Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маҳалла тизими ходимлари Имом Бухорий мероси билан танишди

Маҳалла тизими ходимлари Имом Бухорий мероси билан танишди

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси доирасида вилоятдаги маҳаллалар раислари ва маҳалла тизими масъуллари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди.

Мулоқот давомида меҳмонларга Марказнинг асосий фаолият йўналишлари, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, аждодларимиз қолдирган маънавий-маърифий мероснинг бугунги жамият ҳаётидаги аҳамияти, ёшлар тарбияси ва эзгу қадриятларни мустаҳкамлашдаги ўрни хусусида фикр алмашилди.

Учрашувда курс қатнашчилари Имом Бухорийнинг жаҳон илм-фани ва ислом тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, ҳадис илми тараққиётида тутган ўрни ҳамда унинг илмий меросини чуқур ўрганишнинг долзарб жиҳатлари билан яқиндан танишиб, Марказда амалга оширилаётган илмий ва маърифий лойиҳалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Иштирокчилар бу каби маърифий учрашувлар маҳалла тизими ходимларининг билим ва кўникмаларини бойитиш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш ҳамда аҳоли билан ишлаш жараёнида миллий ва маънавий қадриятларга таянган ҳолда фаолият юритишига хизмат қилишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Хожа Муҳаммад Порсонинг илмий мероси – ҳадисшунослик ва фиқҳ уйғунлигининг муҳим манбаси

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг Марказда амалиёт ўтаётган совриндори, Туркиядаги Дижла университети докторанти Мустафо …