Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримнинг нозил бўлиши

Қуръони каримнинг нозил бўлиши

“Қуръон” сўзи манбаларда келтирилишича араб тилида “Қироат”, яъни ўқиш маъносини билдиради. Уламолар таъбирида эса Аллоҳнинг каломи бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил бўлган. У тиловати ибодат ҳисобланувчи китобдир.

Ваҳий–Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига бўлим-бўлим бўлиб юборган диний кўрсатмасидир. Ваҳий фаришталар орқали ва бошқа кўринишларда келган. Аллоҳ таоло томонидан ўз Пайғамбарига ваҳий қўйидаги кўринишда келган:

1.Оиша розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи ваҳий келиши ўнгидаги туш бўлган.

  1. Фаришта ўзи кўринмай туриб Пайғамбарсоллаллоҳу алайҳи васалламқалбларига керакли хабарларни етказар эди.
  2. Жаброил фаришта Пайғамбаримизга инсон шаклида кўринар эди.
  3. Кўнғироқ қилингандек овоз чиқариб келар эди.
  4. Фаришта ўзининг асл шаклида келади ва ваҳийни етказади. Пайғамбаримиз 40 ёшларида ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғларнинг биридага “Хиро” ғорига кериб ибодат қилар эдилар.

         Кунлардан бир куни ғорда бўлганларида “Ўқи” деган овоз эшитдилар. “Мен ўқишни билмайман”, дедилар. Шу пайт бир нарса елкаларини сиқиб қўйиб юборди ва “Ўқи”, деди. Шундай қилиб 3 марта такрорлагандан сўнг овоз орқали Аллоҳнинг ояти нозил бўлди. У киши бўлаётган воқеадан қўрқиб кетиб, шошиб уйларига бориб: “Мени ўраб қўйинглар”, дедилар.

         Ушбу бўлган воқеани Хадича онамизга сўзлаб бердилар. Хадича онамиз бу воқеани яхшиликка йўйиб, амакилари Варақа ибни Навфал олдига йўл олдилар. Шундан Варақа ушбу воқеани тўғри талқин қилиб бу инсон охирги Пайғамбар эканлигини сўзлаб, ҳали олдинда кўплаб машаққатни бошдан ўтказишларини айтади. Шу кундан бошлаб инсоният тарихидан бахтли, саодатли кунлар бошланади. Аста-секин оятлар нозил бўла бошлади. Бу ҳолат 23 йил–13 йил Маккада, 10 йил Мадинада давом этди.

Қуръон оятлари Пайғамбар алайҳиссаломга нозил бўлиш чоғида, ул зот ҳузурларидаги саҳобаларга ваҳийни тиловат қилиб берар ва уни ёзиб олувчиларга оятнинг жойини кўрсатиб, бу оятни фалон суранинг фалон жойига қўйинглар деб, амр қилар эдилар. Улар Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламайтиб турган оятларни хурмо пўстлоқларига, япалоқ тош-тахтачаларга, териларга ва ҳайвонларнинг курак суякларига ёзиб олар эдилар. Расулуллоҳнинг ҳузурларида Қуръондан нозил бўлган оятларни эшитган кишилар дарҳол ушбу оятларни ёдлаб олар ва бошқаларга етказар, қироат қилиш, уни фаҳмлаш учун такрор-такрор ўқир эдилар[1].

Ҳоким “Ал-Мустадрак”да Зайд бин Собитдан шундай ривоят қиладилар: “Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламҳузурларида ваҳийни ёзиб турар эдим. Ул зот айтиб турар эдилар. Ёзиб тугатганимда: “Ўқи!–дер эдилар, мен ўқиб берар эдим. Агар бирор нарса тушиб қолган бўлса, ул зот тўлдирар эдилар”[2].

Қуръон суралари иккига бўлинади:

  1. Маккий суралар бўлиб, улар ҳижратдан олдин нозил бўлган.

         Бу оятларда Аллоҳдан бошқа илоҳнинг йўқлиги, Пайғамбарнинг ҳақлиги, мушриклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси ва эътиқод каби масалалар баён қилинади.

  1. Маданий суралар ҳижратдан кейин нозил бўлган.

Маданий оятларда, асосан, шариат, ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида сўз юритилади.

         Маълумки, Пайғамбаримиз ўқиш ва ёзишни билмаганлар. Шунинг учун Қуръон оятини фариштадан эшитиб ёдлаб олганлар. Сўнг саҳобаларга ўқиб берганлар. Улар ҳам, ўз навбатида, ёдлаб олар эдилар. Чунки ўша вақтда ўқиш ва ёзишни билганлар кам эди. Улар орасида Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб каби кишилар улардан истисно бўлиб, улар дарахт япроғи ёки силлиқ тошлар, тери ёки қоғозларга ўхшаш нарсаларга ёзишган. Пайғамбаримиз ўз даврида яна ваҳий тушиб қолар деган умидда Қуръонни  китоб шаклига  келтирмадилар. У зотдан сўнг Абу Бакр р.а халифалик даврида кечган қирғинбарот жангларда Қуръонни тўла ёд олган қорилар шаҳид бўла бошладилар. Шунда Умар р.а Абу Бакр р.а гақорилар ўлиб кетаверса, Аллоҳнинг каломига путур етиши мумкинлиги сабаб уни китоб шаклига келтиришни маслаҳат бердилар. Аввалига ҳалифа Абу Бакр р.а иккиланди. Чунки бу Пайғамбар алайҳиссалом амалга оширмаган иш эди. Сўнг кибор (катта) саҳобалар билан маслаҳатлашиб, ушбу ишга рози бўлди ҳамда бу ишга Зайд ибн Собит масъул қилинди. Қуръонни энг яхши ёдлаган ва Пайғамбар алайҳиссалом билан кўп бирга бўлган саҳобаи киромлар бир жойга тўпланиб, тақдим этилган маълумотлар чуқур текширилиб, аниқлик билан бир йил давомида йиғиб келиш тўғрисида ишланган саҳифага боғлаб Абу Бакр р.а уйида қўйилди. Абу Бакр р.а оламдан ўтгач, Умар р.а уйида, ундан сўнг қизи Хафса онамизникида қолди. Вақт ўтиши билан Ислом давлатлари кўпайиб мусулмонлар сони кўпайгач Қуръон ўқишда турли хил келишмовчиликлар бошланди. Бу ҳолатни кўрган халифа Усмон р.а Хафса онамиздан Абу Бакр р.а давридаги саҳифаларни олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ берди.

         Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган марказий шаҳарларга биттадан нусха ва биттадан қори юборилди. Аллоҳ таоло ушбу китоб ҳимоясини ўз зиммасига олиб, шундай дейди: “Биз зикр (Қуръон)ни туширдик ва ўзимиз уни муҳофаза қиламиз”[3]. Дарҳақиқат, йиллар ва асрлар ўтиб, не-не ҳукмронлар ўтди, лекин бирор кимса шу вақтга қадар Аллоҳнинг Каломидан бир ҳарфни ҳам ўзгартиришга қодир бўла олмади.

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими: А.Раҳимов
[1]Шайх Исмоил Махдум Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи–Т.: Мовароуннаҳр, 1995.–Б.7.
[2]Шайх Исмоил Махдум Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи–Т.: Мовароуннаҳр, 1995.–Б.8.
[3]Қуръон карим маъноларининг таржимаси ва тафсири. А.Мансур.– Т:. ТИУ, 2004:

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …