Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари, таниқли журналистлар ва медиа экспертлар учун навбатдаги медиа-тур ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбарияти, “Ўзбекистон 24”, “Yoshlar”, “Mahalla”, “MY5”, “Renessans” каби марказий телеканаллар, “Жадид” газетаси ҳамда “Xabar.uz”, “Yuz.uz”, “Anxor.uz” каби нуфузли интернет нашрларининг 30 нафарга яқин вакили қатнашди.

Медиа-тур давомида иштирокчилар Марказ фаолиятининг ҳуқуқий асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги қарори ижроси доирасида ўтган даврда эришилган стратегик натижалар билан танишиб, бой экспозицияга эга музейи, нодир манбалар хазинасига айланган кутубхона ва медиа-студия фаолиятини кўздан кечирди. Марказда олиб борилаётган илмий фаолият Янги Ўзбекистондаги маърифий уйғонишнинг энг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироф этилди.

Марказ мажлислар залида ўтказилган тақдимотда 9 йиллик фаолият сарҳисоби фактлар рақамлар мисолида намойиш этилди. Қайд этилганидек, ўтган даврда дунёнинг 50 та етакчи илмий маркази билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 130 мингдан ортиқ қўлёзманинг электрон нусхалари жамланди, 128 та янги китоб ва рисола нашр этилди.


Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мутасаддилари ва марказий ОАВ вакиллари Марказ фаолиятига юқори баҳо бериб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, Марказнинг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосидаги фаолияти жамиятда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва буюк аждодларимиз меросини кенг тарғиб этишда муҳим илмий платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Самимий руҳда ўтган ва мазмунан жуда бой бўлган медиа-тур доирасида журналистлар Марказ вакилларидан интервьюлар олиб, истиқболдаги ижодий ҳамкорлик режаларини белгилаб олди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





