Бир куни кечқурун ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хизматкори билан оддий кийимда шаҳар айланиб, халқ ҳолидан хабар олаётганди.
Бир уй ёнидан ўтаётиб, она билан қизнинг гапини эшитиб қолди.
– Қизим, сутга бир оз сув қўшиб юбор, эртага сотамиз.
– Онажон, халифа Умар буни ман қилган-ку!
– Қизим, халифа бу ерда турибдимики, гапирасан. Ҳеч ким билмайди.
– Онажон, халифа кўрмаса ҳам, Аллоҳ кўриб турибди! Ҳалол иш қилайлик.
Ҳазрати Умар бу сўзларни эшитиб, қизнинг ҳалоллиги ва покиза эътиқодига тасанно айтди. У шу даражада таъсирланган эдики, ҳатто шу қизни ўғли Осимга келин қилиб олиб беришни дилига тугиб қўйди. Таҳайюр тўлқини ичига сиғмай, нима қилмоқчи бўлаётгани ва бунинг сабабини хизматкорига айтиб берди. Охири шундай бўлди ҳам. Уларнинг авлодидан эса кейинчалик тарихдаги энг машҳур ва адолатли халифалардан бири Умар ибн Абдулазиз дунёга келди.
Ҳалоллик – инсонни ҳам, унинг наслини ҳам улуғлайди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





