Имом Бухорий машҳур “Жомеъус-саҳиҳ” китобларида ҳам “Китобул адаб” деган қисм очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси-шарифлардан бир юз йигирма саккиз бобда уч юздан ортиғини келтирганлар.
Лекин Имом Бухорий бу билан кифояланмай, “Жомеъус-саҳиҳ”га ўзларига етиб келган бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, “Ал-адаб ал-Муфрад” номли китоб тасниф қилганлар. У киши бу мавзуни ўта муҳим ҳисоблаганларидан унга алоҳида китоб бағишлашни лозим кўрган бўлсалар керак.
Бизнинг тилимизда “одоб” тарзида талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча “адаб” сўзи аслида “маъдаба” ўзагидан олингандир. “Маъдаба” эса одамлар даъват қилинган зиёфатни англатади.
Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий маъдаба – зиёфат бўлгани учун шу номни олган.
Абу Муҳаммад ўзининг “Китобул Воъий” номли асарида: “Одоб кишиларни мақталган нарсаларга чақиргани учун “одоб” деб номланган”, дейди.
Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: “Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир”, деган.
Одобнинг таърифида жуда кўп гаплар айтилган.
Жумладан: “Мақтовга сазовор сўз ва амални ишлатиш одобдир”.
“Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир”.
“Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир”.
Шу ва шунга ўхшаш барча таърифлар бир жойга тўпланса, одобнинг Исломда кўзланган таърифи келиб чиқади.
Ҳозирги кунда Ғарб маданиятига тобелик таъсирида “одоб”ни “маданият” дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, “овқатланиш одоби” дейиш ўрнига “овқатланиш маданияти” дейилади.
“Ал-Адаб ал-Муфрад” китоби ана шу муҳим масалага бағишлангандир. Китоб номидаги “ал-муфрад” сўзи “фард”, яъни ёлғиз деган маънони англатади. Бошқача қилиб айтганда, фақат, ёлғиз одоб масаласига бағишланган китоб, десак ҳам бўлаверади.
Имом Бухорийнинг ушбу “Ал-Адаб ал-муфрад” китоби ҳам жуда мўътабар ҳисобланади. Унда Имом Бухорий фақат адабга оид 1322 та ҳадиси шарифни келтирганлар ва ўз одатларига биноан, уларни 644 та бобга бўлганлар.
Бу китобда ижтимоий алоқаларга ва кишиларнинг ўзаро муомалаларига оид одобларга боғлиқ ҳадиси шарифлар келтирилган.
“Ал-Адаб ал-Муфрад”да ҳам Имом Бухорий “Жомеъус-саҳиҳ”даги услубни қўллаганлар.
Баъзи ўринларда Қуръони Карим оятларидан ҳамда саҳобаларнинг асарларидан ҳам келтирганлар.
Яна таъкидлаб айтилиши лозим нарсалардан бири шуки, “Ал-Адаб ал-Муфрад”да келган барча ҳадислар ҳам “Жомеъус-саҳиҳ”даги ҳадислар даражасида эмасдир.
Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу китобдаги ҳадисларнинг ярми саҳиҳлик даражаси бўйича “Жомеъус-саҳиҳ”даги ҳадислар билан бир хил даражададир. Қолган ярми Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”идан жой олган ҳадислардан кейинги ва Имом Термизий, Насаий, Ибн Можа ҳамда Абу Довудларнинг китобларидаги ҳадислардан юқори ўринда туради. Бу илмий ҳақиқатни аллома Юсуф Баннурий ҳам таъкидлаган.
Шунингдек, “Ал-Адаб ал-Муфрад”да Имом Бухорий “Жомеъус-саҳиҳ”да санади етказилмаган муъаллақ ҳадислардан баъзиларининг санадини охирига етказганлар. Кўплаб муҳаддислар аниқлай олмаган ровийларни ва баъзи сўзларни аниқлаб берганлар.
“Ал-Адаб ал-Муфрад”да бошқа китобларда йўқ хабарлар келган. Айни пайтда ушбу китобга киритилган баъзи ҳадисларнинг яна ўхшаши бўлса, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ана шу ўхшаш ривоятнинг ровийлар санадини баён қилиб, улар ҳам юқоридагига ўхшаш ривоятни келтирганларига ишора қилганлар. Бизнинг мақсадимиз санадларни ўрганиш бўлмагани учун уларни зикр қилмасликни маъқул топдик.
Шубҳасиз, бу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адабларини ўзида жамлаган, исломий одоб ва ахлоқларни кенг тарғиб қилган китобдир.
Кўпчилик олимларимизнинг таъкидлашларича, “Ал-Адаб ал-Муфрад” китоби одоб ва ахлоқ бобида битилган энг яхши китоблардан биридир. Унда келтирилган одоб ва ахлоқларни ўзида мужассам қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.
“Ал-Адаб ал-муфрад”ни имом Бухорийдан Аҳмад ибн Муҳаммад Баззор ривоят қилган.
“Ал-Адаб ал-муфрад” китоби бир неча бор нашр этилган. Жумладан, Тошкентда ҳам 1970 йилда нашр қилинган.
“Ал-Адаб ал-муфрад”ни Муҳибиддин Хатиб шарҳ қилгани ҳақида турли манбаларда маълумотлар бор.
“Ал-Адаб ал-муфрад”ни кейинроқ, ҳижрий 1399 санада вафот этган Ҳайдарободдаги “Усмоний” дорилфунуни устози Саййид Фазлуллоҳ Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳи шарҳ қилган. У киши ўз китобини “Фазлуллоҳис-Сомад фий тавзийҳи “Ал-Адаб ал-Муфрад” деб номлаган.
Китобнинг номидан ҳам унинг тўлақонли шарҳ эмаслиги, балки тавзийҳ – ойдинлаштириш экани кўриниб турибди. Муаллиф ўз китобида “Ал-Адаб ал-Муфрад”да келган ровийлар ҳақидаги маълумотларни ҳамда ҳадис ва ривоятлардаги тушуниш қийин бўлган жойларни ёритиш билан кифояланган. Шунинг учун ҳам бу китобга аҳли илмларга ёрдамчи омил сифатида қаралади.
Ушбу китобнинг муаллифи ўз муқаддимасида ўта аҳамиятли бўлишига қарамай, “Ал-Адаб ал-Муфрад”нинг асл нусхаларини топишда қийналганини таъкидлаб ўтади.
Шунингдек, аллома Мунозир Аҳсан Кийлоний “Ал-Адаб ал-Муфрад” ҳақида қуйидагиларни айтади:
“Энг ажабланарлиси шуки, уммат набавий ҳадис хизматига ниҳоятда берилгани ва унга оид китобларни шарҳ қилишга шавқли бўлганига қарамай, менимча, бизнинг замонимизгача ушбу нодир дурдонани шарҳ қилишга эътибор бермагандир”.
Юқорида зикр қилинганларга асосланиб, сиз билан бизнинг шарҳимиз кенг мусулмонлар оммасига аталган биринчи шарҳ десак, муболаға қилмаган бўламиз.
КИТОБНИНГ НАҚЛ ҚИЛИНИШИ
Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асарлари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий”, яъни “Жомеъус-саҳиҳ” китоби бутун Ислом умматининг иттифоқи ила Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф қилинган.
Имом Бухорий ана шу машҳур “Жомеъус-саҳиҳ” китобларида ҳам “Китобул адаб” деган боб очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифларни келтирганлар.
Албатта, ҳадиси шарифлар Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққандан сўнг саҳобалар томонидан катта эътибор ва эҳтимом билан қабул қилиб олинган ва сўнгра улардан кейин келган авлодларга ишончли асосда нақл қилинган.
Ана шу нарса муҳаддисларимизга, шу жумладан, имом Бухорийга ҳам етиб келган. Ровийларнинг, яъни ҳадисни нақл қилувчи шахсларнинг шахсиятини чуқур ўрганиб, уларнинг умрида ёлғон гапирмаганларига, эшитган нарсаларини унутиш одатлари бўлмаганига, хиёнат ва бошқа бир салбий сифатлари бўлмаганига ишончлари комил бўлгандан сўнг ва ана шу шахс кимдан ривоят қилган бўлса, уларнинг учрашгани тўғрисида гувоҳ ҳам топилганидан сўнггина Имом Бухорий бу ҳадисни қабул қилганлар ва ўзларининг китобларига киритганлар.
Демак, Имом Бухорийдан Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломгача бўлган силсила жуда аниқ равишда ўрганилган. Маълумки, мазкур ровийлар силсиласи “санад” дейилади. Санадда бир неча кишилар бўлади.
Имом Бухорийнинг “Жомеъус-саҳиҳ”ида “силсилаи заҳабия” деган санадлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Имом Бухорий ораларидаги ровийлар уч кишидан иборат. Яъни Имом Бухорий билан Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг ўрталарида уч киши бор. Ана шундай, яъни уч кишигина ривоят қилган ҳадисларни тўплаб, “Сулосияти Бухорий” номли китоб ҳам қилинган.
Бошқа ҳадисларда ровийлар сони тўрт, беш, олти, етти кишигача етган ҳолатлар ҳам бор. Лекин биз ҳозир айтмоқчи бўлган гапимиз Имом Бухорийдан бу ёғи – бизгача етиб келиши қандай бўлгани ҳақида. Бу улкан илмий иш дақиқ илмий ҳаракат асосида, мусулмон уммати учун жуда аниқлик билан қўллаб келинган услуб орқали етказилган.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, катта илмий баҳслардан кейин, ишончли бўлгани аниқланганидан сўнг Имом Бухорий ҳадисларни китобларига ёзганлар ва мазкур китобни кўпчиликка, яъни оддий одамларга, тенгдошларига, шогирдларига ва бошқаларга ўқитганлар.
Имом Бухорий Бухорога келганларида Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. Бу ерда дарс ўтганларида маълум бир масофада мубаллиғлар, яъни етказувчилар туриб, Имом Бухорийнинг оғизларидан чиққан ҳар бир нарсани халққа етказиб турганлар. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борган.
Ана шу тариқа Имом Бухорий ўз китобларини ўқитганларидан сўнг шогирдларидан ким бу китобни ёзган бўлса ёки имомнинг қўлларидаги нусхадан кўчирган бўлса, Имом Бухорийнинг олдиларида ўтириб, муҳаддисларнинг “муқобала” деб атайдиган услубини қўллаб, солиштириб чиққан. Ҳар бир сўзнинг устознинг сўзига тўғрими, йўқми эканини аниқлаган.
Солиштириб чиқиб, хато бўлса, бир аломат қўйиб туриб, чеккасига тўғрилаб ёзилган. Шундай дақиқ бўлганки, агар бирор сўз ёки бирор қатор нотўғри кўчириб қолинган бўлса ёки такрор бўлса, уни ўчириб юбориш мумкин бўлмаган.
Қайси бир қўлёзмада бирон нарса ўчирилган бўлса, бу ерда хиёнат бор экан деб, ҳеч ким қабул қилмаган. Ўша хато унинг устига чизиб қўйиш билан тўғриланган. Устига чизилган, тагида нима борлигини ҳамма билади. Демак, у ерни ўқимайди. Лекин ўчиб кетган бўлса-чи? Эҳтимол, керакли нарса ўчирилгандир, деган шубҳа билан у қабул қилинмаган.
Шунинг учун ана шу кўчириб олинган нусхани устознинг ўзи ўтириб, охиригача кўриб чиққан. Солиштириш пайтида шогирднинг нусхасини устоз қўлига олади, устознинг нусхасини шогирд қўлига олади-да, солиштиришади.
Охирги ҳарфигача тўғри бўлгандан кейин устоз “Мен ўз шогирдим Фалончи ўғли Фистончига фалон кунлари, шунча муддатда ўзимнинг китобимни ўқитдим. У кўчириб олди, текширдим, ҳеч қандай хатоси йўқ, бунга ижозат бераман” деган ижозатнома ёзиб берган.
Бу борадаги китобларни ўқитиш, сақлаш, қўлёзма китобни уйда сақлашнинг ҳам махсус қонун-қоидалари бўлган. Масалан, сандиқнинг ичида китобдан бошқа нарса бўлмаслиги керак. Ўзидан бошқа одам сандиқни очмаслиги керак. Сандиқ қулфли туриши керак ва шунга ўхшаш бир қанча шартлари бор. Ушбу шартлардан бирортасига амал қилинмаса, тамом, ўша қўлёзманинг қадри кетади, унга ҳеч ким ишонмайдиган бўлиб қолади.
Демак, қўлёзмалар шу тарзда Имом Бухорийдан бизгача бирин-кетин ўтиб келган. Охири келиб чоп этилган бўлса, қайси қўлёзмадан қилингани очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.
Ана шундай усулда ҳар бир ҳадис ўқувчига, ҳар бир ҳадис эшитувчига ўзининг силсиласи пайдо бўлади. Ҳадис тўғрисида гап кетаётганда ҳадиснинг бу тарафида ҳадис ўрганаётган толиби илм турса, у тарафида Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом туришларини унутмаслик керак бўлади. Биз ўрганаётган “Ал-Адаб ал-Муфрад” китобининг аввалида ҳам ана шу нарсага ишора бор.
Манба:ЎзА