Бу гал Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида ташкил этилган дастурда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Косово, Босния ва Герцеговина, Болгария ва Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидан 30 тадқиқотчи иштирок этди. Улар билан бирга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Жонибек Жумаев ҳам фаол қатнашди.

Семинар анъанавий равишда Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида бошланди. Бу йилги дастур аввалги мавсумлардан иштирокчи давлатлар географиясининг сезиларли даражада кенгайгани билан алоҳида эътибор қозонди. Бошида фақат Ўзбекистон тадқиқотчилари иштирок этган мазкур лойиҳа бугунги кунга келиб ўн давлатни бирлаштирадиган нуфузли халқаро илмий платформага айланди.

Бир ой давом этган семинар мобайнида иштирокчилар ислом тафаккури, диний-маърифий фанлар, ҳадис илми, Мовароуннаҳр илмий мактаби мероси ва замонавий илмий тадқиқот методологиясига оид машғулотларда қатнашди. Дарсларни Туркия ва бошқа мамлакатларнинг нуфузли олимлари олиб борди.

Семинарнинг якуний босқичи Истанбул шаҳридаги Туркия Халқаро ислом билим ва технологиялар университетида ташкил этилди. Унинг ниҳоясида дастур иштирокчиларига сертификатлар топширилди.

Тантанали тадбирда профессор Меҳмет Гўрмез семинар давомида орттирилган илмий тажриба ва билимлар Марказий Осиё ва Болқон мамлакатлари ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, Мовароуннаҳр илмий меросини чуқур тадқиқ этиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга хизмат қилишини таъкидлади.
Мазкур халқаро илмий дастур Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларининг илмий салоҳиятини юксалтириш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва юртимизнинг бой илмий-маънавий меросини дунё миқёсида кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





