Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги – TİKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти ҳамкорликда жорий йилнинг 17-27 апрель кунларида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Қўлёзма асарларни сақлаш ва таъмирлаш” мавзусидаги ўқув-амалий курси ўз машғулотларини бошлади.
Ушбу ўқув-амалий курсида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи Йўлдошхон Исаев, нодир асарлар фонди муҳофизи Ихтиёр Қўшшақов ва нодир асарларни таъмирловчи мутахассиси Ирода Даурбековалар ҳам иштирок этмоқда.
17-19 апрель кунлари Туркия қўлёзма асарлар кенгаши Бош Бошқармаси, Китоб шифохонаси ва архив департаменти раҳбари Нил Байдар хоним “Қўлёзма асарларда ёмонлашув турлари: мураккаб коррозия, юмшатилиш, йиртилиш в.б.”, “Қўлёзма асарларда амалга оширилиши мумкин бўлган анализлар ва тадқиқлар”, “Таъмирлашда қўлланиладиган материаллар ва уларнинг хусусиятлари”, “Таъмирлаш босқичлар”, “Қуруқ тозалаш ва йиртиқларни таъмирлаш” каби мавзуларида назарий ва амалий дарс машғулотлари олиб борди.
22-27 апрель кунлари Коня шаҳар қўлёзма асарлар минтақавий бошқармаси бошлиғи Бекир Шаҳин “Қўлёзма асарларни тузилиши”, “Профилактик муҳофаза қилиш (сақлаш жойининг ҳолати ва атмосфераси)”, “Китоблар устига ёпиштирилган этикеткалар ва уларнинг зарарлари” ва “Бузилишга олиб келадиган омиллар” каби мавзуларда назарий ва амалий дарс машғулотларини олиб боради.
ИБХИТМ Матбуот хизмати