Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Истанбул Тижорат университетидан бир гуруҳ устоз ва талабалар ташриф буюрди. Меҳмонлар Марказ музейи фаолияти ва экспозициялари билан танишиб, Мовароуннаҳр алломаларининг бой илмий-маънавий мероси, ноёб қўлёзмалар ҳамда Марказ томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумотга эга бўлди.


Ташриф асносида Марказ илмий ходимлари ва меҳмонлар иштирокида “Маданият изидан: Ислом тафаккурига саёҳат” номли халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда туркиялик таниқли адабиётшунос олим, турк адабиёти, тасаввуф маданияти ва ислом цивилизацияси тарихи бўйича йирик мутахассис, профессор Ўғузхон Айдин мавзу борасидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Таъкидланганидек, ислом тафаккури шунчаки тарихий-фалсафий қарашлар мажмуи бўлиб қолмай, балки жамиятда ахлоқий барқарорлик, тўғрилик ва ҳалоллик маданиятини шакллантирувчи муҳим маънавий асосдир. Бой маданий меросимизга чуқур ҳурмат ва уни замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғун ҳолда ўрганиш ёшлар дунёқарашини кенгайтириш ва уларда юксак инсоний фазилатларни тарбиялашга хизмат қилади.


Суҳбат чоғида ислом цивилизацияси ва адабиётида ахлоқий қадриятларнинг акс этиши, тасаввуф маданиятининг инсон тарбиясидаги ўрни ҳақида сўз юритилди. Зеро, тафаккур ва маърифатга асосланган ёшлар ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди ва жамиятда соғлом муҳит қарор топишига муносиб ҳисса қўшади. Шу маънода, бундай учрашувлар талабаларнинг академик ва маънавий камолотида ўзига хос мактаб вазифасини ўташи таъкидланди.

Қизиқарли ва савол-жавобларга бой кечган тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





