Home / МАҚОЛАЛАР / «ЖАМИЯТ ТАНАСИДАГИ САРАТОН»

«ЖАМИЯТ ТАНАСИДАГИ САРАТОН»

“Қулф очар калитни топиш осон, қалбни очар калитни топиш қийин”, дейдилар. Шу маънода, коррупция деган иллатнинг илдизи қалбда, онгда бўлгани учун унинг калитини маърифатдан излаш лозим.

Барчамиз ҳалолликни кучайтириш, адолатни мустаҳкамлаш ҳақида кўп гапирамиз. Бу — замон талаби, одамлар умиди. Шунинг учун Президентимиз давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк давриданоқ ҳар бир инсонни у хоҳ раҳбар, хоҳ оддий фуқаро бўлсин, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш ташаббусини илгари суриб келмокда. Бу йўлда оиладаги, таълим муассасаларидаги муҳитни яхшилаш, жамиятда адолат тамойилларини карор топтириш бўйича катор саъй-ҳаракатлар килиняпти.

Ҳакикатан ҳам, инсон онги ўзгармас экан, жамият ўзгармайди. Жамият ўзгармаса, канча конун кабул килмайлик, натижа бермайди.

Ички поклик ташқи адолатнинг шарти

Очиғини айтайлик, коррупция ҳақида гапирганда, кўпчиликнинг кўз олдига катта мансабдорнинг бировдан пора олгани ёки бир ишни “тезлаштириб” бергани келади. Лекин аслида коррупциянинг илк кўриниши жуда безарардек туюладиган таниш-билишчилик, “тавсия қилиб қўйинг”, “ўзимизнинг одам, ёрдам қилиб юборинг” каби оддий юмушларда намоён бўлади. Бироқ шу каби ҳолатлар тараққиётга рахна соладиган, ижтимоий барқарорликка зарар етказадиган, жамиятни ичидан емирадиган энг катта иллатдир.

Коррупция оми одамларда, ёш авлодда ҳаром-харишга ҳавас туй-ғусини шакллантиради. Онги етарли даражада шаклланиб улгурмаган ўғил-қизлар пора олувчиларнинг тўкин-сочин турмушига ҳавас қилиб, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини бирор лавозимга эришиш ва шу орқали ўз орзу-истакларини рўёбга чиқаришда кўра бошлайди. Бу иллатнинг илдиз отишига сабаблардан бири ҳам шу — ёш авлод қалбида қинғир йўлга майл пайдо қилишдир.

Коррупция ижтимоий адоватни ҳам кучайтиради. Жамият аъзоларининг бир қисми ноҳақ тарзда бойликка эга бўлаверса, қолганлар ўз-ўзидан бунга ғараз билан қарайди. Коррупционердан ёмонлик кўрмаганлар ҳам ундан нафратлана бошлайди.

Жамият аъзоларининг кўзи кўр, қулоғи кар ёки онги паст эмас. Одамлар ким қандай пул топаёт-ганини кўриб, билиб туради. Ахир, ҳар не мансаб бўлмасин, ҳатто энг катта маош билан ҳам қисқа вақт-да данғиллама иморат, қатор-қатор машина, дала-ҳовли, шоҳона зиёфату либослар, зебу зийнат орттириш мумкин эмаслиги аёнку. Бу адолатсизлик шундай ҳолатга йўл қўйиб қўйган давлат тизимига, масъул мутасаддиларга нисбатан норозилик ҳиссини уйғотмай қолмайди. Шу тариқа жамиятда ишончсизлик, тажанглик ва тушкунлик омихталанган кайфият вужудга кела бошлайди. Бу эса ижтимоий барқарорлик учун катта хавф.

Шу боис, аввало, турли раҳбарлар ўз манфаати йўлидаги жиноятлар жамият ҳаётини издан чиқариши мумкинлигини ҳеч қачон назардан қочирмаслиги, ичдан, қалбан пок бўлиши керак.

Одатга айланаётган хавф

Автобусда икки киши бемалол суҳбат қуради:

Боланг ўқишга қандай кирди? — дейди бири.

Фалон танишимиз бор эди, шу киши ёрдам қилди-да…

Бу гапни айтгувчи ўзини айбдор ҳис этмайди, аксинча, бамайлихотир, сал керилиброқ сўзлайди.

Шу каби ҳолатлар кундалик турмушимизда тез-тез учрайди. Таниш-билишларимиз, ёнверимиздаги одамлар боласини боғчага бериш учун навбат келаверма-ганда “орқа эшикдан” масалани ҳал этганини, туман ҳокимлигига ариза топширганда “кичик хизмат” қилган одамга алоҳида илтифот кўрсатганини айтса, парвойимизга келмайди.

Баъзи ёшлар “Отам шу районнинг коррупцияси бўлади!” қабилида мақтанчоқлик қилганини ҳам эшитамиз. Жилла қурса, коррупцияга қарши кураш идорасининг раҳбари деб тўғри айтса, қани эди. Йўқ, айнан шу тарзда айтса, ваҳималироқ ва таъсири кучли чиқади. Афсуски, у моҳиятан “районнинг коррупцияси” деб тўғри айтган ҳам бўлади.

Бундай воқеликларга кўпчилик гувоҳ бўлган, эшитган. Ачинарли-си, уларнинг ҳаммаси “оддий гап” сифатида қабул қилинганида. Лекин ана шу “оддий гап”лар йиллар давомида юз минглаб адолатсизликлар занжирини мустаҳкамлаб, адолатни заифлаштирди, қонунни кейинги ўринга туширди, ҳалол кишини жазолаб, ноўрин йўлни “меъёр”га айлантириб келди. Маърифатдан узоқлашганимиз, фойдали ва зарарли нарсани фарқлай олмай қолганимиз учун шундай бўлди.

Ният бузилса, амал бузилади

Коррупцияга қарши кураш — бу фақат айбдорни топиб, жазолаш эмас. Бу, аввало, онгни тарбиялаш, келажак авлодга тоза муҳит қолди-риш масаласи бўлгани билан муҳим.

Бола яхши муҳитда ўсиб, ўз кучи билан талаба бўла олса, у кела-жакда ҳам ҳалол яшашни ҳаёт меъёри деб билади. Хизматдаги одам лавозимни фақат имконият эмас, масъулият деб билса, уни суиистеъмол қилишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Биз кўпинча коррупцияни мин-барга чиқадиганлар, президиумда ўтирадиганлар, “катта тўралар” орасидан излаймиз. Лекин ҳар бир жамиятнинг икки қутби бор: кўринадиган — қонун, тизим, расмий тартиб; кўринмас — одат, муҳит, ният ва тарбия.

Аслида, айнан шу ботинийси зоҳирийсидан кучли. Ният издан чиқса, қонун ҳар қанча қаттиқ бўлмасин, барибир ё кечикади, ё четда қолади.

Коррупциянинг энг хавфли жойи — унинг “оддийлашиб” бориши, ишламоқ ё дам олмоқ каби кундалик ҳаётнинг ажралмас белгиларидан бирига айлана бошлашидир. Одамлар адолат бузилишини одатий ҳол сифатида қабул қила бошласа, жамиятда тубанликка кенг йўл очилади.

Динимизда ният энг муҳим омил сифатида таъкидланган.

Имом Бухорий ривоят қилган машҳур ҳадисда айтилади: “Амаллар ниятга кўрадир”. Нияти бузилган одамнинг амалида яхшилик бўлмайди. Маърифат инсон онгига сингмагунча, коррупция билан фақат қонун доирасида курашиш —ёғдуни шам билан қидиришга ўхшайди.

«Нон ўғирлаган бир кун қувонади, лек бир умр қийналади»

Инсон ҳалолликдан узоқлашган-да, ичдан қийнала бошлайди, фар-зандлари, яқинлари олдида юзи шувут бўлишидан, қинғир ишларининг қийиғи чиқишидан қўрқиб яшайди. Унга байрамлар, қувончлар, шодликлар татимай қолади.

Негаки, ҳаромдан орттирилган бойлик одамларнинг розилиги эмас, аксинча, норозилиги, баъзан қарғиши негизига қурилади. Улар берганини куч билан қайтариб олишга кўзи етмаса ҳам, жуда бўлмаса, иғвою ғавғо билан ўша “валламат”га зиён-заха етказиш пайида бўлади. Имкон туғилди дегунча, сотишга ошиқади, қўшқўллаб кишан кийдиришга ошуфта бўлади. Бу хавф эса коррупционер ҳаётида роҳат-фароғат ўрнини бесаранжом кунлар ва ҳадик-хавотирли тунлар эгаллашига олиб бора-ди. Бу — ички жазо. У шу қадар муқаррарки, ҳеч ким қочиб қутула олмайди.

Доно халқимиз бежиз “Нон ўғирлаган бир кун қувонади, лек бир умр қийналади”, демайди. Мана шу нақл ҳар бир раҳбар, ҳар бир ходим, ҳар бир бола миясига чуқур сингса — қонунга эҳтиёж қолмайди, адолат ўз-ўзидан устувор бўлиб боради.

Ўзликни ислоҳ этишга даъват

Ислоҳотлар қанчалик жадал кеч-масин, одамлар давлатга ишонмаса, самарага эришиш қийин. Давлатга ишонч — бу нафақат сиёсий, балки маънавий қудрат. У давлатнинг салоҳиятини, кучини намоён қилади. Коррупциянинг жиловланиши — ана шу кучдан, қудратдан нишона.

Президентимиз томонидан Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар, аввало, одамларнинг давлатга ишончини ошириш, эртанги кунга умидини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, махсус ваколатли агент-лик ташкил этилди. Ҳукумат фао-лиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ҳамда масъулиятини ошириш, бюрократияни камайти-риш ва давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олди-ни олишга қаратилган превентив механизмлар амалиётга кенг жо-рий этилди. Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс ва сама-радорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳаммамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар — умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон» сифатида қараши керак”, деган сўзлари ҳар бир инсонни, аввало, ўзини ислоҳ қилишига қаратилган даъватдир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга камарбаста бўлишни, хусусан, жамиятда соғлом эътиқод ва пок ахлоқни тарғиб этишни, халқимизнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлашни ўз олдига қатъий вазифа қилиб белгилаб олган.

Коррупцияга қарши курашда энг катта ёрдам — адолат ҳақидаги илмий, ахлоқий ва диний билимларни халқ онгига етказиш, ёшларда ҳалолликни энг олий қадриятлар даражасига кўтариш, бойлик орттиришнинг ноқонуний йўлларига муросали муносабатни таг-томири билан йўқотиш орқали амалга оши-рилишини тўла англаб, бу борадаги ишларга илмий тадқиқотлар, маърифий лойиҳалар, кўплаб дастурлар ёрдамида баҳоли қудрат ўз ҳиссамизни қўшиб келмоқдамиз.

Оғир, аммо шарафли йўл

Энг чуқур жар — инсон қалбининг қоронғи бурчагидир. Коррупция ана шу зулматда пайдо бўлади. Қонун уни тўхтатиши мумкин, лекин бу фақат вақтинчалик чора бўлади. Чунки “ўрганган кўнгил ўртанса, қўймас”. Одамзод ёқимли нарсага тез кўникади. Ишламай тишлаш, белни оғритмасдан бойлик орттириш майли кўнгилнинг энг қора тубига ўрнашиб олгандан кейин уни фақат жазо билан даф этиш мушкул. Чунки кўнгил кирланиб бўлган.

Шу боис бу иллатни тамомила йўқ қила оладиган куч маърифатдир. Фақат маърифатгина қалбга зиё олиб кириб, кўнгилдаги алдам-чи ҳою ҳавасни парчалашга қодир.

Бугун коррупцияга қарши курашиш — иқтисодий ё ҳуқуқий талаб эмас, балки маънавий эҳтиёж, миллий хавфсизлик шарти, ижтимоий ишонч масаласига айланган. Қонунга хилоф равишда топилган пуллар — шунчаки оддий жиноят ёки рўйхатлардаги рақамлар эмас, у — тарбия, одат, муҳит ва эътиқоднинг юзасига чиқиб қолган қора доғдир.

Шунинг учун коррупцияга қарши кураш — аввало, маърифат билан босқичма-босқич, изчил иш олиб боришни талаб қилади.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида: “Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”, деб марҳамат қилади. Яъни ўзгариш, аввало, ич-ичимиздан бошланади.

Бугун Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларда коррупцияга қарши курашга ало-ҳида эътибор қаратилаётган бўлса-да, бу иш фақат давлатнинг кучи билан амалга ошмайди. Бу йўлда давлат, жамият, илм аҳли, ота-она, ўқитувчи, маҳалла-кўй ҳам — ҳамма бирдам бўлиб, жипс бўлиб ишлаши керак.

Шундагина жамиятимизда адолат барқарор бўлади, келажак насл ҳалол меҳнатга суянган, тоза муҳитда шаклланган авлод бўлиб етишади. Ёшларимиз онгида инсоф ва адолат мустаҳкам бўлса, ҳеч қандай иллат уларни енга олмайди. Бу йўл — оғир, аммо шарафлидир.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари доктори, профессор

Check Also

Меҳнат — ибодатнинг энг улуғ кўриниши

Динимизда касб-ҳунар эгаллашга интилиш ва иштиёқ қадрланади ва кишининг ўз қўли билан қилган меҳнати Парвардигорига …