Ислом олами мутафаккирлари бўйича 6-семинар (SSIC-2026)ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланган онлайн ишчи муҳокама ўтказилди. Унда мазкур халқаро илмий тадбирни ташкил этишга жалб қилинган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош ташкилотчи сифатида, шунингдек, Малайзия Миллий университети (Universiti Kebangsaan Malaysia – UKM) қошидаги Ислом цивилизацияси институти, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби раҳбарияти иштирок этди.

Муҳокама давомида Ислом цивилизацияси институти билан Ўзбекистон илмий муассасалари ўртасида сўнгги ўн йил мобайнида шаклланган мустаҳкам илмий-академик ҳамкорлик барқарор ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, айнан UKM ҳузуридаги илмий тузилмалар билан ўтказилган қўшма семинар ва форумлар ислом цивилизацияси олимлари бўйича семинарлар туркумининг илмий ва мазмуний асосини шакллантириб келмоқда. SSIC-2026 ҳам ушбу стратегик илмий ҳамкорликнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлади.

Ишчи муҳокамада семинарнинг асосий мақсад ва вазифаларига аниқлик киритиб олинди. Жумладан, ислом цивилизацияси тараққиёти жараёнида мусулмон уламоларининг жаҳон цивилизацияси равнақига қўшган илмий ва маънавий ҳиссасини кенг ёритиш, Ўзбекистон ва Малайзия илмий мактаблари ўртасида тажриба алмашувини янада ривожлантириш, шунингдек, ёш тадқиқотчиларда бой тарихий меросга қизиқишни ошириш устувор мақсадлар сифатида белгилаб қўйилди.
Шунингдек, тадбирнинг формати, мавзулар доираси, иштирокчилар таркиби ҳамда ташкилий-техник масалалар батафсил муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, семинар гибрид шаклда – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида анъанавий тарзда ҳамда Zoom платформаси орқали онлайн форматда ўтказилади.

Муҳокама якунида ислом цивилизацияси олимларига бағишланган 6-семинарни 2026 йил 10-11 июнь кунлари ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Галдаги семинар ҳам ислом цивилизациясини тадқиқ этиш соҳасидаги долзарб илмий масалаларни муҳокама қилиш, халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, исломнинг маърифатпарварлик, бағрикенглик ва илм-фанга чорловчи ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилади, албатта.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





