Самарқанд ва Бухоро – асрлар давомида ислом тамаддунининг икки йирик маркази, илм-фан ва маърифат бешиги бўлиб келган. Бугун ушбу тарихий ва маънавий ришталар янгича мазмун касб этиб, икки қадимий шаҳар ўртасидаги илмий ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Бухоро вилояти ОАВ вакиллари, таниқли журналистлар ва блогерлар иштирокида ташкил этилган навбатдаги медиа-тур ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раиси Гулшода Иброҳимова бошчилигидаги қарийб 40 нафар ижодкордан иборат делегация Марказнинг 9 йиллик фаолияти давомида босиб ўтган йўли, бой илмий мероси ва эришган натижалари билан яқиндан танишди.

Медиа-тур давомида меҳмонлар Марказ музейи ва бой кутубхона хазинасини кўздан кечириб, айниқса қўлёзмаларни тадқиқ этиш жараёнларига юқори баҳо берди. Айниқса, Бухоро ва Самарқанд илмий муҳитида шаклланган ва бутун ислом оламида эътироф этилган алломаларнинг асарларини бугунги кун тилига мослаштириш, уларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга содда ва тушунарли шаклда етказиш борасидаги изланишлар меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Сафарнинг энг мазмунли қисми эса Марказ директори Шовосил Зиёдов билан кечган самимий ва жонли мулоқот бўлди. Бу учрашувда шунчаки расмий ҳисоботлар эмас, балки бугунги шиддатли ахборот даврида илмий меросни қандай қилиб халқчил, тушунарли ва таъсирчан тилда кенг жамоатчиликка етказиш мумкинлиги ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида нафақат манбашунослик масалалари, балки ижтимоий онгда интеллектуал теранликни ошириш, мураккаб илмий изланишлардан ҳаётий ва ибратли хулосалар чиқариш стратегиялари муҳокама марказида бўлди. Бухоролик журналистлар Марказ томонидан амалга оширилаётган нашр ишлари ва рақамли контентларни ҳудудларда кенг тарғиб қилиш борасида ўз таклифларини билдирди.
Тадбир якунида Самарқанд ва Бухоро илмий мактаблари ўртасидаги ворисликни ОАВ орқали янги босқичга олиб чиқиш, икки вилоят ижодкорлари ўртасида доимий ахборот алмашувини йўлга қўйиш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





