Сўнгги пайтларда айрим доираларда “мўмин киши одамлардан ҳеч қандай эътибор ё мукофот кутмаслиги, дин йўлига чиққан инсон натижа ҳақида ўйламаслиги керак, шунингдек, одамлардан мақтов ё ташаккур эшитишга ҳаққи йўқ” деган мазмундаги гап-сўзлар тарқалмоқда. Бир қарашда бу фикрлар чин ихлосга даъватдек туюлса-да, аслида илмий ва шаръий жиҳатдан жиддий муаммоларни ўз ичига олади.
Исломда ихлос – амални фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилишдир. Бироқ бу тушунчани нотўғри талқин қилиб, одамлар билдирадиган ҳар қандай эътирофни, қўлга киритиладиган натижани, эришиладиган нуфузни мутлақ инкор қилиш шариатдаги мувозанатга зид бўлади.
Аллоҳ таоло мўминларнинг амалларини зое қилмаслигини, уларни дунёда ҳам, охиратда ҳам мукофотлашини баён қилади. Демак, дунёвий натижани, хусусан, одамлар орасидаги ҳурмат-эътиборни мутлақ ёмонлик сифатида кўрсатиш тўғри эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг хизматларини очиқ эътироф этганлар, жасорат ва фидойиликни мақтаганлар, муносиб инсонларни масъулиятли лавозимларга тайинлаганлар. Масалан, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, қўмондон этиб тайинланган. Дунёвий эътирофнинг риё бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга йўл қўймаган бўлардилар.
Гапнинг асли шуки, бу хусусда муаммо мукофот ё мақомда эмас, балки уларни амалнинг асосий мақсадига айлантириб олишдадир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло мўминларга нусрат, ғалаба ва иззатни ваъда қилган. Пайғамбарлар ўз қавмларининг ҳидоятини истаган ва шунинг натижасини орзу қилиб, Аллоҳдан сўраган. Демак, натижа ихлосга зид эмас, муҳим жиҳат – ўша натижани Аллоҳнинг иродасига топширишдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амаллар қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз” (Каҳф сураси, 30-оят).
Бу оят Аллоҳ банданинг амалини қадрлашини, бу қадрлаш фақат охират билан чекланмай, дунё ҳаётида ҳам турли шаклларда намоён бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Исломда дунёвий мукофотнинг ўзи ёмонланмайди. Таъкидланганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни хизматига қараб мақтаганлар, уларга масъулият юклаб, мансаб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга ҳам шукр қилмаган бўлади”, дедилар (Термизий ривояти).
Бу ҳадис одамлар орасида миннатдорлик ва эътирофни инкор қилиш исломий руҳга зид эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турипти. Банда вазифани адо этади, натижа эса – Аллоҳнинг инъоми.
Одамларнинг асл нияти ва қалбидаги чин эътиқоди нима эканини билмасдан ҳукм чиқариш қанчалик тўғри!? Исломда инсонларнинг ички ҳолатини билмай туриб, уларни риё, манфаатпарастлик ё ихлоссизликда айблаш қатъиян ман этилган. Ҳамма одамларни бир хил ҳолатда тасвирлаш, бирор киши ҳақида риё ва беихлослик тасаввурини уйғотиш адолатдан йироқ ва шаръан асоссиздир. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларга худди илгари ўтган (имонли) зотларни (ер юзига) халифа (ҳукмрон) қилганидек, уларни ҳам ер юзига халифа қилишни ваъда қилди” (Нур сураси, 55-оят).
Бу ўринда “халифа қилмоқ” фақат “ҳукмдорлик” маъносида эмаслигини англаш учун катта олим бўлиш шарт эмас. Бандани “халифа қилмоқ” уни одамлар орасида нуфузли бўлиш билан сийламоқдир. Бу нуфуз мол-давлат, обрў-эътибор, амал-мансаб ва бошқа омиллар шаклида намоён бўлиши, баъзан уларнинг ҳаммасини ўзида жамлаши мумкин. Мисол тариқасида суриялик шайх Рамазон Бутийни келтирадиган бўлсак, унинг мансаби катта эмас эди, лекин илми (фақиҳлиги) туфайли орттирган нуфузи бутун ислом оламига ёйилган бўлиб, фатволари, ўгитлари, насиҳатлари, асарлари вафотидан кейин ҳам долзарблигича сақланиб турипти. Ундан ўз вақтида ҳатто давлат раҳбари ҳам маслаҳат сўраб тургани яхши маълум. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг “халифа қилмоқ” билан сийлагани белгисидир.
Пайғамбарлар ўз қавмларининг ҳидоятини истаган, ғалаба ва ислоҳни (эътиқодда собитликни) орзу қилган. Демак, натижани исташ мумкин, аммо уни яратишни Аллоҳга топшириш лозим. Ҳар нарсани ато этувчи Парвардигор инъомни ҳам фақат Ўзи ато этади. Шунинг учун одамнинг қалбида нима борлигини билмай туриб, ҳукм чиқариш исломда қатъиян ман этилган. Ҳадисда қуйидагича келади: “Усома ибн Язид розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни Хурақо томон юбордилар. Биз у қавмга тонгда ҳужум қилдик ва уларни енгдик. Мен ва бир ансорий улардан бир кишини учратиб қолдик. Биз уни қуршаб олган эдик, у “Лаа илааҳа иллаллоҳ!” деди. Ансорий ўзини тўхтатиб қолди. Мен эса найзамни санчиб, уни ўлдирдим. (Мадинага) келганимизда бу хабар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. У зот: “Ҳой Усома! “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, деганидан кейин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен: “У қутулиб қолмоқчи эди”, дедим. У зот ўша гапни қайта-қайта такрорлайвердилар, ҳатто ўша кундан аввал мусулмон бўлмасайдим, деб орзу қилиб қолдим”.
Ҳозирги баъзи юзаки ҳукмлар бир томондан ўша саҳобанинг ҳолатини эслатади.
Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак – ҳурмат билан ибодат ўртасида фарқ бор. Дейлик, дунё манфаати учун бирор мансаб эгасини кўкка кўтариб, хушомад қилмасдан (илоҳийлаштирмасдан) доно раҳбар, оқил бошқарувчи, одамларни фойдали ишларда ўзига эргаштира оладиган етакчи сифатида ҳурмат қилиш ширк бўлмайди. Ёки айтайлик, бирор яқинимизни оғир хасталикдан халос этган (шунга сабабчи бўлган) шифокорни эъзозласак, одамлар орасида унинг қобилиятларини тилга олсак, бу ибодат эмас, касбининг устаси бўлган кишига эҳтиром ва миннатдорлик бўлади.
Ислом роҳиблик дини эмас. Яъни, таркидунёчиликни тарғиб этмайди, балки ҳаётнинг охиратдаги натижа учун восита-сабаб эканини уқтиради. Қуръони каримда айтилганидек, “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин” (Қасас сураси, 77-оят). Дунёвий иззат ва мақом мақсадга айлантирилмаса, балки Аллоҳнинг неъмати ва инъоми сифатида қабул қилинса, у ихлосга зид бўлмайди.
Ислом дунёни бутунлай тарк этишни буюрмайди. Мазкур оятда бандаларга Аллоҳ берган неъматлардан фойдаланиш, аммо охиратни унутмаслик амр этилган. Дунёвий иззат, мақом ё мукофот мақсадга айланиб қолмаса бўлгани. Яъни, булар синов ва неъмат, холос. Роҳиблик ва ўзини ўзи камситиш (дунёда хорликни орзу қилиш) – исломий йўл эмас.
Хулоса қилиб айтганда, ихлос баҳонаси билан умумий ва кескин ҳукмлар чиқариш, одамларнинг ниятини шубҳа остига қўйиш хавфлидир. Негаки, бу шариатдаги мувозанатни бузади. Амал – Аллоҳ учун, натижа – Аллоҳдан, дунёвий эътироф эса мақсад эмас, балки неъмат ва инъом бўлиши керак. Шу қатъий қоида унутилмаслиги керак, вассалом.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ихлосда энг юксак бўлганлари ҳолда, энг улуғ мақом ва ҳурматга сазовор бўлганлари, қарийб 15 асрдан буён у зотга ҳар куни миллиардлаб саловат айтилиб тургани бу ҳақиқатнинг энг ёрқин далилидир.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





