Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИЛМНИНГ ИЛҒОР НАМОЯНДАЛАРИ АНЖУМАНИ

ИЛМНИНГ ИЛҒОР НАМОЯНДАЛАРИ АНЖУМАНИ

11 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида нуфузли халқаро ташкилотлар ва хорижий етакчи илмий-академик муассасалар раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутассаддилари ICESCO, IRCICA, TURKSOY, Туркий маданият ва мерос жамғармаси, Туркия Қўлёзмалар муассасаси, Туркия Фанлар академияси ва Халқаро туркий академия (Туркия), Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ва “Ал-Фурқон” ислом мероси жамғармаси (Буюк Британия) каби нуфузли ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул ходимлари билан мулоқотда бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ушбу анжуман илм-маърифатни ривожлантириш йўлидаги мақсад ва интилишларимиз муштарак эканининг яна бир тасдиғи эканини таъкидлади.

Меҳмонларга Марказда амалга оширилган ва олиб борилаётган илмий тадқиқотларни, мамлакатда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш борасидаги ишларни, халқаро ҳамкорлар билан алоқаларга оид фаолиятни акс эттирувчи видеофильм намойиш этилди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий мероси, уларнинг муборак хоки абадий қўним топган жойларни обод манзилларга айлантириш бўйича олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан очилган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёнинг энг нуфузли илмий марказлари билан алоқалар ўрнатиб, биргаликда йирик илмий лойиҳаларни амалга ошираётгани алоҳида таъкидланди.

Муборак Рамазон ойида Самарқандда янгидан қад ростлаган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг фойдаланишга топширилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим тарихий воқеа бўлгани қайд этилиб, бу ерда зиёратчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар ҳамда ушбу мажмуанинг миллий ва умуминсоний аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Нуфузли меҳмонлар юртимизда аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўлини, уларнинг бебаҳо илмий меросини чуқур ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга улкан эътибор қаратилаётганига юксак баҳо бериб, давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказиш бўйича илгари сурилган ташаббусни олқишлади.

Суҳбат асносида нуфузли халқаро ташкилотлар ва етакчи илмий муассасалар вакиллари жорий йилнинг июнь ойида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича халқаро конференция ташкил этиш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бу юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг яна бир юксак халқаро эътирофи бўлди.

Тадбир якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказга жорий йилнинг илк стипендиати келди

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг жорий йилдаги илк совриндори, Туркиядаги Карабук университети тадқиқотчиси Айшенур Кумас …