Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Доғистон Республикаси мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Муҳаммад Магомедов ташриф буюрди.

Марказ раҳбарияти билан мулоқотда меҳмонга муассасанинг ташкил этилиш тарихи, асосий фаолият йўналишлари ҳамда буюк муҳаддис олимлар, хусусан, Имом Бухорий меросини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Суҳбат давомида томонлар илмий-маърифий соҳадаги алоқаларни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирларининг бой қўлёзма меросини ўрганиш ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашувини йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашди.

Ташриф доирасида Муҳаммад Магомедов Марказ музейи билан танишди. У ерда сақланаётган ноёб экспонатлар, буюк аждодларимиз қаламига мансуб асарларнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари ҳамда замонавий нашрлар меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Учрашув якунида меҳмон самимий қабул учун Марказ раҳбариятига миннатдорлик билдириб, муассаса ходимларининг келгуси илмий фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





