Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Набавий мерос ва мутаносиб тараққиётга бағишланган анжуман якунланди

Набавий мерос ва мутаносиб тараққиётга бағишланган анжуман якунланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Малайзия Ислом илмлари университети (USIM), Туанку Саййид Сирожиддин халқаро ислом университети (UniSIRAJ) билан ҳамкорликда ташкил этилган Набавий мерос бўйича 10-халқаро анжуман (SWAN X 2026) 7 октябрь куни ўз ишини муваффақиятли якунлади.

Тадбирнинг иккинчи куни онлайн форматдаги параллель илмий сессиялар ва махсус маърузалар билан давом этди. Унда рақамли даврда инқирозларни енгиб ўтиш, инсоннинг ички ва ташқи барқарорлиги ва камолоти масалаларига набавий ёндашувлар, шунингдек, замонавий жамият фаровонлигининг маънавий асослари кенг таҳлил қилинди.

Икки кун давомида “Глобаллашув шароитида барқарор тараққиёт ва оқил раҳбарлик: Пайғамбар алайҳиссалом мероси ва замонавий ёндашувлар” мавзусида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон ва Малайзия, шунингдек, Саудия Арабистони, Покистон, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Ўмон, Қатар, Индонезия, Таиланд ва Нигериядан олим ва тадқиқотчилар иштирок этди. Форум давомида тингланган 200 дан ортиқ маърузадан 50 дан зиёди офлайн, 170 га яқини онлайн шаклда тақдим этилди. Ҳар икки йилда мунтазам ташкил этиб келинадиган бундай нуфузли анжуманнинг кенг география ва фаол иштирокчиларни жамлагани унинг халқаро миқёсда нақадар муҳим ва оммабоп илмий майдонга айланиб бораётганини кўрсатди.

Ташкилотчиларнинг эътироф этишича, анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилиши чуқур тарихий ва академик аҳамиятга эга. Зеро, мамлакатимиз ислом илмий анъаналари, жумладан, ҳадис илмининг бетакрор маркази сифатида Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломаларнинг бой мероси билан чамбарчас боғлиқдир. Марказда ташкил этилган мазкур халқаро форум эса турли мамлакатларидаги олий таълим муассасалари ва илмий марказлар ўртасидаги академик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳадис, сийрат ва суннат тадқиқотлари соҳасидаги илмий муҳокамаларни янги босқичга кўтаришга муҳим хизмат қилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда SWAN X 2026 халқаро анжумани бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 6 октябрь куни Набавий мерос бўйича X халқаро анжуман – …