Home / МАҚОЛАЛАР / Рамазон раҳмат, мағфират ва нажот ойи

Рамазон раҳмат, мағфират ва нажот ойи

Рамазон – шунчаки рўза тутадиган ой эмас. Бу ниятлар тўғриланиб, қалб покланадиган, инсон ўзини қайта кашф этадиган муборак палладир. Рамазон рўзаси 622 йили, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларидан икки йил ўтиб, шаъбон ойининг 18 куни фарз қилинган. Шундан буён уни бутун дунё мусулмонлари хурсанд бўлиб кутиб олади. Жумладан, юртимизда ҳам азалдан Рамазон муқаддас ва улуғ ой сифатида қадрланиб келинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори юртимиз мусулмонлари учун нур устига нар бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Қарордан кўзланган асосий мақсад муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш, унинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган одамийлик, инсон шаънини улуғлаш, яхшилик ва меҳру саховат каби фазилатларни намоён этадиган, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаш, оила ва маҳаллаларда, бутун юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларни ташкил этиш ва халқимизга мансуб олийжаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдан иборатдир.

Бу ой халқимизнинг нафақат диний, балки маънавий ҳаётида ҳам алоҳида ўрин тутади. Рамазон келиши билан юртда ўзига хос руҳий муҳит, поклик, меҳр-оқибат ва бирдамлик ҳисси шаклланади. Одамлар орасида сабр-тоқат, бағрикенглик ва меҳр-шафқат туйғулари кучаяди. Кексаларга ҳурмат, ёшларга иззат, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби қадриятлар янада жонланади.

Ифторлик дастурхонлари атрофида қўни-қўшни, қариндош-уруғ, дўст-биродарлар жам бўлиб, дуолар қилиши ва маънавий суҳбатлар қуриши халқимизга хос гўзал анъаналардан биридир.

Рамазон ойида хайр-саховат ишлари кенг қулоч ёяди. Садақа, эҳсон, закот ва хайрия тадбирлари баҳонасида кам таъминланган оилалар, етим-есирлар ва беморлар ҳолидан хабар олинади. Бу эса жамиятда ижтимоий ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди.

Масжидларда таровеҳ намозлари, Қуръон тиловати ва маънавий-маърифий суҳбатлар кўпайиб, инсонларни эзгуликка, покликка ва ҳалолликка чорлайди. Рамазон нафақат ибодат ойи, балки тарбия ойидир – нафсни тийиш, ёмон одатлардан воз кечиш, яхши хулқ-атворни мустаҳкамлаш давридир.

Рамазон – раҳмат, мағфират ва нажот (дўзахдан озод бўлиш) ойи. Унинг дастлабки ўн кунида Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, иккинчи ўн кунлигида тавба қилган бандаларнинг гуноҳлари мағфират этилади, учинчи декадада эса мўмин-мусулмонлар дўзахдан озод қилинади.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод қилинадиган ойдир”, дедилар”.

Ушбу уч фазилат Рамазон ойининг энг муҳим хусусиятларидандир. Чунки ҳар бир мўминнинг буюк орзуси – аввало Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш, кейин гуноҳлардан покланиш ва дўзахдан сақланиб, жаннатга киришдир.

Албатта, Рамазон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғиладиган ойдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда раҳмат эшиклари очилади”, деганлар.

Бу ойда мўминлар қиладиган барча дуо ва ибодатлар алоҳида ҳузур-ҳаловат бағишлайди, руҳий таскин билан бирга улкан ажр-савобга ҳам сабаб бўлади. Рамазонда рўзадор инсоннинг ўқиган намози, айтган тасбеҳи, ҳатто уйқуси учун ҳам ажр-савоб ёзилади.

Рамазон мўмин-мусулмонлар учун мағфират – гуноҳлар кечириладиган ойдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини имон-эътиқод билан, Аллоҳдан савоб умид қилган ҳолда тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”.

Шу билан бирга, Рамазон мўмин-мусулмонлар учун “итқун минан-нийрон” (оташдан халос бўлиш) ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг ҳар тунида Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бўлади”, деганлар.

Юртимизда Рамазонга муносабат фақат диний ибодат билан чекланиб қолмай, умуммиллий қадрият даражасига кўтарилган. Ҳатто рўза тутмайдиган инсонлар ҳам бу ойга ҳурмат билан қараб, рўза тутувчиларга эҳтиром кўрсатади. Бу халқимизнинг бағрикенглиги ва маънавий маданияти юксак эканидан далолат беради.

Аллоҳ таоло юртимизда Рамазон шукуҳини янада зиёда қилсин. Мусулмонларга Рамазон ойининг фазилатларидан баҳраманд бўлиш бахтини ато этсин, ибодатларини қабул айлаб, дуоларини ижобат қилсин. Омин!

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Асалга оғу қўшиб едираётганлар

Диний мавзуда сўз юритиш ўта ҳассос, айни вақтда хатарли ишдир. Ҳассослиги шундаки, инсон боласи ўзига …