Home / МАҚОЛАЛАР / ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИНГ ИСЛОМИЙ МЕЗОНИ

ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРНИНГ ИСЛОМИЙ МЕЗОНИ

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқларда диний илмларни мукаммал эгалламаган бўлса-да, олимлик даъвосини қилиб, мусулмонларнинг бошини айлантираётганлар бироз кўпайиб қолди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Уларнинг бир қисми Аллоҳнинг осмонда эканини исботлаш йўлида Мотуридий ва Ашъарий издошларини адашганга чиқариш дарди билан куйиб пишаётган бўлса, бошқа қисми жиҳод орқали одамларни шаҳид қилиб, жаннатга йўллаш билан овора эди. Энди яна бир тоифа урчияпти. Буларнинг гапига қараганда, “Аллоҳ баъзан мўмин кишининг хотинини мижғов қилиб қўйиб, уни сабр билан ибодат қилишга ундайди”. “Аёлингиз билан жуда апоқ-чапоқ бўлиб кетманг! Билингки, Аллоҳ таоло: “Жуфтларингиз ва бола-чақангиз орасида душманларингиз бор”, деган. Улар билан севишиб-суйишиб, ўлиб қоласиз-да, ҳар нарсани унутасиз. Илм, ҳижрат ва жиҳод ҳам қолиб кетади. Рафиқа ва фарзандлар сиз учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб қолади”, деган даъвони қилмоқда.

Шу оилавий ва ижтимоий муносабатларни шариат манбаларида келтирилган маълумотлар асосида ўрганиб чиқсак. Биз, мусулмонлар, барча амалларимизни оят ва ҳадисларга мувофиқ тарзда бажаришга ҳаракат қиламиз. Зеро, Қуръони карим ва суннатда бундай масалаларга кенг ўрин берилган. Қолаверса, бу хусусда биз учун энг юксак намуна ва энг гўзал ибрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳдан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим”, деган (Имом Муслим ривояти).

Ислом таълимотида оила муқаддас саналади. Негаки, у жамиятнинг асосий таянчидир. Шунинг учун ҳам динимизда оила масаласига жуда теран ёндашилади. Унинг мустаҳкамлигини, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббатнинг барқарор ва бардавомлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Ҳаётини бир-бири билан боғлаган эркак ва аёл шу қоидаларга амал қилса, зиммасидаги бурчлар ва масъулиятни чуқур ҳис қилиб, ўз вазифаларини сидқидилдан адо этса, бундай оила бахт-саодат қасрига айланади. Шундай муҳитда туғилиб вояга етадиган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топади ва келажакда улардан жамиятга фойдаси тегадиган буюк инсонлар етишиб чиқади.

Келинг, эркакнинг ролидан бошлайлик. Эр хотинига ҳамиша яхши муомалада бўлиши керак. Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

﴿وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшиликлар пайдо қилиши мумкин”, дейди (Нисо сураси, 19-оят). “Тотув турмуш кечириш” амри эр зиммасига хотинга яхши муомалада бўлишни, табиатидаги айрим нуқсонларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни шартларини юклайди. Шунингдек, бу буйруқ аёлни тарбиялаш, унга дунё ва охиратда фойдаси тегадиган нарсаларни ўргатиб, икки дунё ҳаётидан сабоқ бериш заруратини ҳам назарда тутади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши мўмина хотиндан нафратланмасин, унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Яъни, эр хотин феълидаги айрим жиҳатлардан аччиқланадиган бўлса, уни буткул ёмон кўриб қолмаслиги, балки яхши одатларини кўз олдига келтириб, шу билан тасалли топиши ва кўнглини кенг қилиб юриши керак экан. Шунингдек, эр хотинига нисбатан хушфеъл бўлиши, унга яхши муомала қилиши, озор етказмаслиги, бирга фаровон ҳаёт кечириши керак. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига амал қилган бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг имони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир”, деганлар (Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).

Бу хусусда яна бир ибратли ҳадис бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилсин! Чунки улар қовурғадан яратилгандир. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилган).

Шунинг учун эркакларга аёлидан содир этадиган ҳар бир хатти-ҳаракатни тафтиш қилиб, уни зўрлик билан ўзгартиришга уриниш маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб жиҳатларни ўз ҳолича қолдириб, сабр қилиш афзаллиги уқтирилади. Ана шунда уруш-жанжал озаяди, оиланинг бузилиш хавфи йўқолади.

Демак, аёл кишидаги эркакка эгри туюладиган ҳар бир одат ё феълни тўғрилашга уриниш доим ҳам кутилган натижани бермас экан. Аксинча, баъзан бундай ҳаракат оиланинг бузилишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, аёл кишининг камчиликларига сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эркак кишининг эрлик вазифаси экан.

Аёл тўғрисида сўзлайдиган бўлсак, у эрига итоаткор бўлиши керак. Бунинг нақадар буюк фазилат ва энг олий саодатга элтувчи восита экани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (Рамазон) рўзасини тутса, фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга “Жаннатнинг истаган эшигидан кир!” дейилади” (Табароний ривояти).

Эр – оиланинг раҳбари. Аёл унинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Натижада оилада аҳиллик ва меҳр-муҳаббат ҳукм суради, жамиятнинг бу кичик қўрғони мустаҳкамланади ва қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса кўплаб нохушликларга, ҳатто оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Бу ҳақиқатни ҳар бир оиланинг ҳар бир аъзоси чуқур англаб етиши керак. Албатта, бу ўринда гуноҳ ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилиш йўқлиги умумий қоида эканини унутмаслик лозим.

Ислом шариатида аёл кишига эрга итоат қилиш вожиблигининг ҳикматларидан бири шуки, эрнинг хотин олдидаги ҳақлари ва фазли оиланинг бошқа аъзоларига нисбатан каттадир. Эр туфайли аёл ҳурматга сазовор бўлади ва оиланинг ҳурматли бекасига айланади. Аёл киши ҳаётидаги барча ютуқлари эри туфайли ҳосил бўлишини унутмаслиги лозим. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирор кимсага кимгадир сажда қилишни буюрганимда (шу иш мумкин бўлганда), албатта, аёл кишига ўз эрига сажда қилишни буюрган бўлар эдим. Зеро, эрнинг хотин олдидаги ҳаққи буюкдир”, деганлар (Имом Ҳоким, Имом Аҳмад, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Аёл эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши ва ҳожатидан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки эрини қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириб туриши зарур. Момоларимиз боболаримизни кузата туриб: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига бардош бера олмаймиз”, деган. Демак, аёл эрининг тоқатидан, салоҳиятидан ортиқ нарсаларни талаб қилмаслиги керак.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини: “Аллоҳ ҳалок қилгур! Унга озор берма! У олдингда вақтинча меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келгусидир”, деб хитоб қилади” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф хотин ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклиги ва оилада эркак аёлдан озор тортмаслик ҳаққига эга эканига далилдир. Унинг бу ҳаққини аёл яхшилаб тушуниб олиши ва поймол қилмаслик пайида бўлиши жуда муҳимдир.

Шундай қилиб, муқаддас динимизда эр-хотин ўртасида яхшилик билан йўғрилган ширин муомалали ҳаёт қарор топиши учун барча чоралар белгиланганини ўрганиб чиқдик. Қуръони карим оятлари ва ҳадисларда оила аъзоларнинг барчасига яхши муомалада бўлиш ва уларнинг ҳақларини поймол қилмаслик кераклиги ҳам таъкидланган. Шу билан бирга, эркак киши қарамоғидагиларнинг барчасига бирдек ғамхўрлик қилиши, чиройли таълим-тарбия бериши, эзгу амалларга ундаб бориши лозим. Эрнинг ибодатга берилиши учун хотини мижғов ва жанжалкаш бўлиши шарт эмас. У Қуръони карим ва суннатдаги ҳукмларга амал қилса, хотини ва фарзандларини яхши кўраверади ва бу уни ибодат қилиш, илм олиш каби муҳим амаллардан сира ҳам тўсиб қўймайди.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ҲАЛОЛЛИК – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ ПОЙДЕВОРИ

Ҳаётда ҳалоллик ўта муҳим ўрин тутади. У инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровон ўтишига гаровдир, …