҳобул-ҳадислар[1]нинг сўзлари ботил экани ўз тасдиғини топди. Улар айтадиларки, шахс иймонда вафот этишлик шарти билан чинакам мўмин бўлади, холос. Бинобарин, улар: “Умрининг сўнгида иймон келтирган киши ўтмишда кофир бўлган ҳисобланмайди ва – Худо сақласин, – умрининг сўнгида кофир бўлган киши ундан аввал мўмин бўлган деб ҳисобланмайди”, дейдилар. Улар: “Инша Аллоҳ, мен мўминман”, деб иймонда истисно қилишни жоиз деб ҳукм қиладилар. Айни вақтда “Мен мўминман”, деб қатъият билан айтмайдилар. Чунки биз юқорида баён қилиб ўтдикки, иймон бу, қатъий тасдиқ ва эътиқоддир, шунинг учун ҳам қачон шу иккиси топилса киши у билан сифатланади ва узил-кесил мўмин деб аталади. Ана шундан сўнг бу сифатнинг ундан кетиши бундан аввал ундан бу исмни тортиб олишни талаб қилмайди. Чунончи, гарчи кейин ўрнидан турган бўлса-да, кишида ўтириш топилган вақтда узил- кесил қилиб уни ўтиргувчи деб айтиш мумкин бўлади. Аммо у(иймон)ндан иймоннинг қабул бўлишини назарда тутсак, бу бошқа гап. Ана шунда “Иймоннинг қабул бўлиши учун иймонда вафот этиш шарт қилинади, у истисно остига дохил бўлади, банобарин, бу иш билиттифоқ жоиздир, деб айтилади. Бунда гап бўлиши мумкин эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган: “Кимда ким иймонида шак қиладиган бўлса, батаҳқиқ, кофир бўлибди”[2], деган сўзлари шунга далолат қилади.

Хабарда шундай келган: “Умматимдан икки тоифага менинг шафоатим етмайди. (Улар) қадарийлар ва муржиалар[3]дир”. “Ё Расулуллоҳ, муржиалар ким?” дедилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инша Аллоҳ, бизлар мўминлармиз, деб айтадиган қавмдир”, дедилар[4]. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни айтгувчиларни муржиалардан деб белгиладилар. Чунки, иржо қилиш бу, кейинга қўйиш бўлиб, у иймоннинг вужудга келишининг охиридир. Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу хабарни ўз исноди билан ривоят қилган. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Иймоннинг махлуқ (яратилмиш) экани ҳақидаги бўлим

Биз айтиб ўтган гаплар орқали иймоннинг махлуқ экани ўз тасдиғини топди. Чунки у банданинг амалидир ва банда барча амаллари билан бирга махлуқдир. Аммо иймондан Аллоҳ тарафидан бериладиган тавфиқ ва ҳидоятни назарда тутиладиган бўлса, ана шу пайтда иймон махлуқ бўлмайди. Чунки у Аллоҳ таолонинг сифатидир. Бироқ, унга иймон исмини ишлатиш таъбир беришдаги хатолик бўлади.

Баъзи уламолар иймонни махлуқ эмас дея даъво қилганлар. Бу билан улар гўёки иймон бу, Қуръонда зикр қилинган калимадир, деган гумонга боргандек. Булар Аллоҳ таолонинг: “Лаа илааҳа иллаллоҳ”[5], “Шаҳидаллоҳ”[6], деган сўзларидир. Бу аниқ ва равшан хатодир. Чунки гарчи тилда жорий бўлса-да, калима иймондан эмасдир. Балки иймон банданинг қалбида пайдо бўладиган амалдир ва у юқорида ўтганидек, махлуқдир. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Нашрлар бўлими бошлиғи
Отабек МУҲАММАДИЕВ
 
[1] Асҳобул-ҳадисдан мурод Молик, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг издошларидир. Ҳадисларни ўрганишга, хабарларни нақл қилишга, назар ва қиёсга мурожаат қилмаган ҳолда ҳукмларни уларга асослашга қаттиқ  эътибор қаратганлари учун шу ном билан аталганлар. Қар: Шаҳристоний, Ал-милал ван-ниҳал, ж.1, б.206;
[2] Бу ҳадис Ибн Арроқнинг “Танзийҳуш-шарийат”и, (ж.1, б.105)да, Шавконийнинг “Ал-фавоидул-мажмуа”си (б.453)да “Ким иймонида шубҳа қиладиган бўлса, батаҳқиқ, унинг иймони ҳабата бўлибди” лафзи билан келган. Ибн Ҳиббон мавзуъ ҳадис бўлса-да, бу ҳадисни Анас розияллоҳу анҳудан марфуъ тарзда ривоят қилган.
[3] Муржиалар – иймонда таъхир жоиздир, дегувчилардир. Чунки, улар иймондан амални кейинга сурганлар. Соф муржиалар бешта фирқадир: юнусийлар, ғассонийлар, савбонийлар, тувманийлар ва марисийлар. Қар: Бағдодий, Ал-фарқу байнал-фирақи, б.151; Шаҳристоний, Ал-милал ван-ниҳал, ж.1, б.139;
[4] Шавконий, Ал-фавоидул-мажмуа, б.452-453. Мавзуъ ҳадис бўлса-да, Жузқоний уни Анас розияллоҳу ануҳдан марфуъ тарзда ривоят қилган. Сунани Ибн Можанинг “Муқаддима”си(б.9)да, Сунани Термизийнинг “Ал-қадар”и (13)да, бу ҳадис “Умматимдан икки тоифа учун Исломда ҳеч бир насиба йўқдир: муржиалар ва қадарийлар” лафзи билан келган. Ибн Арроқнинг “Танзийҳуш-шариайъат”и (ж.1, б.318)га ҳам қаранг.
[5] Софаат сураси, 370-ояти.
[6] Оли Имрон сураси, 18-ояти.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …