Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Жонибек Жумаев Туркияда Халқаро ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) бош директори маслаҳатчиси Аширбек Мўминов билан учрашди.
Дўстона ва амалий руҳда ўтган музокарада томонлар ўзаро илмий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди. Мулоқот чоғида мавжуд қўшма лойиҳалар ижросининг бориши ва янгиларини ишлаб чиқиш, манбашунослик, қўлёзмаларни тадқиқ этиш ва илмий нашрлар тайёрлаш борасидаги режалар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, Марказ вакиллари Туркия Ислом, илм ва технология халқаро университети ректори, профессор Меҳмет Гўрмез билан учрашув ўтказди.

Самимий мулоқот давомида олий таълим ва илмий-тадқиқот соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Мовароуннаҳр уламоларининг бой илмий меросини биргаликда ўрганиш ва ходимлар малакасини оширишга оид лойиҳаларни изчил давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтказилган музокара икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва истиқболли лойиҳаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





