Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликда муборак Рамазон ойи муносабати билан http://uza.uz сайтида “Имом Бухорий ҳадислари” номли бўлимни ташкил этди.
Ушбу бўлимни очишдан мақсад, Ислом динининг асл моҳиятини ёшларга ҳадиси шарифлар орқали етказиш, юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий ва бошқа муҳаддис алломалар қолдирган бой илмий меросни халқимиз ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборат.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Имом Бухорий ҳазратлари тўплаган ҳадислари ушбу бўлимда босқичма-босқич тақдим этиб борилади.
Ҳадисларни баён этиш жараёнида унинг кўпчилик тушунадиган, содда тилда бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, юртимизда асрлар оша мусулмонларнинг фиқҳий мазҳаби бўлмиш, Ҳанафий мазҳабида бўлиши ҳам эътиборимизда турди.
“Имом Бухорий ҳадислари” номли бўлим фаолиятини Имом Бухорий бобомизнинг иккинчи бош асарлари бўлмиш «Ал-адаб Ал-Муфрад» китобларига забардаст уламо, фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қилган шарҳларидан бошлашга қарор қилдик. Имом Бухорий ҳазратлари ушбу китобларида одоб-аҳлоқ масалаларига оид ҳадисларни саралаб келтирганлар.
Мана шундай шарафли ишга муяссар қилган Аллоҳ таборака ва таолога ҳадсиз шукрлар айтиш билан бирга бу ишда ўз ёрдамини аямаган инсонларга ўз миннатдорлигимизни изҳор қиламиз.
Манба:ЎзА