Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда ўқув амалиёти: назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланмоқда

Марказда ўқув амалиёти: назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ҳадис илми мактаби талабалари учун ўқув амалиёти изчил равишда давом этмоқда. Ушбу амалий машғулотлар ёш тадқиқотчиларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш ва уларни илмий изланиш жараёни билан бевосита боғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Амалиёт доирасида талабаларнинг илмий-тадқиқот соҳасига оид назарий қарашлари амалий кўникмалар билан уйғунлаштирилмоқда. Бу эса уларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва илмий хулоса чиқариш компетенцияларини шакллантиришга хизмат қилади.

Навбатдаги машғулот «Илмий тадқиқот ишини ташкил этиш» мавзусига бағишланди. Дарс жараёнида илмий изланишнинг моҳияти, тадқиқотни тўғри режалаштириш, мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаш, шунингдек, объект ва предметни илмий асосда танлаш каби муҳим жиҳатлар атрофлича ёритилди. Шу билан бирга, мавзу танлаш мезонлари — долзарблик, илмий янгилик ва амалий аҳамият каби омиллар юзасидан кенг қамровли муҳокама олиб борилди.

Машғулотни марказнинг катта илмий ходими Мехрожиддин Амонов олиб борди. У дарс давомида тадқиқотни самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар, методик йўл-йўриқлар ва илмий фаолиятда учрайдиган долзарб масалалар юзасидан зарур тушунчалар берди.

Бундай амалий машғулотлар талабаларнинг илмий салоҳиятини ошириш, уларни мукаммал тадқиқот ишларини амалга оширишга тайёрлаш ҳамда замонавий илм талабларига мос мутахассис сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Президент Мурожаатномасида ички бозорда талабни рағбатлантириш тўғрисида нималар дейилган?

Ҳадис илми мактабида давом этаётган махсус ўқув курсининг навбатдаги машғулоти шу мавзуга бағишланди. Имом Бухорий …