Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қўлёзмалар тадқиқи соҳасига оид халқаро семинар бошланди

Қўлёзмалар тадқиқи соҳасига оид халқаро семинар бошланди

Бугун, 29 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида семинар-тренинг иш бошлади.

Унда Франциядаги “College de Frаnсе” доктори Мария Эфтимию, Франция Миллий илмий-тадқиқотлар маркази профессори Френсис Ричард,  Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари, маҳаллий олимлар, тадқиқотчилар, реставраторлар  иштирок этди.  

Тадбир очилишида Марказ директори иштирокчиларни қутлаб, ушбу семинар қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ қилиш соҳасидаги мутахассислар билим ва кўникмаларини бир қадар оширишга имконият яратиши ҳамда ўзаро тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Дастлабки куннинг асосий қисмида мавзу юзасидан профессор Френсис Ричард ҳамда доктор Мария Эфтимию маъруза қилди.  Унда олимлар Ўрта Осиёда ўзига хос қўлёзма анъанаси вужудга келган даврдан литография ва босмахона каби технологиялар кириб келган пайтгача бўлган муддатда яратилган манбалар коллекциялари, улардаги қўлёзма нусхаларнинг сақланишини,  қўлёзма қоғозларнинг турлари, фойдаланилган сиёҳ ва ранглар, саҳифалаш тартиби ва безаклари хусусида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, қўлёзмаларда ишлатилган калит сўзлар, варақ белгилари, муқова ва колофонларига ҳам алоҳида тўхталди.

Куннинг иккинчи ярмида соҳанинг маҳаллий мутахассислари ўз шахсий иш тажрибаси ва фаолият олиб бораётган илмий муассасалар ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Таъкидлаш керакки, хорижлик тадқиқотчилар қўлёзмалар билан ишлаш ва уларни археологик предмет сифатида тадқиқ этувчи кодикология соҳасида етарли илмий салоҳиятга эга. Улар олиб бораётган изланишларда эътибор қаратиш лозим бўлган ва ўрганишга арзийдиган жиҳатлар мамлакатимизда мазкур йўналишдаги фаолиятни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Семинар эртага ўз ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ: ҲУҚУҚ ВА ИМКОНИЯТЛАР

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили …