Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд давлат чет тиллар институти талабалари ташриф буюрди.

Даставвал ёшлар Марказ музейи билан яқиндан танишиб, ноёб қўлёзмалар, тарихий манбалар ва экспонатлар орқали Имом Бухорийнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий мероси ҳақида атрофлича маълумот олди. Айниқса, муҳаддис олимнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ҳақидаги маълумотлар уларда катта қизиқиш уйғотди.


Ташриф доирасида талабалар иштирокида давра суҳбати ҳам ташкил этилди. Мулоқот давомида ёшларнинг маънавий тарбияси, илмга интилиш, замонавий таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, жамият тараққиётида ҳалоллик, поклик ва масъулият каби фазилатларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ҳалоллик нафақат шахсий камолотнинг, балки жамиятда ишонч ва адолатни таъминлашнинг муҳим омили экани мисоллар орқали тушунтирилди.

Тадбир якунида талабалар бундай учрашувлар уларнинг дунёқарашини бойитиши, маънавий қадриятларга муносабатини яхшилаши, иштиёқини янада оширишини таъкидлади. Ёш меҳмонлар Марказ фаолиятига юқори баҳо бериб, бундай маърифий мулоқотлар бардавом бўлишига умид билдирди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





