Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегациянинг Индонезияга хизмат сафари бошланди. Ташриф доирасида делегация аъзолари Индонезиянинг йирик ва машҳур маъмурий бирликларидан бири – Шарқий Ява провинцияси губернатори Хафифа Индар билан расмий учрашув ўтказди.

Самимий мулоқот давомида Ўзбекистон ва Индонезиянинг мазкур икки минтақаси ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Губернатор Хафифа Индар Индонезия халқи Ўзбекистон, хусусан, Самарқанд заминини азалдан муқаддас санашини алоҳида таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янгидан қад ростлаган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг фойдаланишга топширилиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим тарихий воқеа бўлганини эътироф этди. Шунингдек, Самарқанд билан яқин алоқалар ўрнатиш Шарқий Ява учун устувор йўналиш экани билдирилди.

Учрашувда туризм соҳаси ҳамкорликнинг асосий “драйвери” сифатида баҳоланиб, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш зарурати қайд этилди. Бундан ташқари, “Умра плюс” дастури доирасида Шарқий Ява расмий шахслари ва уламоларидан иборат нуфузли делегацияларнинг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Музокарада Самарқанд вилояти билан Шарқий Ява провинцияси ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи белгилаб олинди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





