Home / МАҚОЛАЛАР / САЛОМАТЛИКНИ АСРАШНИНГ ШАХСИЙ ВА ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТИ

САЛОМАТЛИКНИ АСРАШНИНГ ШАХСИЙ ВА ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТИ

Соғлик – энг катта бойлик. Соғлом инсон нафақат ўз ҳаётидан завқ олади, балки жамият ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Шу сабабли саломатликни асраш ва мустаҳкамлаш ҳар бир инсоннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Инсон саломатлиги жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Негаки, иқтисодий барқарорлик, ижтимоий фаровонлик ва барқарор ривожланишнинг асосий гарови соғлом аҳолидир. Шу нуқтаи назардан, ислом динида инсон саломатликни асраш ва мустаҳкамлаш фарз саналади. Унга жуда муҳим аҳамият берилиб, Аллоҳ ато этган энг муқаддас неъмат сифатида қаралади. Ҳадисларда инсонга тана ва руҳ саломатлигини асраш буюрилган.

عَنْ عَبْدِاللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالفراغ» رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўпи уларни бой бериб қўяди. (Бу) саломатлик ва бўш вақтдир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Чуқур маъноли бу ҳадис ҳал қилувчи ҳаётий аҳамиятга эга. Унда инсонлар кўпинча қадрига етмайдиган икки улуғ неъмат – саломатлик ва бўш вақт ҳақида сўз боряпти. Пайғамбар алайҳиссалом бу сўзлари орқали инсонларни ҳушёрликка чақирганлар, яъни бу неъматлардан унумли фойдаланишга, уларнинг қадрини англашга даъват қилганлар.

Тарихга назар ташласак, Иккинчи жаҳон уруши тугагач, дунё мамлакатлари инсон саломатлиги глобал муаммо эканини чуқур англаб, кун тартибининг доимий масалалари мақомига чиқарди. Касаллик чегара билмаслиги ва эпидемиялар тез тарқалиши кенг халқаро ҳамкорликни тақозо этади. Шу сабабли 1948 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO)га асос солинди. Шу муносабат билан ҳар йили 7 апрель “Жаҳон саломатлик куни” сифатида нишонланади.

Бу анъана 1950 йилда бошланган. Ушбу санада жаҳон ҳамжамияти инсон саломатлиги билан боғлиқ долзарб муаммоларга эътибор қаратади ва халқларни соғлом турмуш тарзига даъват қилади. Бу кунда юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, руҳий саломатлик, пандемия ва болалар орасида учрайдиган касалликлар каби мавзулар марказий аҳамиятга эга бўлади.

Бу ўринда юртимизда инсон саломатлигига эътибор сўнгги йилларда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлаш керак. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт тизимини модернизация қилишга катта эътибор қаратмоқда. Янги шифохоналар қурилмоқда, мавжудлари таъмирланиб, энг замонавий илғор ускуналар билан жиҳозланмоқда.

Президентнинг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди ва унинг ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” миллий ривожланиш стратегияси доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда профилактика, вакцинация ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда. Хусусан, профилактика асосий йўналишлардан бири бўлиб, касалликларнинг олдини олишга алоҳида урғу берилмоқда. Зеро, касални даволагандан кўра, олдини олиш ва сабабларини бартараф этиш фойдалироқдир. Бундан ташқари, қишлоқ жойларда тиббий хизмат сифати ошириш ва қамровини кенгайтириш мақсадида оилавий шифохона ва поликлиникалар фаолияти такомиллаштирилмоқда.

Рақамлаштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга: электрон тиббий карталар, онлайн навбат тизими ва телемедицина хизматлари жорий этилмоқда. Бу тадбирлар аҳоли саломатлигини сақлаш ва профилактика ишларини самарали ташкил этиш имконини беряпти.

Хулоса қилиб айтганда, инсон саломатлиги шахсий фаровонлик ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили ҳисобланади. Ислом таълимотида саломатлик энг улуғ неъмат сифатида эътироф этилган ва уни асраш инсоннинг муҳим бурчи саналади. Глобал даражада саломатликни муҳофаза қилиш халқаро ҳамкорликни талаб этади. Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, профилактика, рақамлаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар ушбу соҳанинг устувор аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди. Соғлом инсон жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан барқарорлик бўлиб, иқтисодий ва маданий ривожланишга ҳисса қўшади. Шу сабабли саломатликни асраш ҳар бир шахснинг муҳим бурчи ҳисобланади.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Инсон вафотидан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар

Бир ҳадис шарҳи Инсон бу дунёда меҳмон, ҳар бир жон эгаси бир кун келиб бу …