Бугунги глобаллашув даврида коррупция инсоният олдида турган энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу иллат давлат бошқарувини заифлаштиради, иқтисодий ривожланишни сусайтиради ва жамиятда адолатсизликни кучайтиради. Коррупция инсоният тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган салбий иллатлар орасида энг хавфли ижтимоий офат сифатида қаралади.
«Коррупция» атамаси лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, «бузмоқ», «порахўрлик», «мансабни суистеъмол қилиш», «пора бериш йўли билан бузиш» маъноларини англатади. Илмий адабиётларда эса «давлат хизматчилари ёки мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларидан шахсий манфаат йўлида ноқонуний фойдаланиши» деб таърифланади.
Мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш даражаси, сиёсий барқарорлиги ва ижтимоий фаровонлиги улардаги шаффофлик, қонунийлик ва адолат қанчалик таъминланганига боғлиқ. Коррупция тараққиётни сусайтиради, халқнинг давлатга ишончини йўққа чиқаради ва миллат келажагига хавф солади. Умумий айтганда, коррупция – давлат тузуми, жамият равнақи ва инсон манфаатларига қарши қаратилган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, энг муҳими, миллатнинг маънавий устунларини емириб юборувчи иллат. Шу боис унга қарши кураш нафақат ҳуқуқий, балки глобал маънавий вазифадир.
Халқаро ташкилотлар ва давлатлар томонидан коррупцияга қарши қатор чоралар кўрилаётган бўлса-да, маънавий асосларсиз бундай иллатни тубдан йўқотиш мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан ислом дини коррупцияга қарши энг кучли маънавий ва ҳуқуқий асосни тақдим этади.
Ислом манбаларида коррупция рушват (пора), ғулул (халқ мулкини ўзлаштириш, хиёнат, суистеъмол) каби тушунчалар билан изоҳланган ва жамият барқарорлигига таҳдид қилиши сабабли қаттиқ қораланган.
Ислом адолат, омонат, поклик, ҳалоллик каби тамойилларни жамият ҳаётининг асоси сифатида белгилайди. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида адолат, поклик ва омонатдорлик инсон ҳаётининг асосий мезонлари сифатида таъкидланади. Порахўрлик ва давлат мулкини талон-торож қилиш, мансабни суистеъмол қилиш каби ишлар қаттиқ қораланган ва энг оғир гуноҳ деб кўрсатилган. Аллоҳ таоло мушрикларнинг сифатларини санаганда уларни «пора ейдиганлар» деб ҳам атаган: «Улар (имонсизлар) ёлғон (тўқиш учун Сиз)га қулоқ соладиган ва ҳаромни (порани) ейдиганлардир»[1].
Порахўрлик ва алдов йўли билан ўзлаштирилган ҳар қандай моддий нарсага бировнинг мулкини ноҳақ ўзлаштириш сифатида қаралади. Қуръони карим бундай ишлардан қаттиқ қайтаради: «Мол (ва бойлик)ларингизни ўртангизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб одамларнинг ҳаққидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!»[2]
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мен ҳам бир инсонман. Ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳаққини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Пора олувчи ва берувчининг охиратдаги ҳукми ҳақида Ибн Умар розиялоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис аниқ тасаввур беради: «Пора олувчи ҳам, уни берувчиси ҳам дўзахийдир» (Имом Табароний ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пора олган қозилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатига дучор бўлиши айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм чиқаришда пора берган ва олганни лаънатладилар». Имом Термизий ва Абу Довуд ривояти.
Мўмин-мусулмон киши ўзига ишониб топширилган ишга масъулият билан ёндашиши ва уни ҳалол-покиза бажариши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор кишини бир мансабга тайинласак ва ўша иш учун унга маош берсак, шундан кейин у (маошидан ташқари) олган ҳар қандай нарса ғулул (халқ мулкини ўғирлаш)дир,» деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Давлат ва халқнинг ҳаққини ўғирлаган, ўзига билдирилган ишончга хиёнат қилган кимсанинг ҳисоби оғир бўлиши кўплаб оятларда баён қилинган. Жумладан, Ҳақ таоло Оли Имрон сурасининг 161-оятида бундай деган: «Ким хиёнат қилса, қиёмат куни ўша хиёнати билан бирга (ҳузуримизга) келур. Сўнгра барча жон (эгалари) Ўз амалларига (яраша) мукаммал жазо олурлар. Улар (ҳаққи)га зулм қилинмагай».
Бу далиллардан аён бўладики, коррупция – жамиятни таназзулга етакловчи, давлатни заифлаштирувчи, инсонпарварлик ва адолат тамойилларини емирувчи ўта хавфли иллат. У иқтисодий инқироз, сиёсий беқарорлик, ижтимоий адолатсизлик ва маънавий таназзул каби кўплаб аянчли оқибатларга олиб боради. Шу сабабли коррупцияга қарши кураш ҳар бир мамлакатда устувор вазифалардан бирига айланган.
Мамлакатда коррупцияни кескин қисқартириш ва батамом йўқ қилиш учун қонун устуворлигини таъминлаш, давлат идораларида шаффофликни кучайтириш, маънавий тарбияни юксалтириш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш зарур. Бунда ҳар бир фуқаро ўз масъулияти ва дахлдорллигини ҳис қилиши, поклик ва ҳалолликни ҳаёт меъёрига айлантириши лозим. Шундагина жамиятда адолат, тараққиёт ва фаровонлик қарор топади. Адолатли, коррупциядан холи жамият миллатнинг ёрқин келажаги кафолатидир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz