Аллоҳ таоло Зумар сурасида кофирлар ҳақида шундай дейди:
حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءُوهَا فُتِحَتْ أَبْوَٰبُهَا
“Токи унга етиб келган чоғларида у (жаҳаннам)нинг эшиклари очилди” (71-оят).
Оятда “футиҳат абвабуҳа” калимасидан олдин “вов” боғловчиси ишлатилмаган.
Мўмин бандалари ҳақида эса марҳамат қилади:
حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَٰبُهَا
“Токи унга етиб келган чоғларида у (жаннат)нинг эшиклари очилди” (73-оят).
Бу оятда эса “футиҳат абвабуҳа” калимаси “вов” боғловчиси билан келган.
Нима учун шундай, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Араб тилининг гўзаллигига эътибор қаратинг!
“Вов самания” (саккиз вови)
Адабиёт ва фасоҳат илми билан шуғулланувчи олимлар Аллоҳнинг китобидаги бир қанча мўъжизаларга гувоҳ бўлишган.
Бу оятда “вов самания” жуда ҳам нозик равишда ишлатилган бўлиб, биз Қуръони Карим агар башарият томонидан тўқиб чиқарилган бўлганида бу даражадаги нозикликка ақли етмаган бўлишига амин бўламиз.
وَلَوْ كَانَ مِنْ عِندِ غَيْرِ ٱللَّهِ لَوَجَدُو فِيهِ ٱخْتِلَٰفًا كَثِيرًا
“Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда ундан кўп ихтилофлар топар эдилар” (Нисо сураси, 82-оят).
“Вов самания” (саккиз вови) деб номлашимизга сабаб мазкур “вов” кетма-кет, боғловчисиз келган етти нарсанинг зикридан кейин, саккизинчисидан аввал ишлатилади. Мисол учун: “Муҳаммад олим, ақлли, билимдон, тақводор, заковатли, парҳезкор ва зоҳид одам”.
Бунда Муҳаммаднинг еттита сифатидан кейин келган саккизинчи сифат “вов”, яъни “ва” боғловчиси билан келади. Араб тилининг услуби шундай.
Қуръони Каримда ҳам шунга ўхшаш мисоллар бор:
ٱلتَّئِبُونَ ٱلْعَٰبِدُونَ ٱلْحَٰمِدُونَ ٱلسَّئِحُونَ ٱلرَّكِعُونَ ٱلسَّجِدُونَ ٱلْءَامِرُونَ بِٱلْمَعْرُوفِ وَٱلنَّاهُونَ عَنِ ٱلْمُنكَرِ وَٱلْحَٰفِظُونَ لِحُدُودِ ٱللَّهِۗ وَبَشِّرِ ٱلْمُؤْمِنِينَ
“Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар ва Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир” (Тавба сураси, 112-оят).
عَسَىٰ رَبُّهُۥٓ إِن طَلَّقَكُنَّ أَن يُبْدِلَهُۥٓ أَزْوَٰجًا خَيْرًا مِّنكُنَّ مُسْلِمَٰتٍ مُّؤْمِنَٰتٍ قَٰنِتَٰتٍ تَٰئِبَٰتٍ عَٰبِدَٰتٍ سَٰئِحَٰتٍ ثَيِّبَٰتٍ وَأَبْكَارًا
“У сизларни талоқ қилса, шоядки, Роббиси сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоатли, тавбачи, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга хотин қилиб берса” (Таҳрим сураси, 5-оят).
Юқоридаги ҳар икки оятда ҳам еттита сифат кетма-кет келиб, саккизинчиси “вов” билан боғланган.
Яна бир мулоҳаза: “вов” айнан “самания” (саккиз) калимаси билан ёнма-ён келади. Масалан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига эътибор қаратинг:
سَيَقُولُونَ ثَلَٰثَةٌ رَّابِعُهُمْ كَلْبُهُمْ وَيَقُولُونَ خَمْسَةٌ سَادِسُهُمْ كَلْبُهُمْ رَجْمًۢا بِٱلْغَيْبِۖ وَيَقُولُونَ سَبْعَةٌ وَثَامِنُهُمْ كَلْبُهُمْۚ
“Ҳали улар: «Учтадирлар, итлари тўртинчиларидир», дерлар. Ва: «Бештадирлар, итлари олтинчиларидир», деб ғайбга тош отарлар. Ва: «Еттитадирлар, итлари саккизинчиларидир ҳам», дерлар” (Каҳф сураси, 22-оят).
“Тўртинчиси” ва “олтинчиси” калималарида “вов” боғловчиси йўқ. Аммо “саккизинчиси” калимаси “вов” билан келмоқда.
Яна бир оят:
سَخَّرَهَا عَلَيْهِمْ سَبْعَ لَيَالٍ وَثَمَٰنِيَةَ أَيَّامٍ
“У Зот уларнинг устидан бу шамолни етти кеча-ю саккиз кундуз бетўхтов эстириб қўйди” (Ал-Ҳааққо сураси, 7-оят).
Бу оятда ҳам “саккиз кундуз” калимаси олдидан “вов” ишлатилган.
Энди Зумар сурасидаги оятларга эътибор қаратайлик:
حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءُوهَا فُتِحَتْ أَبْوَٰبُهَا
“Токи унга етиб келган чоғларида у (жаҳаннам)нинг эшиклари очилди” (71-оят).
Бу кофирларнинг дўзахга киришдаги ҳолатлари.
Мўминларнинг жаннатга киришларининг баёнида эса бундай дейилади:
حَتَّىٰٓ إِذَا جَآءُوهَا وَفُتِحَتْ أَبْوَٰبُهَا
“Токи унга етиб келган чоғларида у (жаннат)нинг эшиклари очилди” (73-оят).
Мазкур оятда “вов” боғловчиси орттирилганини мулоҳаза қилиб кўринг.
Дўзах аҳли ҳақидаги оятда “вов” ишлатилмаган, чунки дўзахнинг эшиклари еттита, жаннат аҳли ҳақидаги оятда “вов” боғловчиси орттирилган, боиси жаннатнинг эшиклари саккизта.
Али Тантовий «Ислом динига умумий таъриф» китобларида Зумар сурасидаги мазкур икки оятни қуйидагича тафсир қиладилар:
“Кофир бўлган кимсалар гуруҳ-гуруҳ қилиниб, жаҳаннамга ҳайдалур. То қачонки улар (жаҳаннамга) келиб етганларида унинг дарвозалари очилади”. Чунки жаҳаннам гўё эшиклари қулфланган ҳибсхонадир. У эшиклар дўзахга кирувчини кутиб олиш учунгина ёхуд ундан чиқувчи банданинг чиқиши учунгина очилади. Аммо “Роббиларига тақво қилганлар жаннатга унинг дарвозалари очилган ҳолда гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб бориладилар”. Негаки, жаннатнинг эшиклари доим очиқдир, гарчи унга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч ким кирмаса ҳам.
Араб тилидан Абу Абдулқодир таржимаси.
Манба:Quran.uz канали