Ислом ва Қуръон неъматлари учун Роббимиз Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Бизларни раҳмат ва мағфират, тавба ва розилик, дўзахлардан нажот топиш, раҳмат устига раҳматлар ёғиладиган, яхшиликлар эвазига кўп-кўп ажру савоблар бериладиган ва гуноҳлар кечириладиган ой бўлмиш Рамазонга етказган Роббимиз Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!
Бизларга ислом ва Қуръонни неъмат қилиб берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Бизни Ўзининг раҳмати ёғиладиган ва гуноҳкор бандаларини мағфират қилидиган, тавба қилганларнинг тавбасини қабул қиладиган ва солиҳ амал қилганлардан Ўзи рози бўладиган ва уларни Ўзи рози қиладиган, дўзахлардан озод қиладиган, раҳмати устига раҳматини ёғдирадиган, қилинган яхши амаллар эвазига ажру савоблари мўл-кўл қилиб берадиган ва қилинган хатоларни кечирадиган ой – Рамазонга етказгани учун Аллоҳга шукроналар бўлсин!
Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига берган энг улуғ неъматларидан бири бу – уларни янада кўпроқ яхшилик қилиб олсинлар, қилган гуноҳлари учун мағфират сўраб олсинлар дея тоат-ибодат ва яхши амаллар қилинадиган, раҳматлар ёғиладиган кунларга етказишидир.
Фойдали тижорат…
Бу дунёда тижорат билан шуғулланадиган кишилар савдо-сотиқ мавсимиги пухта ҳозирлик кўрадилар, қўлга киритиладиган фойдани бой бериб қўймаслик учун шу мавсим келишидан бир неча кун, ҳатто, бир неча ой олдиндан бошлаб қаттиқ ҳаракат қиладилар. Чунки улар меҳнатнинг таги роҳат эканини, тортилган машаққат тезда унут бўлиб кетишини яхши биладилар. Шундай экан Аллоҳ билан шерикликда тижорат қиладиган кишиларга нима бўлганки, ҳозирлик кўрмайдилар? Фазилатли кунлар ва амаллардан ғофил бўлиб яшайдилар? Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқаргувчи тижоратга далолат қилайми? Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Шундай қилишингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир”.[1]
Яна шундай дейди:
“Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиганлар, намозни тўкис адо этиб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ қилганлар, ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар. Чунки У зот уларга ажрларини тўлиқ қилиб берур ва Ўз фазлидан зиёда ҳам қилур. Албатта, У ўта мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир”[2].
Қабрларда ётганларнинг орзуси…
Қабрларда ётганлар мана шу баракотли кунларга етиб, даражалари юксалиши, гуноҳлари кечирилиши ва дўзахдан озод бўлишлари учун шу кунларни Аллоҳга тоат-ибодат қилиш билан ўтказар эдик, дея дунё ҳаётига қайтишни қанчалар орзу қиладилар. Рамазон келишига бир оқшом ёки ундан ози қолганида омонатини топшириб унга ета олмай қолганларимиз, қанча-қанча яхшиликларни қила олмай кетганларимиз қанча…
Шаҳиднинг савобидан устун туради…
Ушбу муборак ойга етишнинг улуғ неъмат эканига далолат энг машҳур ҳадислардан бири бу – Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида Талҳа ибн Убайдиллоҳдан ривоят қилган ушбу ҳадисдир:
“Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Ҳар иккиси ҳам бирга иймон келтирган эди. Улардан бири шеригидан кўра кўпроқ ғайратли киши эди. Ана шу ғайратлиги жангга чиқиб, шаҳид бўлди. Шериги ундан кейин бир йил яшаб вафот этди. Талҳа шундай дейди: “Мен туш кўрдим. Тушимда жаннат эшигининг олдида эдим. Баногоҳ ҳалиги икки кишини кўриб қолдим. Жаннатнинг ичидан бир киши чиқиб, кейин вафот этганига изн берди. Сўнгра шаҳид кетганига изн берди. Сўнгра икковлари менинг олдимга қайтиб келишди ва: “Сен қайтиб кет. Чунки ҳали сенинг вақтинг келган эмас”, дейишди”.
Шундан сўнг Талҳа бу тушини одамларга сўзлаб юрадиган бўлди. Одамлар унинг бу тушидан таажжубга тушдилар. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига бориб етганида у зот: “Қайси биридан таажжубга тушаяпсиз?” дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Биринчи киши кўпроқ ғайратли эди. Қолаверса у Аллоҳнинг йўлида шаҳид кетади-ю, бундан аввал унинг шериги жаннатга кирадими?” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Буниси ундан кейин бир йил яшамадими?”. “Ҳа”, дедилар улар. “Рамазон ойига етиб, унинг рўзасини тутмадими?”. “Ҳа”, дедилар улар. “Шу бир йил ичида фалонча намоз ўқимадими? Фалонча сажда қилмадими?”. “Ҳа”, дедилар улар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Демак, уларнинг ўртасида ер билан осмоннинг ўртасидаги масофадан кўра каттароқ масофа бор”, дедилар”[3].
Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир!
Ана шу Рамазон ойига етишимиз нақадар буюк бир неъмат экан-а?! Роббимиз у ҳақида “Қадр кечаси минг ойдан кўра яхшироқдир”[4] деб марҳамат қилган улуғ кечага етишимиз қандай ҳам буюк неъмат экан-а?! Шундай экан, юқорида ўтган ҳадисдан нега ҳайратга тушишимиз керак? Бу карами кенг Аллоҳнинг бир кечадаги фазлу марҳаматику. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳнинг ҳар бир кеча ва кундузида дўзахдан озод қилган бандалари бордир. Улардан ҳар бир банданинг ижобат бўладиган дуоси бордир”[5], деб турганлари ҳолда қандай қилиб таажжубга тушамиз?
Аллоҳим! Бизларни ўз фазлу карамингдан маҳрум қилмагин. Сенга итоат қилишимизда бизларга мададкор бўлишингни, умримизни баракотли қилишингни, унда эзгу амалларни қилиб қолишга ҳаракат қилиш ва солиҳ амалларга шошилиш ва Сенинг розилигингни топиш борасида бир-биримиз билан беллашишга муваффақ қилишингни Ўзингдан сўраймиз.
Сон-саноқсиз ажру савоблар…
Аллоҳнинг карами кенг бўлгани учун рўзанинг савобига маълум бир чегара белгиламаган. Рўзанинг савобини Унинг Ўзи беради. Карамли зот берадиган бўлса бандасини ҳайратга соладиган қилиб беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласининг барча амаллари(нинг савоби) ошиғи билан берилади. Битта яхшилик эвазига унинг ўн баробаридан етти юз баробари, ундан Аллоҳ истаган миқдорига қадар (савоб берилади). Аллоҳ таоло: “Аммо рўза (унақа эмас). Чунки у Меникидир, унинг мукофотини Ўзим бераман. (Бандам) Мен учун ўз шаҳвати ва таомини тарк қилади”, дейди. Рўзадор учун иккита хурсандчилик бор: оғзини очаётган вақтида бир хурсандчилик ва Роббиси билан учрашган вақтида бир хурсандчилик. Албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир”, деганлар[6].
Гуноҳлар кечирилишининг сабаблари:
Рамазон ойига етиш гуноҳлар кечирилишининг энг буюк сабабларидан биридир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга кўтарила туриб: “Омин! Омин! Омин!” дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Минбарга кўтарила туриб: “Омин! Омин! Омин!” дедингиз-а?” дейилди. Шунда у зот дедилар: “Олдимга Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ким Рамазон ойини топса-ю, мағфират қилинмасдан жаҳаннамга кирса, Аллоҳ уни хор қилсин! Сиз “Омин!” денг!” деди. Мен: “Омин!” дедим. “Ким ота-онасини (кексалик чоғида) топса ва уларга яхшилик қилмай ўлса-ю, жаҳаннамга кирса, Аллоҳ уни хор қилсин! Сиз “Омин!” денг!” деди. Мен: “Омин!” дедим. “Кимнинг олдида сиз зикр қилинсангиз, сизга салавот айтмаса, кейин ўлиб, жаҳаннамга кирса, Аллоҳ уни хор қилсин! Сиз “Омин!” денг!” деди. Мен: “Омин!” дедим”[7].
Рўзанинг ажойиб фазилати ҳақида Абу Умома розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшин туздилар. Мен у зотнинг ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, менга шаҳидликни сўраб дуо қилинг”, дедим. У зот: “Аллоҳим, уларни саломат сақлагин ва уларга ўлжалар бергин”, дедилар. Шундан сўнг биз жанг қилдик ва саломат қолдик ва ўлжа ҳам қўлга киритдик. Сўнгра яна бошқа бир қўшин туздилар. Мен у зотнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, менга шаҳидликни сўраб дуо қилинг”, дедим. У зот: “Аллоҳим, уларни саломат сақлагин ва уларга ўлжалар бергин”, дедилар. Сўнгра яна бошқа бир қўшин туздилар. Мен у зотнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен кетма-кет уч марта сизнинг олдингизга келиб, менга шаҳидликни сўраб Аллоҳга дуо қилинг”, дедим. Сиз: “Аллоҳим, уларни саломат сақлагин ва уларга ўлжалар бергин”, дедингиз. Шундан сўнг биз жанг қилдик ва саломат қолдик ва ўлжа ҳам қўлга киритдик. Энди эй Аллоҳнинг Расули, менга шундай бир ишни амр қилингки, Аллоҳ уни мен учун манфаатли қилсин”, дедим. У зот: “Рўзани лозим тутгин. Чунки унинг ўхшаши йўқдир”, дедилар”[8].
Шукур қилишга арзийдиган неъмат…
Шубҳасиз, Рамазон ойига етиш ҳам Аллоҳнинг шукур қилишга арзийдиган буюк неъматларидан биридир. Аллоҳ таоло рўза ҳақидаги оятнинг сўнгида: “Ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз”[9], дейди.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг”[10].
Аллоҳим барчамизни шукур қилгувчи бандаларингдан қилгин! Бизларга фазлу марҳаматингни зиёда қилиб бергин! Бизларни кўп-кўп Рамазонларга етказгин! Мана шундай улуғ неъматнинг шукрини адо этадиган, Сенинг тоатингни қилиш ва розилигингга эришиш учун бу ойдан унумли фойдаланиб қолишни бизларга насиб этгин!