Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Франциялик экспертлар навбатдаги гуруҳ билан иш бошлади

Франциялик экспертлар навбатдаги гуруҳ билан иш бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 20 апрель куни “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусидаги халқаро семинар-тренингнинг иккинчи босқичи ўз ишини бошлади. Ўтган ҳафта мазкур ўқув курсининг биринчи гуруҳ учун машғулотлари муваффақиятли якунланиб, эндиликда тингловчилар жамоаси учун тренингига старт берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа ўтган йилги тажрибанинг мантиқий давоми бўлиб, юртимиздаги қўлёзмалар билан ишловчи мутахассислар фаолият доирасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Семинарнинг янги босқичида ҳам асосий маърузачилар сифатида франциялик экспертлар – профессор Франс Ришар ва доктор Мари Эфтимию иштирок этмоқда. Машғулотларда туркиялик экспертлар, мамлакатимизнинг турли илмий ва маданий муассасалари олимлари, тадқиқотчи ва реставраторлар қатнашаяпти.

Тадбир ўзига хос тарзда – янгидан қад кўтарган муҳташам Имом Бухорий мажмуасидаги инновацион музейга саёҳат билан бошланди. Иштирокчилар музейнинг маънавий-маърифий салоҳияти билан яқиндан танишди.

Куннинг асосий қисмида профессор Франсис Ришар қўлёзмашуносликнинг энг нозик жиҳатлари – колофонлар таҳлили, муҳрларнинг сири ва котиблар томонидан қолдирилган махсус белгиларни ўрганиш бўйича маъруза қилди. Олимнинг таъкидлашича, колофонда келтирилган буюртмачи номи, хаттот исми ва қўлёзма кўчирилган сана каби маълумотлар тарихий ҳақиқатларни очишнинг ғоят муҳим калити ҳисобланади.

Шунингдек, иштирокчилар Марказнинг Қўлёзмаларни консервация ва реставрация қилиш лабораторияси фаолияти билан яқиндан таништирилди. Лаборатория мутахассислари меҳмонларга қадимий манбаларнинг “умрини узайтириш” борасида олиб борилаётган нозик жараёнларни намойиш этди. Хусусан, қўлёзмаларни чанг ва биологик зараркунандалардан тозалашнинг замонавий усуллари, варақлардаги сиёҳ ва рангларнинг барқарорлигини текшириш, зарарланган саҳифаларни махсус кимёвий воситаларсиз, табиий ашёлар ёрдамида тиклаш технологиялари тушунтириб берилди.

Франциялик экспертлар лабораториянинг техник жиҳозланиши ва реставраторларнинг ишлаш услубига юқори баҳо бериб, бу ердаги амалиёт жаҳон стандартларига тўла мос келишини таъкидлади.

Тренерлар Ўрта Осиё қўлёзмачилик мактабининг ноёб намуналарига тўхталиб, Ўзбекистонда, нуфузли хорижий фондларда сақланаётган нодир қўлёзмалар нусхаларидан қиёсий мисоллар келтирди. Тақдимот давомида уларнинг ўзига хос тарихи, битилиш услуби ва котиблар томонидан қўлланган бадиий безакларнинг илмий аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди. Айниқса, реставрация жараёнида юзага келадиган мураккаб вазиятлар ва уларни бартараф этиш усуллари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Мутахассислар қўлёзмаларни асраб-авайлашда учрайдиган энг долзарб муаммолар – варақларнинг табиий емирилиши, сиёҳларнинг кимёвий таъсири ҳамда муқоваларни тиклашдаги нозик жиҳатлар бўйича халқаро стандартларга мос келувчи тавсия ва чоралар тавсифини берди.

Гуруҳ машғулотларининг илк куни кодикология соҳасида назарий билимларни бевосита тарихий ва маданий муҳит билан уйғунлаштиришга хизмат қилиб, иштирокчиларда бой таассурот қолдирди.

Халқаро семинар 21 апрель куни ўз ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қўлёзмашунослик соҳасидаги халқаро семинар ўз ишини бошлади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 16 апрель куни “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида навбатдаги …