Home / МАҚОЛАЛАР / «ҚАРЗ» МУСАДДАСИНИНГ ТАРИХИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ КОНТEКСТДАГИ ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ТАҲЛИЛИ

«ҚАРЗ» МУСАДДАСИНИНГ ТАРИХИЙ ВА ЗАМОНАВИЙ КОНТEКСТДАГИ ИЖТИМОИЙ-ФАЛСАФИЙ ТАҲЛИЛИ

Қарз сўзининг луғавий маъноси «қирқиш»дир. Бу қарз берувчининг ўз молидан маълум бўлакни «қирқиб», қарзга беришини англатади. Қарз бирор шахс ёки ташкилот томонидан бошқа шахс ёки ташкилотга белгиланган муддатда қайтариш шарти билан олинган пул ёки бошқа ресурслардир. Одатда қарз берувчи қарз олувчига маълум мақсад асосида қарз беради. Олди-берди жараёнида қарз берувчи қарз олувчининг молиявий имконияти яхшиланишини таъминлайди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, одамларда қарз олишга бўлган қизиқишнинг бир нечта сабаблари бор:

Биринчиси молиявий етишмовчилик бўлиб, одамлар ўзининг молиявий эҳтиёжларини қондириш учун қарз олади. Масалан, уй сотиб олиш, таълим олиш, тиббий хизмат ёки автомобиль харид қилиш мақсадида катта миқдорда қарз олишга мажбур бўлади.

Иккинчиси, иқтисодий имкониятлар билан боғлиқ бўлиб, қарз олиш орқали одамлар ўзининг иқтисодий имкониятини кенгайтириш, бизнес бошлаш ёки инвеститсия қилишга уринади.

Учинчиси, ҳою ҳавас ва ортиқча истак-хоҳишлар бўлиб, бу одамларни ўзига кераксиз нарсаларни харид қилишга мажбур қилади.

Тўртинчиси, реклама ва маркетинг бўлиб, кўзни қувонтирадиган ва алдамчи ваъдаларга асосланган реклама ва маркетинг савдоси одамларни қарз олишга мажбур қилади.

Бешинчиси, ижтимоий тармоқлардаги таъсир, бошқаларга ҳавас қилиш ортидан уларга ўхшашга интилиш, ўзига кераксиз нарсаларни харид қилиш бўлиб, бу жамият аъзоларида ҳашамат ва маишатда яшаш, ўзини кўрсатиб қўйиш каби ҳисларни уйғотади. Бошқаларнинг ҳаётига ҳавас қилиш одамларни қарзга ботиради.

Олтинчиси, молиявий саводсизлик бўлиб, бу уларни қарз олиш хавфига дучор қилади. Улар қарз олиш ва уни ўз вақтида қайтариш шартини тўлиқ англамайди. Қарз устига қарз олиб, қарзларини қарз ҳисобига ёпишни хаёл қилади. Натижада, қарз «бола»лаб, бўйнигача қарзга ботиш хавфини оширади.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. Иқтисодий ислоҳотлар шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тизимини ислоҳ қилиш ва солиқ сиёсатини тўғри шакллантириш, шахсларда қарздорликнинг вужудга келиши ва уларни ундириш билан боғлиқ муаммоларнинг назарий жиҳатлари бўйича бир қанча хорижий ва республикамиз олимлари томонидан изланиш ва тадқиқотлар олиб борилган.

Хорижлик иқтисодчи олимлардан О.Бондар [1], О.Абдурахманов ва бошқалар қарздорлик муаммолари юзасидан тадқиқот олиб борган. Ўзбекистонлик иқтисодчи олимлар ва мутахассислар Ш.Гатаулин, Р.Гулямов, К.Джураева, К.Толипов, М.Мирзаев, Р.Абдукаримов, Р.Назирова, А.Мусаев [2] ва бошқалар томонидан иқтисодиётда солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликнинг пайдо бўлиши ҳамда уни камайтиришга доир тадқиқотлар амалга оширилган.

Қарз ва унинг моҳийатини тўлиқ очиб беришда  тарихий ва замонавий контекст ва ижтимоий-фалсафий таҳлил методларидан фойдаланилди.

Тарихий ва замонавий контекстдаги қарз муаммоси. Тарихда қарз муаммоси инсониятнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида катта ўрин тутган. Қуръони каримнинг қарз масаласига оид оятларида қарз олувчи ва берувчининг масъулияти ва ўзаро муносабатда адолатли бўлишга чақирилган. Исъҳоқхон Тўра Ибратнинг «Қарз» мусаддасида ҳам қарзнинг ижтимоий ва иқтисодий таъсири чуқур таҳлил қилинган. Шоир қарзнинг авом халқ ҳаётига таъсирини, уларни иқтисодий қийинчилик, ишсизлик ва қаноатсизликка олиб келишини таъкидлайди. Замонавий жамиятда эса, қарз ва унга боғлиқ бир қанча фактларни келтиришимиз мумкин. Қарз  масаласи шахслар, шахс ва давлат муассасалари (банк в.б) давлатлар ўртасида ҳам бўлиши мумкин. Статистик маълумотларга қараганда, 2018 йилнинг биринчи ярмида жами пул ва босҳқа қимматбаҳо буюмларни фирибгарлик йўли билан қарз ниқоби остида олиб, қайтармагани сабабли 128 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари судда кўрилган. Уларнинг 108 нафари жиноий жавобгарликка тортилган. Шундан 35 нафарига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси, қолганларига нисбатан эса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. Худди шу даврда фуқаролик ишлари бўйича судларга қарзни ундириш тўғрисида 5823 та даъво ариза берилган. Шундан 4515 та даъвони қаноатлантириш, жавобгарлардан жами 67 миллиард сўмликдан зиёд қарзни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган. Шунингдек, 503 та даъво талаби асоссизлиги сабабли рад этилган, 412 та ҳолатда жавобгар тараф даъвони тан олиб, қарзни қайтаргани сабабли фуқаролик иши тугатилган [3].

Исъҳоқхон Тўра Ибрат «Қарз» мусаддасида қарзни «олам элин мариз қилувчи» ва «халқ бошига бало» деб таърифлайди. Мусаддаснинг илк сатрларида қарзнинг жамиятга қандай таъсир қилиши ҳақида мулоҳаза юритилган. Киши ўзининг молиявий қийинчилигини енгиш учун қарзга ботади, лекин бу қарз унга кўпроқ муаммоларни келтириб чиқаради. Шоир қарзнинг жамиятга бўлган салбий таъсирларини ифодалашда ўз замонаси ва аввалги даврдаги одамларнинг қарз олишга бўлган муносабатларини солиштиради.

Бундан ташқари, замонавий иқтисодий шароитда кредит маданияти етарлича ривожланмаган ва одамлар кўпинча қарз олишдан олдин унинг оқибатларини тўлиқ англамайди. Кўп ҳолатларда  ўртадаги ишонч ва истиҳола сабаб, қарз берувчи ва қарз олувчи ўртасидаги ушбу муносабат қонуний расмийлаштирилмайди. Оқибатда, қарз олувчининг ноинсофлиги ёки тўлов имконияти бўлмагани сабабли қарзни қайтариш масаласида низо келиб чиқади. Қарздорлик – ижтимоий нотинчлик, жиноятчилик ва бошқа ижтимоий салбий оқибатларга олиб келади. Бу ҳолат, айниқса, иқтисодий ўсиш ва қашшоқликни камайтириш мақсадида кредитларнинг кенг тарқалиши билан янада кучаймоқда.

Фикримизча, имкон қадар қарз олмаслик, мабодо қарз олишдан бошқа йўл топилмаса, қарз олишдан олдин унинг барча оқибатларини синчиклаб ўйлаб кўриш, қарзни тўлашга қодир бўлишига ишонч ҳосил қилиш ва қарзга ботишдан келиб чиқадиган хавфларни камайтириш учун аввалдан чора-тадбир кўриш мақбул ишдир.

Доноларнинг «Қарз кетади ўйнаб, келади йиғлаб» деган мақоли бор. Бунинг замирида одамларга қарз олиш енгил ва ёқимли кўриниши, қарз олишнинг осонлиги, қарзни қайтаришнинг қийинлиги, қарздорликнинг оғир оқибатлари ифодаланган. Қарздорлик инсонни молиявий муаммолар, иқтисодий нотинчлик, ишсизлик, оилавий можаро ва бошқа муаммоларга дучор қилади. Шунинг учун қарздорлик улар учун оғир ва аламли бўлади.

Тарихга назар солинса, қарз мавзуси инсоният тарихи давомида доимо долзарб бўлгани, ҳар қандай жамиятда қарз олиш ва қайтаришга бўлган муносабат, қарздорликнинг ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатлари муҳим аҳамият касб этганини кўриш мумкин. Қарз олди-бердиси Қуръони каримнинг «Эй имон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг… Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин. Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин [4]» деган оятида муҳрланган. Фикримизча, қарз олди-бердиси ўта масъулиятли иш бўлгани учун Қуръони каримнинг бир неча оятларида эслатиб ўтилган.

Ҳадисларда ҳам қарз масаласига жиддий қаралиб, қарз олиб, бермай кетиш бировнинг ҳаққини ботил йўл билан ейишдан ҳам оғир экани таъкидланган. Қарз замирида бировнинг молини ноҳақдан ейиш билан бирга, ўзига яхшилик қилган инсонга ёмонликни раво кўриш, нонкўрлик қилиш, инсофсизлик каби иллатлар мужассам. Мусулмончиликда ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, молни исроф қилиш, беҳудага сарфлаш, қарзга пул олиб, уни тўғри тасарруф қилмаслик қаттиқ қораланади. «Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) «Зиммасидаги қарзни тўлашга қодир одамнинг қарзини атайлаб тўламай юриши (қарз берган одамга нисбатан) зулмдир) [5].

Ҳадисда бойнинг зиммасидаги ҳақни бермай юриши зулм экани, молиявий бурчини адо этмай юрган бойлар аввалги замонларда бўлгани каби бугунги кунда ҳам кўплаб топилади. Ҳадислардан хабардор бўлмагани натижасида замонавий мусулмон жамиятида бойларнинг имкони бўла туриб, ҳам банкнинг, ҳам одамлар ҳақини бермаслиги оддий ҳолга айланмоқда.

Шу ўринда  Ўзбекистон Республикасидаги қонунчилик тизимида қарз олди-берди масаласига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Фуқаролик кодексининг 41-бобида қарз ва кредит масалаларига доир нормалар белгиланган. Фуқаролар ўртасидаги қарз шартномаси, агар бу қарзнинг миқдори энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Мабодо шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлса, у ҳолда қарз миқдоридан қатъи назар ўртадаги шартнома ёзма шаклда тузилиши белгилаб қўйилган.

Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик Фуқаролик кодексининг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади. Битимнинг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигини англатмайди, бироқ низо келиб чиққан тақдирда, тарафларни битимнинг тузилгани, мазмуни ёки бажарилганини гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади [6].

Киши зиммасидаги қарзини узмасдан ўлиб кетиши [7] гуноҳи кабиралардан кейинги оғир гуноҳ бўлиб, Аллоҳнинг йўлида уч марта шаҳид бўлса ҳам, унинг зиммасидаги қарзи адо этилмагунича жаннатга кирмаслиги айтилган. Бунинг изоҳи шуки, қарз қарз берганнинг ҳақи, бу ҳақни фақат қарз берган кечади. Бу ҳақиқатни банк бўладими, давлатманд одам бўладими, ундан қарзини узмай юрган қарздор одамлар тўғри англаши шарт. Ҳозирга қадар жаноза намози ўқилишидан аввал майитнинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Вафот этган одамнинг қарзи бўлса, унинг яқинларидан бири ўз зиммасига олганидан кейин жаноза намози ўқилади [8].

Юқоридаги фикрлардан англашиладики, қарз «аср балоси» деган таърифдан ҳам кўра чуқурроқ маънога эгадир. Бу масала аллома Исъҳоқхон  Тўра Ибратнинг назаридан четда қолмаган. Мутафаккир қарз ҳақида замондошларининг фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилган. Унда қарз олишнинг нақадар хатарли экани, қарз одамни касалликка гирифтор қилиши, қаноатсизлик ва йўқсиллик туфайли қарз тузоғига тушиб қолган одамнинг ҳолати, қарз олиш одамлар ўртасидаги муносабатларни бузиши, авом халқнинг қарз олиб, қарзни ёпиб, яна қарзга ботиши, қарз муаммоси биргина Туркистон халқларининг  эмас, жаҳон халқлари бошига тушган «савдо» деб таърифланиб, қарзнинг одамларни қулликка мажбур қилиши, уларни ўз эркидан маҳрум қилиши ишонарли тарзда ифодаланган.

«Қарз» мусаддасининг илк сатрларидаёқ қарзнинг «олам элин мариз» қилиши, «халқ бошига бало» экани, «жаҳон халқи мубтало» бўлганини «даъво» [9] қилиб, «қарзнинг давоси борми?» [8] деб қўяди. Шоир қарзнинг жамиятга қандай таъсир қилиши ҳақидаги «иддао» билан қарзнинг жаҳон миқёсидаги хавфлилик даражасини кўрсатишга ҳаракат қилган. Шунингдек, қарз одамларни қийин аҳволга солиши, дўстликни бузиши ва халқ тақдирини хатарга қўйиши, инсон қаноатсизлик ва ҳавасга берилмаслиги ҳамда қарзга ботишдан сақланиши ҳақида мулоҳаза юритган. Ҳақиқатан ҳам, ҳавас, ортиқча хоҳиш, молиявий қийинчилик, ишсизлик ва камбағаллик қарз олиш учун баҳонадир.

Эй ҳозиқо, жаҳонда бўлурму давойи қарз?

Олам элин мариз қилур можаройи қарз,

Этмай қаноат ўлмади ҳожат равойи қарз,

Дунё керакдур айламакка биродори қарз,

Келди бу халқ бошига бирдан балойи қарз,

Бўлди тамом халқи жаҳон мубталойи қарз.[10]

Исъҳоқхон Тўра Ибрат замонасининг ҳушёр маърифатли кишиси сифатида қарз муаммосини жамиятдаги долзарб масала сифатида кўрсатиб, унинг оқибатларини чуқур таҳлил қилган. Шоир ўз давридаги қарз маданиятини, қарз олиш ва қайтаришга бўлган муносабатни аниқ акс эттирган. Мусаддаснинг асосий ғояси қарзга бўлган масъулиятни англатиш, қарзни ўз вақтида қайтариш зарурлигини таъкидлаш, банкка қарзга боришдан олдин ўйлаб кўриш, молиявий саводсизликни енгиш ва қарз маданиятини ривожлантириш зарурлигини эслатишдир. Ваҳоланки, мавзу эски, яъни икки аср аввал муаммо сифатида кўтарилган бўлса ҳам, қарз масаласи янгилигича қолмоқда.

Қарз муаммоси ижтимоий нотинчлик, жиноятчиликнинг кўпайиши, камбағалликнинг ошиши каби ижтимоий оқибатларга олиб келади. Шунинг учун ҳам  мутафаккирнинг қарз ҳақидаги огоҳлантириши бугунги кун учун айтилгандек долзарб аҳамиятга эга. Ибрат шеърда қарз олинишини пахта етиштириш билан боғлаб, қарз олган киши пахта ҳосилини сотиб, қарзни қайтаришга ваъда берган, лекин қарз олинган пул сарф-харажатга кэтиб, қайтаришга имкони етмай қолган:

Олдию қарз пахта учун, бергумуз муни,

Деди: «Чиқар ҳаёни тарозуда бир куни».

Сарф-харожат айлади, ҳеч чиқмади уни,

Пахта бўлур бу йилда адо айлагум шуни,

Келди бу халқ бошига бирдан балойи қарз,

Бўлди тамом халқи жаҳон мубталойи қарз [11].

Исъҳоқхон Тўра Ибрат қадимда халқларнинг иқтисодий аҳволи яхши бўлгани, халқ иқтисод қилишни билгани, аввалги ҳаёт ҳашам ва фасоддан ҳоли бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, халқнинг ҳисоб-китоб, илм-фан билан шуғулланишини таъкидлаган ҳолда, бу давр одамларининг сарҳисоби, ижтиҳод қилиш даражаси пасайиб кетгани, иқболу истиқболи ёмон аҳволда экани, муроди ҳосил бўлмаганини афсус билан қайд этади. Бундан ташқари, халқнинг иқтисодий аҳволи ва маърифат даражасининг пастлиги қарзга олиб боришини таъкидлайди:

Мундин қадим халқда бор эрди иқтисод,

Кам эрди халқ ичра ту ваҳш ила фасод,

Қилмай бу халқ илми ҳисоб ила ижтиҳод,

Иқболи ёвар ўлмади ҳам топмади мурод,

Келди бу халқ бошига бирдан балойи қарз,

Бўлди тамом халқи жаҳон мубталойи қарз [12].

Масаланинг яна бир муҳим аспекти кишиларнинг илм-фанга бефарқлиги, ижтиҳод қилмаслиги билан изоҳланади. Илм-фанга бефарқлик, унинг аҳамиятини англамаслик, жаҳолат, узоқни кўра олмаслик билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолат жамият юксалишига салбий таъсир кўрсатади.

Исъҳоқхон Тўра Ибрат банк фоизлари ва қарз мавзусига бу тариқа ёндашуви мутафаккир ижодининг ҳаёт ҳақиқатлари билан муштараклигини кўрсатади. Одамларнинг ортиқча ҳавас ва ҳашамга берилишида реклама ва маркетингнинг таъсири юқори бўлиб, рекламанинг имкониятлари телевидениедан бошлаб, радио, газета, журнал, интернет, билборд, йўллардаги паннолар каби кўплаб воситалар орқали тарқатилади. Маркетинг эса рекламадан ташқари бозорни ўрганиш, нарх белгилаш, истеъмолчилар билан муносабатларни ривожлантириш, уларни товар олишга қизиқтириш, харидга совға ёки ютуқ қўйиш билан одамларни алдаш, кераксиз нарсаларни харид қилишга ихтиёрий «мажбур» қилади. Реклама ва маркетингда рақобатнинг нотўғри шаклланиши, нархларнинг сунъий ошиши, сифатсиз товарлар сотилишига олиб келади. Истеъмолчилар, қачонки молиявий саводхонлик даражаси ошсагина, бундай ҳолатлар таъсиридан ҳоли бўлади:

Ҳеч ким қаноат айламади уйда борига,

Бўлмоқ тараққий бўлди иши борди норига,

Кийди, эди ва қилди ҳашам рўзғорига,

Кетти тамом нақди ўзининг рўзғорига,

Келди буларни бошига бирдан балойи қарз,

Бўлди тамом халқи жаҳон мубталойи қарз [13].

Демак, одамлар ўзидаги бор нарсага қаноат қилмаса, кўпроқ ва кераксиз нарсалар олишга ҳарис бўлса, умрининг мазмунини «латта-путта» ва уй жиҳозлари билан белгиласа, ҳашаматли кийим кийиб, ширин ва лаззатли таомлар еб, ҳашаматли турмуш кечириш уларнинг маърифатига тўсиқдир. Ҳашаматли турмуш тарзи одамни хароб қилади. Бунинг далили мутафаккирнинг қуйидаги сатрларида яна ҳам равшан ифода этилган:

Фарғонада бу вақтда беқарз кимса йўқ,

Минг сўм ақалли қарз бўлиб, бўлса қорни тўқ,

Сарф-харожат айлаб, ўзини айлади улуқ,

Бечораларни қилгуси бордур чулуқ-чужуқ,

Келди буларни бошига бирдан балойи қарз,

Бўлди тамом шоҳу гадо мубталойи қарз [14].

Исъҳоқхон Тўра Ибрат қарзнинг кенг тарқалганини Фарғона аҳолисининг қарздорлиги мисолида кўрсатиб, муаммонинг нақадар жиддийлигини кўрсатишга ҳаракат қилган. Одамларнинг қорнини тўйдириш учун ҳам қарзга ботишини «минг сўм ақалли қарз бўлиб, бўлса қорни тўқ» деб таърифлаган. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, қарз миқдорининг оз бўлишига қарамай, у одамларни қарздорлик муаммосига йўлиқтиради.

Исъҳоқхон Тўра Ибратнинг қарз ҳақидаги огоҳлантиришлари бугунги кунда ҳам долзарбдир. Масалан, микроқарзлар одамларнинг молиявий саводхонлиги етарли даражада бўлмагани туфайли қарз тўлашдаги қийинчиликларни туғдирмоқда. Аслида, микроқарз кичик миқдордаги қарз бўлиб, асосан, камбағал ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни бошлаган молиявий ресурсга эга бўлмаган шахсларга берилади. Микроқарз миқдори оз бўлгани учун уни қайтариш имконияти ҳам катта. Шунга қарамай, микроқарзларнинг улуши катта бўлгани учун у қарзга ботиш хавфини вужудга келтиради.

Бугунги кунда «молиявий пирамида»лар орқали ҳам одамларнинг пулларини  ўзлаштириш ҳолатлари учрамоқда. «Молиявий пирамида»лар ғайриқонуний молийавий схема бўлиб, унда янги аъзолар гуруҳга кириш учун тўлаган пулнинг бир улуши аввалги аъзоларга тўланади. Бу ерда асосий мақсад гуруҳга янги аъзоларни жалб қилиш орқали пул жамғариш ва аввалги аъзоларни алдаш бўлиб, юз фоизли даромад олиш ҳақидаги ваъдалар ёлғон, иқтисодий фаолият йўқлиги учун беқарор, яъни бугун бор, эртага йўқ. Бу гуруҳга адашиб кириб қолган одамлар ҳуқуқий асоси (шартнома, битим) бўлмагани учун сарфлаган пулини қайтариб ололмайди. Оммавий ахборот воситаларида юз фоизли даромад ҳақидаги ваъдаларга ишонмаслик ҳақида эслатилса ҳам, одамлар ўта қизиқувчан, ишонувчан ва соддалиги туфайли бундай пирамидалар ҳозирга қадар турли шаклларда «яшаб» келмоқда.

Молиявий саводхонликни ошириш, қарз маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган таклиф ва тавсиялар қуйидагилардан иборат:

  1. Қарз олишга боришдан аввал инсон ўз-ўзига савол бериши ва аниқ жавоб олиши керак: Қарз олишга эҳтиёжим борми? Ички имкониятларимни ишга солишим мумкинми? Қарз олдим, уни тўлашга қодирманми? Қарзнинг фоиз ставкаси қандай? Қарзнинг муддати қанча? Қарз олишдан келиб чиқадиган хавф борми? Бу каби саволларга тўлиқ жавоб олгандан сўнг банкдан қарз олиш мумкин.
  2. Молиявий саводхонликни оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва таълим тизимида қўллаш лозим.
  3. Қарз маданиятини шакллантириш, уни тарғиб этиш, одамларнинг қарз олиш ва қайтаришга бўлган масъулиятнинг таъсирчанлигини ошириш учун ОАВ, диний тадбирларда молиявий саводхонликка доир маърузалар, кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, видеороликлар ва бошқа шунга ўхшаш воситалар орқали тарғиб қилиш керак.
  4. Қарз олди-берди жараёнида шартнома тузиш тартибига ўзгартириш киритиб, махсус ҳимояланган ва рақамланган бланкалар чиқариш тавсия этилади.
  5. Мактаб дастурларидан бошлаб ўқувчиларга молиявий саводхонлик дарсларини киритиш, ўқувчиларга пул топиш, пулни тежаш, сарфлаш, инвестиция қилиш, қарз олиш, қарз тўлаш каби молиявий масалаларни тушунишга ўргатиш мақсадга мувофиқ.

Молиявий хизматларни такомиллаштириш, молиявий маслаҳат марказларини ташкил этиш, молиявий саводхонлик ёритилган оммабоп рисолаларни тарқатиш.

Бу каби усул ва воситалар жамиятда одамларнинг молиявий билимини такомиллаштириш ва қарз, кредит олиш масаласига онгли муносабат шаклланишига ёрдам беради. Улуғ алломаларимизнинг қарз олди-берди билан боғлиқ панду насиҳатлари ҳаётнинг ўзидан олинган, ҳеч қачон эскирмайдиган мактабдир. Қарз сўрашдан аввал инсон онгли мушоҳада юритиб, қилаётган ишининг эртасини олдиндан ўйлаб кўрса, олди-бердида тўғри йўлни тутса, фуқаролик муносабатларини қонуний тартибда расмийлаштирса, ҳалоллик, ростгўйлик ва адолатни олий мезон деб билса, ҳеч қандай муаммоли вазиятлар келиб чиқмайди. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ. Ишонарли тўплам. 2-жилд. Н.Иброҳимов ва Мирзо Кенжабек таҳрири остида. – Т.: Қомуслар Бош таҳририяти, 1992. – Б.43.
  2. Бекон Ф. Сочинения в двух томах. Т.2. – М.: Мысль (Филосовское наследие), 1978. – C.575.
  3. Гатаулин Ш.К. Налоги и налогообложение. Учебное пособие. – Т.: Издательский дом «Мир экономики и права», 1996. – С.303.
  4. Исъҳоқхон Тўра Ибрат. Танланган асарлар. Масъул муҳаррир Б.Қосимов. – Т.: Маънавият, 2005. – Б. 65.
  5. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Бақара сураси, 282-оят / Таржима ва изоҳлар муаллифи А.Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2004. – Б. 48.
  6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 7-жуз. Намоз китоби. Жаноза намози. –Т.: Ҳилол нашриёт матбааси, 2018. – Б.328.
  7. Холмўмин Ёдгоров. Қарз олди-бердиси: бу борадаги муносабатларнинг айрим жиҳатлари ҳақида. 2018.09.28.
Адхамхўжа АБДУЛЛАХЎЖАЕВ
Қўқон давлат университети ўқитувчиси

Check Also

ИСЛОМДА ВАТАН ТУШУНЧАСИ ВА УНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ

Ватан – инсон доимий истиқомат қиладиган, авлод-аждодлари яшаб ўтган, хотира ва қадриятлар билан боғлиқ муқаддас …