Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Навоий вилояти бўйлаб ўтказаётган маънавий-маърифий учрашувлар тизими кенгайиб бормоқда. Навбатдаги тарғибот тадбири Навоий Шарқ университети талаба-ёшлари иштирокида ташкил этилди.

Семинарда Марказ илмий ходими Т.Эвадуллаев ҳамда университетнинг профессор-ўқитувчилари маъруза қилди. Мулоқот давомида бугунги мураккаб глобаллашув шароитида ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш ва мустаҳкамлаш нафақат шахсий камолот, балки жамият барқарорлигининг муҳим шарти экани алоҳида таъкидланди.

Т.Эвадуллаев жаҳолатга қарши курашишнинг энг самарали йўли юксак маърифат эканини илмий асослар билан тушунтириб берди. Маърузада талабалар эътибори илм олишга иштиёқни ошириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни чуқур англаш ва қадрлаш ҳамда турли ёт ғояларга нисбатан сергак бўлиш зарурлигига қаратилди. Шунингдек, Марказ томонидан нашр этилган янги адабиётлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.


Тадбирда тингловчилар диққати тўғри мулоҳаза юритиш ва оқилона хулоса чиқаришга ҳам йўналтирилди. Мутахассислар берган тавсиялар ёшларнинг нафақат билим доирасини кенгайтиришга, балки уларда ахборот хуружларига нисбатан шахсий позицияни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





