Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Исломда маданий мулоқот ва дипломатиянинг аҳамияти”

“Исломда маданий мулоқот ва дипломатиянинг аҳамияти”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида шу мавзуга бағишланган маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда АҚШдаги Цивилизациялар алмашуви ва ҳамкорлик фонди (CECF) президенти Имом Муҳаммад Башар Арафот ҳамда америкалик тадқиқотчи ва машҳур публицист Жон Кизер Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми мактаби раҳбарияти ва талабалари билан бугунги глобаллашув даврида диний бағрикенглик ва маданий дипломатиянинг ўрни ҳақида муҳим мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Муҳаммад Башар даставвал ўз ташкилотининг халқаро тажрибасига тўхталиб, маданий дипломатиянинг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратди. У ташкилот фаолиятининг бош мақсади турли халқлар ва динлар вакиллари ўртасида илмий-амалий тажриба алмашиш орқали ўзаро ишонч кўприкларини қуриш эканини таъкидлади.

Нотиқнинг фикрича, маданий мулоқотга сиёсий жараёнлардан айро ҳолда, соф инсонийлик ва яхшилик улашиш воситаси сифатида қараш лозим. У дунёнинг қайси нуқтасига бормасин, доимо маданий алоқаларга асосий урғу беришини билдирди. Ҳозирги даврда технологик ютуқлардан кўра, инсоннинг инсон билан самимий мулоқотга киришиши муҳимроқ эканига урғу берди. Шунингдек, Имом Бухорийдек буюк алломаларнинг мероси нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният учун ўзаро ҳурмат ва юксак одоб-ахлоқ мезонларини белгилаб беришини қайд этди.

Америкалик тадқиқотчи ва машҳур мақолалар муаллифи Жон Кизер халқаро институтларнинг ислом қадриятлари бўйича алоқаларини ривожлантириш зарурати ҳақида сўз юритди. У кўп йиллик илмий изланишлари ва кузатувларига таяниб, дунёдаги йирик халқаро ташкилотларнинг мусулмон оламидаги илмий қатлам билан алоқалари замон талаби даражасида фаол эмаслигини афсус билан таъкидлади.

Жон Кизер ислом дипломатияси ва унинг маънавий асосларини тушунмасдан туриб, глобал тинчликка эришиш мушкул эканини баён қилди. 2024 йилдан Ўзбекистон билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида Марказ ходимлари ва Ҳадис илми мактаби талабалари билан учрашиб турганидан мамнунлигини изҳор этди. Тадқиқотчининг фикрича, ҳақиқий дипломатия нафсни иллатлардан поклаш ва бошқаларга меҳр-муҳаббат билан ёндашишдан бошланади. CECF таклиф этаётган грант лойиҳалари ана шундай илмий-маънавий алмашувни қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини қайд этди.

Тадбир якунида меҳмонлар иштирокчиларнинг саволларига жавоб берар экан, халқаро маданий мулоқотни фаоллаштиришда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий салоҳияти муҳим ўрин тутишини эътироф этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказга жорий йилнинг илк стипендиати келди

Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг жорий йилдаги илк совриндори, Туркиядаги Карабук университети тадқиқотчиси Айшенур Кумас …