Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Ислом – тинчлик ва маърифатпарварлик дини” мавзусидаги халқаро онлайн илмий семинарлар туркуми йўлга қўйилди. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади минтақада ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, халқаро илмий-маърифий мулоқотни кучайтириш ҳамда диний радикаллашув ва экстремизм каби таҳдидларга қарши курашда илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Туркум доирасидаги дастлабки халқаро онлайн семинар Қозоғистон Геосиёсий тадқиқотлар институти ва “AQNIET” ахборот-тарғибот ва реабилитация маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. “Ислом ва сиёсат: Модернизация жараёнларига муносабат” деб номланган тадбирда Қозоғистон Геосиёсий тадқиқотлар институти директори, тарих фанлари доктори, профессор Асилбек Избаиров маъруза қилди. Унда Марказ илмий ходимлари, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) вакиллари, юртимиздаги илмий муассасалар ходимлари, шунингдек, Туркия ва Қозоғистондан тадқиқотчилар иштирок этди.

Маърузачи Қозоғистоннинг диний экстремизм ва радикаллашувга қарши курашиш, диний соҳани замонавий талаблар асосида модернизация қилиш борасидаги ўзига хос тажрибаси билан ўртоқлашди. Хусусан, 1990-йиллардан бошлаб мамлакатга кириб келган турли диний оқимлар таъсири, улар келтириб чиқарган илоҳиётга оид ихтилофлар ва бу иллатга қарши қўлланган чора-тадбирлар чуқур таҳлил қилинди.
А.Избаиров ишлаб чиқилган “секуляризм (давлат, ҳуқуқ ва таълим тизимининг диний таълимотлардан ажратилганини англатувчи концепция)нинг уч босқичли модели” ҳақида тўхталиб, ҳамкорликда Марказий Осиёдаги минтақавий илоҳиёт мактабини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Қайд этилганидек, давлатнинг диний жараёнларга аралашуви эмас, балки уларни миллий манфаатлар ва универсал исломий қадриятлар доирасида мувофиқлаштириши энг самарали йўл ҳисобланади.

Мулоқот чоғида, шунингдек, исломдаги турли йўналишлар ўртасидаги баҳсли масалалар, такфирчилик муаммоси, мусулмонлик мезонлари ва тасаввуф анъаналарининг ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлашдаги ўрни муҳокама қилинди.
Савол-жавоблар сессиясида диний радикаллашувга қарши курашда миллий-маданий ўзликни сақлаб қолиш, аждодларнинг бой илмий меросини ёш авлодга етказиш ҳамда анъанавий ислом қадриятларини замонавий модернизация жараёнлари билан уйғунлаштириш асосий омиллар бўлиши қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар бундай илмий мулоқотлар майдони нафақат минтақавий, балки кенг халқаро миқёсда диний-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

“Ислом – тинчлик ва маърифатпарварлик дини” туркумидаги навбатдаги илмий тадбирлар ҳам муҳим мавзуларни қамраб олган ҳолда давом эттирилади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





