Бугунги кунда мусулмонлар орасида тафриқа (бўлиниш) ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири такфир, яъни мусулмонни кофир деб фатво чиқариш кўпайганидир. Бу кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани маълум эмас. Шу боис бугун бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарлидир.
Интернет тармоқларида айрим тоифалар бировларни кофир деб айблашдан ўзини тиймаяпти. Ваҳоланки, мусулмон мусулмонни кофир дейиши улкан гуноҳ ҳисобланади. Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Маълумки, кофирлиги аниқ бўлган кимсани умринг бўйи кофир демасанг, Аллоҳ таоло бунинг учун сени қиёматда жазоламайди. Аммо Аллоҳнинг наздида кофир бўлмаган (чунки қалбдаги имонни фақат Аллоҳ билади) одамни умринг давомида бир марта кофир десанг, ўзингни Аллоҳ таоло ҳузуридаги энг улкан гуноҳга рўбарў қилибсан”, деган.
Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонни кофирга чиқаришнинг зарарли хатарини бир қанча ҳадисларда баён қилганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар”. Ким мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфрдир. Бу ҳолатда кимнингдир имонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқаряптими, демак, ўзи кофир бўлади. Бировга “Эй кофир” дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни, бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бундай инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади. Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Аҳли сунна вал жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишни буюрган. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ақидатут Таҳовий” асарида бундай дейди: “Қибла аҳлининг бирортасини гуноҳи сабабли – то уни ҳалол санамас экан – кофирга чиқармаймиз”. Бу шуни англатадики, мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз ислом доирасида қолаётган бўлади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ бу хусусда машҳур ҳанафий олим Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтиради: “Мусулмонни кофир дейишга далолат бўладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат бўлувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади”.
Бу сўзлар такфир нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имондан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ё нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитнага етаклайди. Шу сабабли мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозим.
Барча уламолар иттифоқига кўра, қибла аҳлини – мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ қибла аҳлидан бирор кишини кофир деб ҳукм қилмаган. Унинг “Фиқҳул акбар” китобида бундай ёзилган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, – башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса – ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни мўмин деб атайверамиз, уни фосиқ дейиш мумкин, фақат кофир эмас”.
Бир мусулмоннинг қони, обрўси ва моли бошқа бир мусулмон учун қадрли бўлиши лозим. Видолашув ҳажида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган мана бу гап буни тасдиқлайди: “Албатта, қонларингиз, молларингиз ва обрўингиз ўзларингиз учун худди шу кунингиз, шу ойингиз ва шу шаҳрингиз каби муҳаррамдир. Бу ерда ҳозир бўлган киши ҳозир бўлмаганларга етказсин”.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли кофир дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хаворижлардир. Улар: “Мўмин киши гуноҳ қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади”, деди. Бора-бора уларнинг такфирдан бошқа иши қолмади. Шариатга зид бундай ёндашув мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятлар келтириб чиқариб, қирғинбарот урушларга, беҳисоб мусулмонларнинг қони тўкилишига олиб борди. Уламолар исломга хаворижларчалик катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайди.
Халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган хаворижлар фирқаси такфир тушунчасини ўзига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. Улар олдин Али розияллоҳу анҳунинг ашаддий тарафдорлари эди. Сиффийн жангидан сўнг ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, Али ва Муовия розияллоҳу анҳумога қарши баробар кураш бошлаб юборган.
Хаворижлар қурол ишлатиш йўли билан ўз эътиқодини ёйиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилган. Мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санаган. Жамал воқеаси иштирокчиларини, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни куфрда айблаган. Катта гуноҳ қилганларни кофирга чиқариб, уларнинг аҳли аёли, моли ва жонини ўзига ҳалол санаган. Хаворижларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, Али розияллоҳу анҳу ҳаётига ҳам тажовуз қилинган.
Ислом уламолари хаворижларнинг катта гуноҳга оид даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъкидлайди. Динимиз тарихида хаворижлар қўллаган услуб бугун ҳам ўзини жиҳодчи қилиб кўрсатаётган тўдалар мафкурасида давом эттириляпти. Улар ўзига эргашмаган шахс ва тузумларни кофирликда айблайди. 2005 йил июль ойида Иорданиянинг Аммон шаҳрида етакчи ислом уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.
Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.
Забардаст олим Рамазон Бутий бир мақоласида қуйидагиларни ёзган: “Саҳобаларнинг замонини ўргандим, бирортасининг гуноҳ қилган кимсани кофирга чиқарганини кўрмадим. Ўз орасида мўътазила, жаҳмия, хавориж ва бошқа фирқалар бўлишига қарамай, улар ҳам ҳеч кимни гуноҳи сабабли кофирга чиқармаган. Энди ҳар бир гапида мусулмонни кофирга чиқараётган ҳозирги кимсаларга нима ҳам дейиш мумкин! Улар “Биз саҳоба ва тобеинларга эргашамиз” деган даъвони кўтаради-ю лекин қилаётган ишлари асло саҳоба ва тобеинларнинг амалларига тўғри келмайди. Улар мусулмонни кофирга чиқаришни худди бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган тасбеҳ сингари кўп ишлатади”.
Ҳозирги кунда мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатоси динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларидан бехабарлик ёки билса ҳам, эътиборга олмасликдир. Бировни кофир дейиш ўйин эмас. Чунки бунинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ўта хатарлидир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган (буюрмаган). Бир нарсани вожиб ё ҳаром дейиш, бировга савоб ё азоб бериш, бировни кофир ё фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир”, деган.
Хулоса қилиб айтганда, хавориж ва мўътазила каби фирқалар такфир масаласини аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид тарзда талқин қилган. Ҳозирги кунда ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли оқимлар мусулмонларни қилган амали боис кофирга чиқариш орқали ўз жиноятларини оқламоқда. Бу динимиз таълимотига зиддир. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеинлар ва уларга эргашган уламолар гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга ва салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозим.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





