Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Ал-Бухорий қабрини биринчи бўлиб зиёрат қилган хорижий сайёҳ ким эканини биласизми?

Имом Ал-Бухорий қабрини биринчи бўлиб зиёрат қилган хорижий сайёҳ ким эканини биласизми?

Индонезиянинг собиқ президенти жаноб Сукарно Самарқанд яқинида жойлашган Имом Ал-Бухорий қабрини биринчи бўлиб зиёрат қилган хорижий давлат арбоби ҳисобланади. 27-30 июнь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган «Trisakti Tourism Award» кўргазмаси ҳамда «Indonesia Halal Expo-2019» маҳсулот ва хизматлар ярмаркасида шу ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир доирасида ўтказилган конференцияда Индонезиянинг туризм вазири, Ҳунармандчилик ва креатив саноат вазири, етакчи туристик ташкилотлар ҳамда авиакомпаниялар раҳбарлари иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди.

Тақдимот давомида Сукарно жаноблари Индонезия президенти сифатида 1956 йилда Собиқ Иттифоққа қилган расмий ташрифи давомида Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилгани ва бу саёҳат давомида Ҳартанг қишлоғидаги Имом Ал-Бухорий қабрини зиёрат қилишни сўрагани ёдга олинди. Жаноб Сукарно Ўзбекистонга ташриф буюрган илк зиёратчи-сайёҳ дея эътироф этилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Зиёрат туризми шўбаси бош мутахассиси Саидкомил Холхўжаевнинг сўзларига кўра, президент Сукарно юртимизга сафари сўнгида ўзбек халқини «Jauh di mata, dekat di hati», яъни «Кўзга узоқ, қалбга яқин» маъносидаги индонез мақоли орқали таърифлаган, бугунги кунда эса, икки мамлакат ўртасидаги визасиз тизим ҳамда Тошкент-Жакарта йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши орқали муносабатлар янада мустаҳкамланганини таъкидлаган.

«Бугунги кунда индонезияликлар, албатта, Индонезия давлатчилигининг асосчиси бўлган жаноб Сукарно изидан бориб, у бошлаб берган саёҳат йўналиши орқали Ўзбекистонни қайтадан кашф қилишга иштиёқманддир», – деди конференция давомида Индонезия Halal Lifestyle Center ташкилоти раиси жаноб Сапта Нирвандар.

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …