Ислом дини бағрикенглик, юксак ахлоқ ва маърифат дини ҳисобланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси дин Аллоҳга суюклироқ?” деб сўралди. У зот: “Ҳаниф ва бағрикенги”, деб жавоб бердилар”.
Бағрикенглик исломнинг гўзал одобларидан саналади. Исломда танглик йўқ, дейилгани ҳам шундан. Ислом енгил ва инсонпарвар дин бўлиб, одамларни бағрикенг бўлишга, ўзаро меҳр-шафқатли бўлишга чақиради.
Ҳадисда келтирилади: “Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг уйида бир қўй сўйилди. Шунда хизматкорига қараб: “Яҳудий қўшнимизга бердингми? Яҳудий қўшнимизга бердингми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Жаброил менга қўшни борасида шунчалик кўп насиҳат қилдики, яқинда уни менга меросхўр қилиб қўйса керак, деб ўйладим”, деганларини эшитганман”, деди”. Бундан бир жамиятда яшаётган турли динга мансуб кишилар ўзаро тинч-тотув ва бағрикенг бўлиб яшаши лозим экани кўринади.
Исломда динни мажбуран қабул қилдириш мумкин эмас. Чунки эзгуликка мажбурлаш солиҳ одамни тарбия қилмаганидек, исломга мажбурлаш ҳам инсонни мусулмон қилиб қўймайди.
Бу борада Қуръони каримда:
﴿لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ﴾
“Динга мажбурлаш йўқ”[1], деб марҳамат қилинади.
Ғайримусулмон ҳам бир инсон. Ваҳоланки, шариатда ҳатто ҳайвонга ҳам озор бермаслик буюрилган. Хайбар куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳнинг сен орқали бир одамни ҳидоят қилиши сенга қизил туялар берилишидан яхшироқдир”, дедилар. Бундан келиб чиқадики, ғайримусулмонга ҳам яхши муносабатда бўлиш лозим. Балки Аллоҳ шу сабабли уни ҳидоятга бошлар.
Зеро, Аллоҳ таоло:
﴿وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا﴾
“Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”[2], деб марҳамат қилади.
Ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига Ўзи ато этган беҳисоб неъматларини эслатиш билан бирга, инсоннинг нақадар улуғ бир мавжудот эканини таъкидламоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бағрикенгликни фақат дин билан чеклаш гина ва кудуратни қўзғаши мумкин. Бу инсонлар қалбида тинчлик руҳиятининг барқарор бўлишига халақит беради. Ислом инсонийлик фазилатларини кенг ёйишга интилади. Натижада, хавфсизлик ва барқарорлик инсонлар қалбидан жой олади ва жамиятда тинч-тотувлик ва бағрикенглик ҳукм суради.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz