Home / ҲАДИС / Гуноҳ бўлмаса ота-онани амрига итоат қилиш ҳақида

Гуноҳ бўлмаса ота-онани амрига итоат қилиш ҳақида

٩ – باب يبر والديه ما لم يكن معصية

9-боб. Гуноҳ бўлмаса ота-онани амрига итоат қилиш ҳақида[1]

۱٨ – حدثنا محمد بن عبد العزيز قال: حدثنا عبد الملك بن الخطاب بن عبيد الله بن أبى بكرة البصري لقيته بالرملة قال: حدثني راشد أبو محمد عن شهر بن حوشب عن أم الدرداء عن أبى الدرداء قال: أوصانى رسول الله صلى الله عليه و سلم بتسع: «لا تشرك بالله شيئا وإن قُطِّعْتَ أو حرقت ولا تتركن الصلاة المكتوبة متعمدا ومن تركها متعمدا برئت منه الذمة ولا تَشْرَبَنَّ الخمر فإنها مفتاح كل شر وأَطِعْ والديك وإن أمراك أن تخرج من دنياك فاخرج لهما ولا تُنَازِعَنَّ وُلاَةَ الأمر وإن رأيت أنك أنت ولا تَفْرِرْ من الزحف وإن هلكت وفر أصحابك وأنفق من طَوْلِكَ على أهلك ولا ترفع عصاك على أهلك وأخفهم في الله عز و جل». أخرجه ابن ماجة فى الفتن (٤٠٣٤).

  1. Бизга Муҳаммад ибн Абдулазиз ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Абдулмалик ибн Хаттоб ибн Убайдуллоҳ ибн Абу Бакр ал-Басрий Рамлада учрашганда ҳадис айтди, – деди. У: Менга Рошид Абу Муҳаммад Шаҳр ибн Ҳавшабдан у Умму Дардо (р.а.)дан у эса Абу Дардо (р.а.)дан ҳадис айтди, – деди. Абу Дардо (р.а.) айтдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) менга тўққизта нарсани васият қилдилар (буюрдилар): “Аллоҳга ширк келтирма, гарчи майда-майда қилиб ташлансанг ҳам ёки ўтда ёндирилсанг ҳам, фарз намозни қасддан тарк қилма, кимки уни қасддан тарк қилса, унда (Аллоҳнинг) зиммаси қолмайди[2]. Асло хамр (ароқ) ичма, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир. Ота-онангга итоат қил, агар улар дунёдан чиқиб кетмоқлигинга буюрсалар ҳам, улар учун (итоат қилган ҳолда) чиқ! Ишбоши (бошлиқ)лар билан мансаб талашма, гарчан шу мансабга сен ҳақли эканинга ишончинг комил бўлса ҳам. Жанг майдонидан (душман билан тўқнашганда) қочмагин, агар ҳалок бўлсанг ҳам ва ёнингдаги шерикларинг қочса ҳам! Касб қилиб топганингдан аҳлинга нафақа қил! Асоинг (калтагинг)ни аҳлинга кўтарма! Уларни Аллоҳ азза ва жалла (қаҳри-ғазабига дучор бўлишлари)дан қўрқит”.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Абу Дардо – Абу Дардо Уяйма ал-Хазражий, ҳижрий 2 йилда Ислом динини қабул қилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан кўп ҳадис тинглаган, ҳадис ва фиқҳ илмини пухта эгаллаган саҳобалардан бири. Ҳижрий 32 йил Шомда вафот этган.

Абу Дардо (р.а.) айтдилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) менга тўққизта нарсани васият қилдилар (буюрдилар):

Аллоҳга ширк келтирма,”

 Ибодатда Аллоҳ таолога бошқани шерик қилиш, махлуқотлардан бирига илоҳлик хусусияти ва сифатини бериш, масалан тумор, бут-санамларга сиғиниш, мутлақ олганда Аллоҳ таолодан бошқасига сиғиниш ширк амали ҳисобланади. Шунингдек, фолбин ва мунажжимларга, турли ирим-сиримларга ишониш ҳам ширк амалларидандир.

гарчи майда-майда қилиб ташлансанг ҳам ёки ўтда ёндирилсанг ҳам, фарз намозни қасддан тарк қилма, кимки уни қасддан тарк қилса, унда (Аллоҳнинг) зиммаси қолмайди[3].

Ҳар бир халқда бўлганидек, арабларда ҳам баъзи ўринларда сўзда муболаға қилиш одати мавжуд. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу сўзлари билан номознинг нақадар муҳимлигини англатиб, умматни номозга жуда қаттиқ эътибор беришга чорладилар.  Зеро, бошқа ҳадисларда келтирилганидек, имон жаннатнинг калити бўлса, номоз ўша калитнинг тишларидир. Тишсиз калит ҳеч нарсага ярамаганидек, номозсиз имон ўз соҳибини жаннатга киритолмайди.

 Асло хамр (ароқ) ичма, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг уч жойида, Бақара 219, Моида 90, 91 оятларда маст қилувчи ичимлик – хамрни истеъмол қилишдан қайтариб, уни ҳаром қилган. Нимаики инсон ва жамият ҳамда унинг келажаги учун зарарли бўлса, ўша нарса Ислом динида албатта ҳаром қилинган. Ана шундай, зарари улкан бўлган нарсалардан бири хамр – маст қилувчи нарсаларни истеъмолидир. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз айтганларидек хоҳ шахс, хоҳ  оила, хоҳ жамият миқёсида бўлсин ароқ барча ёмонликларнинг калити эканлиги ҳаётда ўз исботини топиб турибди.

Ота-онангга итоат қил, агар улар дунёдан чиқиб кетмоқлигинга буюрсалар ҳам, улар учун (итоат қилган ҳолда) чиқ!

Бу ўринда ҳам жаноб Расули акрам саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Дардо р.а.га қилган насиҳатлари давомида дунёдан воз кечиш эвазига бўлса ҳам, жон фидо қилиш лозим бўлиб қолса ҳам  ота-она итоатида мудом бўлгин, дедилар. Сарвари коинотнинг бундай демоқлигининг сабаби, шариати Исломда ёлғиз Аллоҳ таолога имон келтириб унга ибодат қилишдан кейинги энг савоби улуғ ибодат – ота-онага итоат, уларнинг розилигини олиш учун интилиб яшаш ҳисобланади.

Ишбоши (бошлиқ)лар билан мансаб талашма, гарчан шу мансабга сен ҳақли эканинга ишончинг комил бўлса ҳам.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қатъий қилиб аҳли мўминга “Аллоҳ таолога ва мана бу Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган раҳбарларга итоат қилинглар” деб буюради. Раҳбарга итоатсизлик қилиб, ўзини мансабга ҳақли билиб у билан мансаб талашиш айни фитналарнинг бошидир. Чунки, бунинг ортидан бирор кичик бир оила ёки корхона, ёки улкан бир давлат миқёсида олиб қаралганда ҳам унинг аъзолари учун парокандалик келади. Тинч ҳаёт тартиби издан чиқади. Ҳозирги кунда ҳар биримиз турли хил шиорлар остидаги бу каби фитналар мисолини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Жанг майдонидан (душман билан тўқнашганда) қочмагин, агар ҳалок бўлсанг ҳам ва ёнингдаги шерикларинг қочса ҳам!

Боболаримиз Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир сўзларини қалбларига жо қилиб ҳаётларига татбиқ этганлар. Жумладан,  Ватанга садоқат ҳамда унинг ҳимояси энг муқаддас бурч ҳисобланган. Она Ватан ҳимояси ҳар замон ва ҳар маконда муқаддас ва шарафли вазифа бўлиб келган. Тарихдан бунга мисоллар жуда кўп: Самарқанд халқининг мўғуллардан ҳимояланиши, мўғулларга қарши оқ кафанли жангчилар уруши, Урганч қалъасининг ҳимоясида бир қўлда тасбеҳ, бир қўлида қилич тутган шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари: “Ватан деб, унинг ҳимояси йўлида шаҳид бўлмоқ, шаҳодат жомини нўш айламоқ – Худо васлига ноил бўлмоқдур,” – деб, Она Ватан ҳимоясида душманлар билан мардонавор жанг қилиб, шаҳид бўлишлари каби ибр қанча мисолларни келтиришимиз мумкин.

Касб қилиб топганингдан аҳлинга нафақа қил!

Аввало мусулмон киши ўзига ва оиласига зарур бўладиган нафақасини таъминлаш учун маълум бир касбни эгаллаши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз бошқа бир ҳадисларида “Ал-Косибу ҳабибуллоҳ – Ҳунармандлар Аллоҳ таолонинг яқин дўстларидир,” деб марҳамат қиладилар. Иккинчидан, ризқни ҳалолдан топмоғи даркор. Ислом дини оила нафақасини ҳам ибодат даражасига кўтарди. Мусулмон киши бу амални қилиш баробарида чексиз савобларга эга бўлади. Аллоҳ таоло Бақара, Нисо, Талоқ сураларида оилавий муносабатлар ҳамда оила нафақаси ҳақида алоҳида ҳукмларни келтирган.

Асоинг (калтагинг)ни аҳлинга кўтарма! Уларни Аллоҳ азза ва жалла (қаҳри-ғазабига дучор бўлишлари)дан қўрқит”.

Қуръони карим ва ҳадисларда айтилишича, эркак киши оила бошлиғи сифатида оиланинг нафақат моддий томони, балки унинг маънавий муҳити учун ҳам жавобгардир. Эркак киши ўз оиласида маънавий баркамоллик муҳитини ўрнатиш учун жазолаш йўли билан бўлса ҳам ҳаракат қилиб, аҳли-оиласига одоб-ахлоқ ўргатиши шарт. У бу борада аввало мулойимлик йўлини тутиши, насиҳат қилиши, насиҳатни қабул қилмасалар, уларни ўзингдан четлат ва шунда ҳам бўлмаса, уриш билан уларни қўрқитиши, таҳдид қилиши мумкин бўлади. Аммо, ҳаргиз зулм йўлини танламаслиги лозим.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ибодатларга бепарво бўлмаслик.
  2. Маст қилувчи ичимликларни зарарлари бисёр эканлиги.
  3. Ота-она сўзлари фарзанд учун қонун эканлиги.
  4. Ота-онани ранжитиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш ва уларнинг сўзлари ҳамда васиятларига амал қилиш.
  5. Бошлиқ, раҳбарга итоатда бўлиш ҳамда киши бу амали билан ҳам савобга ноил бўлиши.
  6. Жамиятда фитнага сабабчи бўлиб қолмасликка интилиш.
  7. Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги.
  8. Оиланинг таъминоти эркакнинг зиммасидаги фарзлардан бири эканлиги.

Оила тарбиясининг масъулияти ҳам эркакнинг зиммасида эканлиги.

Н.Қобилов
Ҳадисшунослик шўъбаси илмий ходими
[1] Имом Бухорий. “Ал-адаб ал-муфрад”. 9-боб, 18-ҳадис.
[2] Аллоҳ таолонинг зиммаси қолмаслиги уни ўз паноҳида сақламаслигига ишора.
[3] Аллоҳ таолонинг зиммаси қолмаслиги уни ўз паноҳида сақламаслигига ишора.

Check Also

БАРАКА КАТТАЛАРИМИЗ БИЛАН БИРГАДИР

(Бир ҳадис шарҳи) Эзгуликка иштиёқманд бўлиш ва саъй-ҳаракат қилиш яхши хислатлардан ҳисобланади. Хайру баракага эришиш …